Давоми
Мен энди ҳеч кимга хотин эмасдим,
маъшуқа ҳам эмасдим ҳеч кимга,
муаллима ҳам эмасдим.
Фақат бир гўдакнинг онаси эдим.
Ҳаёт мени букиб, синдириб, мажақлади
ва аямасдан отди кар она ва
пияниста ўғилнинг
арзонгаров ижара уйига.
Каталакдай икки хона.
Бирида кампир ва
қизилбурун қилтириқ ўғли яшар.
Иккинчисида ўғилчам ва мен.
Ҳар куни янграйди бир хил куй:
Қадаҳ сўзлари.
Шишалар жаранги.
Қизилбурун қилтириқ ўғилнинг
бежо нигоҳлари.
Винонинг, тузламанинг,
чиқарилган елнинг бадбўйи.
Сўкиш сўзларнинг бадбўйи.
Синаётган идишлар жаранги.
Хуррак…
Йиқилмаслик учун
майда одамларга қоқилиб,
заминга чирмашаман маҳкамроқ.
Қиш эди ўшанда ҳам.
Қуёш бахилроқ эди доимгидан кўра.
Тонг оқариб улгурмаган эди.
Туни бўйи ухламаган эдим.
Қўшни талабанинг рефератини ёзиб чиққандим.
Шу йўл билан боламни боқардим
сўнгги пайтларда.
Рефератлар, иншолар ёзардим,
конспект дафтарларни тўлдирардим.
Ёзувимни тугатиб, дераза ойнасига боқдим.
Дераза ортида ишга шошаётир одамлар.
Дераза ойнасидан ожиз боқар менга
устихонга ёпишган эт.
Бармоқларим билан силайман уни:
“Наҳот сенсан шу?!
Ниманг қолди?
Чиройингми, ғурурингми, виждонингми?
Нилуфаргул ҳидини ҳидлаб,
ширасини сўриб,
завқидан маст бўлиб,
учиб кетишни унутиб қўйган,
нилуфарнинг юмилган гуляпроғи орасида
ширасига ғарқ бўлиб ўлган боларига ўхшаб
ўлдингми?
Ниманг қолди, ахир,
илма-тешик ҳаётингдан бўлак?”
Биллур гулдон каби синиб ётардим,
парчаланиб, ҳаёт пойида.
Шубҳаланар ҳатто бири-биридан
ҳар парчам, ҳар синиғим.
Билмасдим, қайларда сочилиб ётар
ичимдаги муаттар гулим,
ичимдаги муаттар дилим?!
Дераза ойнасидан боқаман.
Нозима ўтиб борар машинасида
икки боласи билан.
Институтга ишга ўтганмиш.
Кафедра мудираси эмиш.
Юрар эди ўқиш пайтлари
итнинг кейинги оёғи бўлиб.
Қизлар бўлар эди ёдлаб айтиб бергувчи.
Битта вергулию нуқтасини ҳам қолдирмай
ёдлар эди дарсларни.
Мустақил фикрли бир сўз ҳам қўшмай ёдлар эди.
Ҳатто шулар қаторида ҳам эмасди Нозима.
Югуриб юргувчи эди баҳосини ололмай.
Патак қизнинг бахтини берар, дегичлар
рост айтар экан.
Қайнотаси декан эмиш ишлаётган институтида.
Дераза ортида ишга шошаётир одамлар.
Дераза ойнасидан ожиз боқар менга
устихонга ёпишган эт.
“Қаеринг кам улардан?
Ёки ниманг ортиқ?
Улар сендан ақллироқми?
Ё айёрроқми?
Виждонсизроқми ё?
Ҳаққим йўқ, деган эдинг болаларни алдашга.
Дарс беришдан бош тортган эдинг.
Алдагандан баттарроқ иш қилмаяпсанми энди?
Каллангнинг қувватини,
билимингни сотишдан бўлак
иш топмадингку, барибир.
Қай йўл билан сотаяпсан энди?
Қай йўл билан душманлик қилаяпсан болаларга?”
Қўлимдаги қоғозларни йиртиб ташламоқчи бўламан.
Қорним оч эди менинг.
Фариштадай ухлар эди ўғилчам.
Уйғонса, нон сўрашини билардим.
Йиртолмайман.
Дераза ойнасига боқаман яна.
Дераза ортида оталарининг қўлидан тутиб,
боғчага шошар эди болалар.
