Ойдиннисо: АФВ (Шеърий қисса)

0
384
марта кўрилган.

Назар Эшонқул истеъдодли  шоиранинг ушбу асарини “Шаклан назм, мазмунан наср” дея баҳолайди: Ойдиннисонинг “Афв” достони наср билан назм унсурларини яхлит шакл, яхлит мазмунда акс эттиришни, бу икки жанрнинг бошини қовуштиришни, Ғарб адабиётшунослари таъбири билан айтганда, “наср билан назм ўртасидаги шаклий, жанрий фарқни йўққа чиқаришни” мақсад қилган ва бунинг уддасидан чиқа олган замонавий адабиётимиздаги ўзига хос экспериментлардан биридир.

Айбсиз айбдорларни авф этиш – бу жамиятни,  адолатни кўзгуга солишдай гап. Аммо масаланинг маънавий томони бор. Асар бизнинг олдимизга “Ким афв сўраши керак?! Қисматнинг шу аччиқ йўлагига келиб қолган, пешоналарига маҳкумлик тамғаси босилган аёлларми ёки бегуноҳ аёлга гуноҳ тамғасини осган, айбсиз айбдор қилганларми?!” деган саволни ҳам кўндаланг қўйяпти. Бу саволга адолатли жавоб топиш ҳар бир жамият учун ҳам, ҳар бир замондош учун ҳам муҳимки, асар шунинг учун ҳам “Афв” дея аталаяпти.

Фикримизча, Назар Эшонқул таърифлаганидек,  достон ўзига хос услубда ёзилган. Бошига гирду балолар тушган аёлнинг аччиқ қисматидан ҳикоя қилади. Маҳбус аёлнинг нолаларини, кўнгил кўзини  акс эттиради. Ушбу мавзу ўзбек адабиётида кам ёритилгани билан ҳам эътиборни тортади.

***

Ташқарида шамол супураётир

тақдир бўлакларини…

Вақт томар чак-чак.

Ўн йилки бўйсунмай соатга

тўхтаб турган қайсар вақт томар.

Денгиз сипқормакка шай бир ташнанинг

қақроқ лабларига ҳаётбахш томчи

Ва ёки… ярадан томган қон каби.

Соат милларига боқаман:

00:00

Саккиз соат қолди, тугайди бари

ёки бошланар…

Хотирнинг кўзлари қадалар ортга.

Кўринар

заминни кўтариб учмакка шайдек

тупроққа беланиб қанотин қоққан

ерпарчин полапон.

Акам ясаган қафас,

онам тутган нон ушоғи-ла

унга берганим меҳр,

Устозимдан тинглаган назм ила

бахш этганим озодлик:

“Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикондек ошиён бўлмас эмиш”.[1]

Узоқ ўтирмишдим қафас ёнида

увоқ бериб қушчамга.

Силадим, ўпдим ва

кўзда ёш ила

учирдим илк бор умидимни:

“Хайр, яхши бор!”

Баланд-баланд парвоз этар қуш,

чир айланиб рақсга тушар.

Айлана-айлана баногоҳ

пастга шўнғий бошлар,

давом эттиргудай хайр-хўшини.

Бир муддат ҳавода муаллақ турар,

иккиланган каби.

Сўнгра қайтиб кирар қафасга…

Хотир ичра тирилар энди

бошимга қулаган осмонни судраб,

ерга киргудайин келган илк куним.

Бир ҳадик, хавотир, ёқимсиз ҳислар,

титроқ излар, чорасиз излар…

Ёввойи иштиёқ тўла нигоҳлар.

Осилган қовоқлар.

Бўғиқ ҳаво.

Ташна кўкракларни тўлдирмакка

етмас ҳавонинг нафаси —

бешарм қаҳқаҳа силкитар ҳавони

елпигандай елпуғич.

Эснай-эснай уйғонар шамол,

кериша-кериша ухлаб қолар.

Ҳаво тақчиллиги авж олар баттар.

Ҳаво талаш ҳар турли важ қиёфасида.

Қарғиш-да бир санъат.

Бу санъатнинг нозик сирларин

билгичлигин кўз-кўз этар маҳбусалар:

 “Ҳей, тилингга куйдирги чиқсин!”

“Кўзларингни ўйиб кўзага солай!”

“Қонинг келсин оғзигинангдан!”

“Боланг ўлиб, боламлаб қол, хай!”

Олқишлар!

Тиши ўткир сўзга олқишлар!

Ёзса, қалам қизаргудай

ҳаёсизу бадбўй сўзга олқишлар!

Қизир саҳна, қизарар саҳна.

Тортиб олмак керак

рақиба кўксидан тоза ҳавони…

Кўп ўтмай тугайди томоша.

Кесилмаган ахир

деворларнинг қулоқлари.

Ўриб олинмаган сотқин қамишлар.

Фақат

“Искандарнинг шохи бор”, деган

эскирган куйини унутган улар.