Қорни тўйиб нонушта қилган,
усти боши янги, оёқ кийими бут.
Дераза ойнасидан ожиз боқарди менга
устихонга ёпишган эт.
“Ўғлимнинг қаери кам улардан?
Қалбим билан уйғун яшайман, дегандинг.
Қалб қолдими сенда?
Ғурур қолдими?
Нима қолди?!
Нима?!”
Мушт туширмоқчи бўламан аксимга.
Туширолмайман.
Синган ойнанинг ҳаққини тўлашга пулим йўқ.
Дераза ортида ўқишга шошаётир талабалар.
Рефератни чиқариб бериш керак.
Пул олиш керак.
Нон келтириш керак.
Фариштадай ухлар ҳамон ўғилчам.
Ташқарига отланаман.
Чиқаётиб хавотир ила бўйлаб қўяман нариги хонага:
қотиб ётишибди.
Нон олаётиб,
юрагим ҳаприқар бирдан.
Қайтаётиб, юрагим қўймайди мени ўз ҳолимга.
Негадир ҳеч қачон етмайдигандай
шошилиб югураман манзилга.
Тескари оқаётганга ўхшар
оёқларим остида ер.
Боламнинг чинқириғи эшитилар
хонадан.
Ваҳимали чинқириқ!
Ўзимдан олдин етиб келган юрагимнинг орқасидан
отлиқиб кираман.
Кираману, кўраман қизилбуруннинг
тиззасига довур туширилган иштонини…
Қутуриб кетар юрагимда мудраб ётган шерларим.
Кўпириб кетар қоним.
Аёвсиз ғажийман қизилбурунни
дераза рахида турган пичоқ ила.
Бир эмас, икки эмас,
ўттиз марта ғажийман биратўла…
Қўрқувдан дир-дир титрар болажоним.
Ҳоли қолмас йиғламоққа ҳам.
Уни қучоқлаб, бошини силамоқчи бўламан,
кўраманки,
қўлларим қон!
Манглайимга боқаман: мен — қотил!
Нималар қилиб қўйдим?
Нималар қилиб қўйдим мен?!
“Ахир болам учун қилдим, —
овутмоқчи бўламан ўзимни. —
Боласининг хўрланганини кўрган
ҳар қандайин она миниши мумкин
бундай ғазаб отига”.
Лек ғазаб отининг ўзимиди у?
Фақат боласига меҳри учун
курашимиди онанинг?
Унда нега
аввалроқ курашмадим бу меҳр учун?
Нега отасиз қолдирдим боламни?
Нега ҳимоясиз қолдирдим?!
Хасталанган руҳнинг
исёни эмасмиди у қисматга қарши?
Ўз қўллари билан яратган
қисматга қарши исёни!
Тилларини чиқариб масхара қилаётган
оналик виждонимга,
муаллимлик виждонимга,
аёллик виждонимга қарши исёни!
Оналик меҳримга хиёнат қилган
муҳаббатга қарши исёни!
Кулиб пичоқ санчган ишончга
қарши исёни!
Ва ниҳоят,
номусларни топтовчи
одамсифат ҳайвонларга қарши исёни!
Мени суд қилдилар қотиллигим учун.
Йигирма йил умр сўрадилар.
Олдилар ўн йилини,
ўн йилини қайтариб бердилар ўзимга.
Аёллигим учун,
пушаймоним учун,
яхшилигим, тартибим, меҳнаткашлигим учун.
Афв этдилар менинг қотиллигимни.
Билмасдилар,
олдинроқ содир этган жиноятим учун
Яратганнинг жазоси эканин
бу савдолар.
Билмайдилар,
афв этилмаяжак бу жиноятлар менинг ичимда
умрбод,
умрдан сўнг ҳам…
VII
Ташқарида шамол супураётир
тақдир бўлакларини…
Вақт томар чак-чак.
Ўн йилки бўйсунмай соатга
тўхтаб турган қайсар вақт томар.
Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг
қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи
ва ёки… ярадан томган қон каби.
Соат милларига боқаман:
06:00
Икки соат қолди, тугайди бари,
ёки бошланар.
Ишқилиб, тугайди нимадир эски,
бошланар янги.
Қиров қўнган кишки дарахтдай
жунжикиб ўтирар Шарифа дўхтир.
Кўзлари юмуқ,
ўйчанлигин ошириб кўрсатар
оппоқ, тўзғин сочлари.
Неларни ўйлар?
Болаларидан кўнгли тинч унинг.
Чоли ҳам қаровсиз эмас,
эътиборсиз ҳам эмас унга.
Ишини ўйлар, эҳтимол.
Осмон қора ридосин ечса,
олам оқарса,
маҳбуслик либосини ечар Шарифа дўхтир ҳам.
Кияди оқ-оппоқ дўхтирлик либосин.
Ва кураша бошлар оғишмай
курсисини қайтиб олмак йўлида.
Бўлим бошлиғи.
Ўттиз йиллик тажрибага эга жарроҳ.
Қушнинг қанотидай енгил қўллари.
Унутиб қўймаган бўлса бас учишни
бу қўллар,
бериб қўймаяжак
Обидбойдай майда одамларга
йирик вазифани!
Унинг ўзи айтган буни менга.
Китоб ўқиётиб айтган.
“Худо хоҳласа,
бу ердан эсон-омон чиқиб олсам”,
деб бошлаган эди гапини.
Ажабланиб қараган эдим унга.
“Неча ёшга кирдингиз, опа?” — деб сўрагандим.
Сезган эди Шарифа дўхтир
қай томон бурилганин хаёл оқими.
Бир нозик сезгирлик ила сезганди шаъмани.
Бир буюк дод ила,
алам ила сезганди.
Яширар олтмишни қоралаган ёшини.
“Ўлгунимча курашаман!” — дер қатъият ила.
Лабларининг икки чети осилиб қолар,
оғирлик қилар алам.
Ҳар нарсани билар бу зийрак дўхтир,
кечиримни билмас фақат.
Кечирмади бир хотинни
тароғини ўғирлагани учун.
Бошқасини
эгнига лой сачратгани учун кечирмади.
Сўкингани учун кечирмади яна бирини.
Бироқ мадад берар ҳар бирига
тоби қочган паллада.
Хастага айланган ҳар кас қошида
табибга айланиб қолар у.
Унутиб турар адоватини —
Эслашда давом этар яна
хастасини тузатиб олгач.
Давом этаверар сўзлашмасликда.
Дўхтир бўлиб фақат ишлаган эмас,
дўхтир бўлиб яшар у.
Келиб қолган бу ерларга ҳам
дўхтирлиги ила.
Мандат куни экан ўшанда.
Хушхабарлар сийлаган кун экан
Шарифа дўхтирни.
Кичик ўғли ўқишга кирибди —
дўхтирликка!
Қизи яна невара ҳадя қилибди —
ўғил!
Уйга меҳмон чақириб қўйган,
шошаётган экан Шарифа дўхтир.
Олиб келишибди бир хаста қизни.
Ёшгина,
лек қартайиб борар лаҳза сайин.
Чиройликкина,
хунуклашиб борар оғриқ зўридан.
Ризқи бутунгина,
емас, қусар, ризқи яримлаб борар.
Ичак тутилиши.
Шундай ёзилган йўлланмада.
Ўзи ўтказмаги керак операцияни.
Меҳмонлар қочмас…
Оққуш каби оппоқ,
оққуш каби енгил,
оққуш каби учмакка шай экан қиз.
Ташна экан ҳаётга унинг кўзлари.
Ташна бўлиб қолар наркоз таъсирида юмилгунича.
Кесарлар —
бир хайрли мақсад ила
қизил қонига бўярлар оққушни.
Хавфли ўсма!
Ошқозон деворининг орқа тарафида
бир қарич без.
Тошдай қаттиқ, тошдай бераҳм.
Униб чиқаётган ниҳол илдизин қисиб,
қуритиб қовжиратар тошдай
қисиб олган томирларни…
Хаста қиз ўрнига қўйиб кўрар ўзини
Шарифа дўхтир.
Оғриқдан буришиб кетар юзи.
Чидаб бўлмас қадар кучли оғриқдан!
Чидаб бўлмас қадар беҳузурликдан!
Ёши эндигини йигирма бешда.
Қизи Адолат тенги.
Болалари бордир.
Бор экан алпқомат, ғамхўр эри,
мушфиқ онаси, захматкаш отаси.
Шарифа дўхтирнинг
қушдай енгил қўлларига боғланган уларнинг
бор умидлари.
Қушнинг оёғига боғланган ипдай.
Қанотини чаққонроқ қоқса,
унинг ила бирга баландлар умид.