“Хадичанинг тили узун”, дер,

“Соҳибанинг қўли узун”, дер.

“Қани, олдимга туш, йўлинг узун”, дер.

Изолятор.

Бироз қиртишланар тилларнинг,

қўлларнинг ўсиб кетган ерлари.

Рақибаларнинг ўсар диллари.

Тасалли бергим келади

ҳақоратланган ҳаётга.

Одамлардан тўйиб кетаман!

Тўйиб кетаман

Одамсизликдан.

Туш қўмсайман ширин.

Кўзларимга санчилса эди саҳролар,

Кўзларимдан тошса эди дарёлар.

Майли эди,

Охири йўқ саҳроларними,

Соҳили йўқ дарёларними кеза-кеза,

кимсасиз кенгликда

жон берсам.

Эрксизлик эмас, эрк ўлдирса мени!

Бир чексиз эрк ўлдирса!

Асов тўлқин денгиз бағридан юлиб,

қумга улоқтирган балиқ мисоли

каппа-каппа очиб оғзимни

кўникмак истайман янги ҳаётга.

Қўл солиб кўришар кўнглимга.

Ғаввосдай кўнглимнинг тубига чўкиб,

дурини,

сирини,

кирини излаб топмоқчи бўлар.

Отилмоққа шайланар сўзлар,

юракларни тешиб киргиси,

энг нозик томирлар устида

дорбоздай ҳаккалаб юргиси келар.

Баҳонада бўшаб олгилари келар

бечора кўнгилнинг.

Тобора бўшашиб борса-да тилим,

бўшашиб тўлса-да дилим,

қўйиб юбормайман сўзларимни –

қулларимни мен.

Айланиб олмасин дерман ҳожамга…

Яна қўрқаманки,

очилса қалбим,

бостириб кирмасми унга аёзлар!

Жон қайғуси эмас,

юрак қайғуси.

Жон аччиғи эмас,

юрак аччиғи…

Дилимни кемирар ҳар лаҳза

фақат каламушлар ё очлик эмас,

ё ваҳший нигоҳлар қонхўрлигию

юракдош одамга муҳтожлик эмас,

Еб битирар уни аёвсиз

уйғоқ виждон, иймон, фаҳм-фаросат.

Бениҳоя афсус-надомат!

Дўст излаб, ҳаккалаб юрар нигоҳим.

Чўқишади қайси бир нигоҳлар ила,

қайсилари ила силашар.

Хайрихоҳ бор,

дўст топилмас,

юракка яқин сўз топилмас.

Аҳён-аҳён

шафқат ёхуд ижирғанишми

ва ё ожизликка мислсиз нафрат,

ўзин ёдга олиб, яна тонишми,

ё таскин либосли бир ҳасрат

бўй кўрсатар тилларда:

“Эй, эзилавермай бошингни кўтар!

Бу кунларам ўтару кетар!”

Ўтиб кетаётган кунми ё одам?

Кунлар ўтиб, қайси манзилга етар?

Ўтмишга айланар улар бир куни,

бу ўтмишнинг юки умрбод

юракда ўтар.

Ҳомиладан одамга айланар маҳал

нечоғлик чинқирса дунёга чақалоқ,

одамдан маҳбусга айланмагимда

чинқиргандим юрагимга қараб

шу қадар.

Бу жудолик тўла чинқириқ эди.

Нималар бор жудолик ичра?

Фақат ҳаловатим, тинч умрим эмас.

Обрўйим, севгим, ишончим,

қалбимдаги бор эҳтиёжим,

орзу-мақсадларни ва одатларни

янчиб, бўғиб, топтаб, эзғилаб

ва бу ўз зулмимдан умрбод йиғлаб,

кўнмак бахтсизлиги расво муҳитга.

Ўлмак бахтсизлиги тириклай, тикка.

Соқчи милтиғига тушар кўзларим,

юрагим тортар орқага,

товонимга тушиб тортар юрагим:

Отиб қўймасмикан руҳимни қўрқув?

Дунёни қутқармак учун бу руҳдан,

озодларни ундан озод этгали.

Бошимни силарга бир қўл излайман,

тошга айланмасин токи тупроқ тан –

аламлар кўмилган қабр тошига.

Қўлларини узатар китоб.

Кириб борган сари сўзлар ичига,

чиқиб кетаман

мазмундан ташқари.

“Мени тушун!” дейман китобларга,

“Мени кечир!” дейман изиллаб.

Қилинган қилмишлар,

кечирилган кечмишлар,

йиғланмаган кўзёшлар учун

китоблар олдида бераман жавоб.

Чуқурроқ шўнғийман ғамимга.

Бахтсизлигим теран ҳис этган сари,

дарду аламимга бўлгум маҳлиё.

Азобда ҳам бордай бир қадар ҳузур.

Ишқ азоби тушади ёдга.

Ишқ азоби!

О, ишқ азоби!

Юрак айланади фарёдга!

[1] А. Навоий сатри

Давоми бор.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.