Нима қилсин Шарифа дўхтир?
Бу дардни қўришга қанотлари ожиз!
Нима қилсин Шарифа дўхтир?
Қанотсиз ҳам дард қўригувчи Худой эмас у, ахир!
Нима қилсин?
Тўхтатсинми операцияни?
Тўхтатса… икки ё уч кун…
тугайди бари.
Мислсиз азоблар ила тугайди.
Бу азобда яшаган ҳар лаҳза умри
ўлдиргай яқинларин бисёр умрини.
Бу азобда яшаган ҳар лаҳза умри
ўлдиргай ўзининг
ўтган бир умрлик фароғатини.
Давом эттирса-чи?
Бу таваккал иш
ўлдирмаги мумкин Шарифа дўхтирнинг умрини!
Катта артерияни ўраб олган ахир
лаънати бераҳм без!
Қўли титраб кетса нима бўлади?
Нима бўлар томирга тегиб кетса?
Кесиб, шифо улашиб юрган одам
кетмасми “кесилиб” шифосиз ерга?
Бир парча хат ҳам ёздириб олмабди яқинларидан.
“Тўхтатамизми, Шарифа Алиевна?”
Сув бўлиб кетар Шарифа дўхтирнинг
шапка остидаги
оқармаган сочлари.
Сув бўлиб кетар диққатга айланган вужуди.
Ахир, ёши эндигина йигирма бешда.
Қизи Адолат тенги.
Унинг ўрнида Адолат бўлса нетарди?
Чўкаётган одам хасга ёпишган каби
давом эттирмасми операцияни?
Рози бўлмасми икки-уч кунлик даҳшатли азобни
икки-уч ойга тақсимлаб, оз-оздан чекишига?
Дийдорга-ку тўйиб бўлмас.
Видо айтишга улгурар икки-уч ойда.
Тавба-тазарруга, рози-ризоликка улгурар.
Ўлим ҳақидаги даҳшатли
тасаввурга кўникмакка улгурар.
Улгурар хотиржамроқ оёқ узатишга…
Операцияни давом эттирар Шарифа дўхтир.
Тегиб кетар катта артерияга!..
Қизилбурун кирар тушимга.
Қулфлаб қўяман тушларимнинг эшикларини.
Тушлар дарчасини синдириб,
кириб келар ўз қонига беланган кўйи.
Ожизман уни тушларимдан ҳайдаб чиқаргали.
Ҳаётдан ҳайдаб чиқарган эсам-да.
Юрак ёргим келар бировга.
Шарифа дўхтирни яқин оламан
бир қадар.
Одам ўлдирмак ила боғлиқлик.
Китоб ўқимак ила боғлиқлик.
Бир куни сўрайман:
“Безовта қилмасми тушларингизни
ўшал қиз?”
“Йўқ! — кескин бош силкир
Шарифа дўхтир. — Безовта қилмакка ҳаққи йўқ!
Уни ўлдирмадим, халос этдим азобдан!”
Сергак тортаман.
Хаёлимга келган ўй суғуриб отар
юрагимдан алланечук оғирликни.
Ҳар кеч уйга қайтиб,
вужудимни нигоҳлар оғирлигидан
халос этгали,
ечиб қўйган каби ҳамма кўрган қиёфамни.
Ё кўксимни сиқиб ташлаган
симли кўкракқопни ечиб отгандай,
суғуриб отаман юрагимдан
алланечук бир оғирликни:
“Ахир мен ҳам халос этган эдим-ку!
Халос этдим-ку ўғлимни!
Халос этдим-ку жамиятни бир бало-қазодан!”
Халос этаман тушларимни ҳам
ўз қонига бўялган Қизилбуруннинг
таҳдидларидан.
Ўзгача тушлардан нажот истайман,
Ўзгача тушлардан излайман паноҳ.
Юракка отилар тушда гулсўзлар:
“Сизни яхши кўраман, ая!
Мен сизни жудаям соғиниб кетдим!”
Чекинаман бир қадам ортга:
“Болам, келма бунга!
Яқин келма, ўзингни қутқар!
Мендан қутқар ўзингни, болам!”
Фақат нафрат эмас, фақат қаҳрмас,
гар нолойиқ бўлсанг севилишга сен,
ё нолойиқдайин ҳис этиб турсанг,
меҳр ҳам эзғилаб, азоблаб,
юрагингни бурдалар экан.
Оёқости қилиб ўлдирар экан!
VIII
Ташқарида шамол супураётир
тақдир бўлакларини…
Вақт томар чак-чак.
Ўн йилки бўйсунмай соатга
тўхтаб турган қайсар вақт томар.
Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг
Қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи
ва ёки… ярадан томган қон каби.
Соат милларига боқаман:
07:00.
Бир соат қолди, тугайди бари,
ёки бошланар.
Елкалаб ўтдимку оғир ўн йилни,
Борган сари оғир сўнгги лаҳзалар.
Борган сари оғир сўнгги лаҳзалар,
ва лекин… ва яна барибир мени
боғлаб тургандайин бунда нимадир.
Нимадир?
Мен кун санаб ҳар оқшом
тош ила белгилар чизган деворнинг
тункўрпасин кўтараётир тонг.
Ўн йил белларимни оғритиб
ғичирлаган букри каравотнинг ҳам.
Борган сари аниқроқ бўй кўрсатаётир
ўн йил менинг юзимга ёпилиб,
ҳоли қолиш ва йиғлаш учун
жой ҳозирлаб берган
эски рўмолимнинг гуллари.
Тонг кўтараётир атай қилгандай
ҳамхоналарнинг чеҳрасидан ҳам тунни.
Тобора ёрқинроқ кўринаётир
маҳбусликнинг ғамгин илк куни
ёввойи нигоҳлар, аламзада қаҳқаҳалар,
қарғишу ёввойи қарашлар ила
дардимга дард қўшиб, топтаб, таҳқирлаб,
сўнг дўстлашиб, дардимни олган,
кўникиб қолганим
ҳамхоналарнинг қадрдон чеҳраси…
Бор-йўғи, бир соат!
Бетон деворлару темир панжара
орасида бўғилаёзган
диққинафас, касалванд шаҳар
ўз самовий кучин кўз-кўз қилар ва
намойиш этади эшик ортида
бутун қудратини тўсатдан.
Ахир нима уни бу қадар
ҳуснга тўлдирар, кулдирар?
Ғамгин кўзларини бунчалар
жозибадор чақнатар нима?
Туссиз юзларига қон югуртар ким?
Ким шавқ берар латиф ёноғига?
Бу ҳаётбахш товуш қайдан келар?
Ширин энтикиш-ла хаёллар ичра
тўйиб боқарканман шаҳарга,
сезаманки,
кўрганим ЭРКнинг чеҳраси,
тинглаганим кулгиси унинг,
туйганим нафаси, озод нафаси!
Югуриб чиқади таниш бинолар,
самимий кўз қисар деразалари.
Нақ таъзим қилгудай меҳрли нигоҳлар,
очилгандай диллар дарвозалари…
Каламуш кемирар бир нималарни,
ўн йилки ҳаловатимни кемириб
кун кўрган каламуш.
Сесканаман бунга энди келгандай.
Кўзларимни юмиб очаман.
Чиқиб кетаяпман қоронғуликдан,
йиғиштириб қора хотираларни,
лек сезиб турибман
машъум туш,
ўн йиллик машъум туш
ва, ҳатто,
ундан мерос дилда нохушлик
қандайдир…
қандайдир қадрдон!
Ўз тананг қадрдон бўлгани каби
чандиғию, доғлари ила.
На қувонч, на дийдор, на озод нафас
тўзғита олмас
ушбу нохушликни тутундай,
тўзғита олмас ҳеч нима.
Ўшал қуюн ичра айланаман мен,
ҳамон айланаман ул қуюн ичра —
мана, мана, ҳозир турару бўрон,
менга тегиб ўтар қудратли қанот,
мен яна ўшандай бевош, беўлчов,
пароканда хаёллар ичра
чарх ураман, чарх ураман,
чарх ураман беаёв!
Умри битаётган бир кимса
Бошини кундага қўйган дам
“Мен сени умрбод севаман!” дея
ичган каби қасам,
омонатдай келаётган озод нафас,
менинг одамлигим омонат гўё,
маҳбусман, маҳбусман, умрбод маҳбус —
қамалиб қолганман ўз хотирамга!
Озод одам ясагим келар
ўзимдан.
Кўзларимни юмиб, қучоқ очаман,
бағримга отилар мендан йироқда
бўйлари чўзилган болам.
Тўйиб-тўйиб ҳидлайман ифорларини.
Мабодо дунёнинг эгаси бўлиш
манглайимга битилганда ҳам
ҳис эта олмасдим бундайин бахтни!
“Мўйлаблари сабза уриб қолгандир?
Кўнгил қўйгани бормикан?
Қотил онасидан ор қилмасмикан?
Борсам, кўрсатармикан уни отаси?
“Она” дедимикан бошқани?
Дегандир?!..
Йўқса, хабар олмасмиди ўн йилда бир?”
Кўзларимни очиб, юмаман қайта:
Бағрини очади мендан йироқда
ҳаёти эскирган Онам.
Ёнарқуртдай липиллар умид,
сўнг айланар ҳақиқий чўғга.
Ички ишонч билан ўйлайман:
“Онам соғинган.
Қишлоққа кетаман.
Қисматим синиғи кесиб, тилкалаб,
чандиқ босиб кетган табассумила
куч топа олади у мени
жилмайиб кутиб олишга”.
Тўкилиб кетади нохуш ўйларим.
Моҳир мусаввирдай чизаман ўрнига
нақшинкор хуш хаёлларни:
Биргина шамс ила оламни
қиздиради кун,
Биргина ой ила оламни
ёритар осмон,
Ҳамиша бор бахтли яшашга имкон!
Пайпаслаб, ёстиғим остидан
топаман титилиб кетган мактубни.
Ўқийман такрор:
“Устоз, Сизни узоқ изладим.
Қишлоққа ҳам бордим,
шаҳар ҳам кездим.
Охир топдим, юрган эмишсиз
қаро тун бағрида
оппоқ доғ каби.
Мен ўша Иброҳимман –
гўдакларнинг энг фақири, сиқилгани.
Бевақт жудо бўлиб ота-онадан,
суянмакка бир хас тополмай,
туртингани, йиқилгани.
Мен ўша Иброҳимман –
дўстлар ила музей айланмаккада
оёқлари етмаган,
оёғидан чалган калта қўли.
Жавоб топиб энг осон саволингизга,
чипта ютиб олган,
музей томон тушган ҳаяжонли йўли.
Мен ўша Иброҳимман –
эндиликда баландда жойим,
мен – шаҳарнинг обрўли бойи!
Қайтармак истадим Сизга, устоз,
музей чиптасининг пулини.
Кайтармак истадим ўшал қувончни!
Фақир дилга улашилган бой қувончни
қайтармак истадим!
Сиз сиқилманг, устоз,
мен курашаман!
Курашаман эрк ҳадя этмакка сизга!
Чиқсангиз, ҳеч недан камингиз бўлмас.”
Алангага дўнар ёнарқурт умид:
Ер остида ётган уруғни
кўрмайдилар, қизиқмайдилар.
Парвариш қиларлар
униб чиқса бир куни.
Униб чиқажакман мен ҳам эртан
уруғдай!
Ҳосил беражакман сермаҳсул!
Хотирнинг кўзлари қадалар ортга.
Кўринар
заминни кўтариб учмакка шайдек
тупроққа беланиб қанотин қоққан
ерпарчин полапон.
Акам ясаган қафас,
онам тутган нон ушоғи-ла
унга берганим меҳр,
Устозимдан тинглаган назм ила
бахш этганим озодлик.
Баланд-баланд парвоз этар қуш,
чир айланиб рақсга тушар.
Айлана-айлана баногоҳ
пастга шўнғий бошлар,
давом эттиргудай хайр-хўшини.
Бир муддат ҳавода муаллақ турар,
иккиланган каби.
Сўнгра қайтиб кирар қафасга…
Уни яна кафтимга олиб,
такрорлайман:
“Уч, учавер, озодсан, ахир!”
Эндигина очилгандай кўк бағри,
озод-озод ҳаволарни симириб,
эркин-эркин қанот қоқар ул қушча.
Уча туриб баландликда, кенгликда
дунёга қушларча боқар ул қушча.
Қушнинг озодлиги ила севинаман мен…
***
Сочлари жингалак жувон ётар
четдаги каравотда.
Ширин тушни йўқотмакдан қўрққандай
кўз очмай ётар.
Билиб бўлмас унинг
ухлоқми ё уйғоқлигини.
Уни илк бор қандай қилиб
қай аҳволда кўрганим эсимда йўқ.
Илк бор қандай суҳбат қурганимни ҳам
эслай олмайман.
Ўзи у билан суҳбатлашдимми, йўқми,
буниям билмам.
Билганим,
қўзичоқнинг юнгидай жингалак унинг сочлари.
Делфин латта билан артилган каби
тиниқ мовий кўзларида
катта талаб бор.
Яна тўпалон қилар у ҳар лаҳза
ўзининг борлиги ила.
Ўзининг сўзсизлиги ила
шовқин кўтарар.
Қоғозга ҳам туширган экан шовқинларини
шундай сўзлар ила:
“Мен — ёлғиз аёл.
Осмони йўқ ойдай ёлғиз.
Ёлғиз ташмалайман болаларимга емакни.
Деҳқон ерга сепиб баҳорда
униб чиқмагини кутган уруғни-да
ташмалаган чумолидайин
териб юраман ҳар ердан ризқимизни.
Бироқ,
бошқаларни оч қолдирмас менинг тўқлигим.
Айбим —
Яширдим чегарадан сотмак учун
мол олиб ўтаётганимни.
Яширмасам, қўймас эдилар.
Яширмасам, оч қолар эди,
юпун қолар эди болаларим.
Қўлга тушдим
ўн бир миллионлик кийим-кечак билан.
Тўғри, қонун тарошлар эгрини, букрини,
асраб-авайлар тўғрини.
Тўғри, қонун устун ҳар недан.
Фақат инсон ҳаётидан устунмас!
Болаларим ҳаётидан устун эмас у!
Кун ўтар, қонунлар ўзгарар,
Болаларнинг бой берилган умри қайтарми?
Оққа ўнгариларми
етимликда кечган қаро кунлари?
Қалбларида илдиз отган норозилик
келажакда алишарми ўзга уруғга?
Бизга раҳмингиз келсин, юртбошим!
Осмони йўқ ойдай ёлғиз аёл
ва унинг етим болаларига
раҳмингиз келсин!
Афв этинг мени!”
Қирқ беш кун бўлди унинг бунга келганига.
Бу тонг уйига қайтар.
Давлат пул ҳам берар
ҳаётини ўнгламоғи учун.
Мен томон бошини бурар
тонгдан туҳфа бир томчи –
Лола.
“Биласизми нима? – дер у. –
Менга шафқатда ҳам
таҳқир бордай туюлар қандайдир.
Ожиз эканингга ишора бордай.”
“Сен адашдинг, Лола,
бошқачароқ бу шафқат тури.
Юзи қароларнинг юзини ювар,
қалби қароларнинг – қалбини.
Унда инонмоқ бор,
суянмоқ бор.
Инонганга инончли бўлади одам,
Суянганга суягулик қадар ўсар.
Бу шафқатда бордир тарбия.
Ўйлаб кўр,
калтакнинг кучи билан
яхши бўлиб қоларми ёмон бола?
У қўрқиши, таслим бўлиши мумкин
фақат бир муддат.
Сўнг яна кураша бошлайди
ўз ёмонлиги йўлида.
Бироқ унинг бошини силаб,
“Сен ҳаммадан яхшисан!” деб кўр.
Дегинки:
“Яхшилигинг ўзинг билмассан,
адашиб кетарсан ёмонман, дея”.
У интила бошлар шу ондан бошлаб
исботлашга ўз яхшилигин.
Ва, албатта, яхши бўлажак!”
Тонг уйғонмакда.
Бошқачароқ ёришарди аввалги тонглар:
совуқ қорнинг шуъласи янглиғ.
Кўзларини ёрқинроқ очмакда бу тонг.
Демишларки,
кўзларда акс этажак ботин.
Туннинг зулматидан судраб чиқмакда
тонгнинг кўзлари
турли манзаралар ила бирга
шафоатни,
адолатни,
қадрни,
бадрни,
шукрни,
ЭРКни…
Янги йил кирадир беш кундан сўнг.
Янги ҳаёт бошланар бугундан.
Озод одамга дўнажак
2700 маҳбуснинг юраги янглиғ
кулаётир қуёш.
Табассуми ила ўт қўймакда
зимистонга,
қаҳратонга,
ғафлатга,
нафратга…
— “Ҳой, қизлар, туринглар,
тонг уйғонди!
Уйғонди мангу ботмас қуёш!
Омон бўлсин бу қуёшни уйғотган
Инсонларнинг азиз боши.”
— “Омон бўлсин! Омин!”
Ташқарида шамол супураётир
тақдир бўлакларини…
2018 йил, январь