Ўтган асрда собиқ совет иттифоқи даврида русча сўзлар шу даражада оғзаки тилимизга сингиб кетган эди-ки, унинг асл ўзбекчаcи эсдан ҳам чиқиб кетганди.
70-80 йилларда Ўзбекистон телевидениясида муҳаррир бўлиб ишлардим. Тошкент вилоятидаги “Дамачи” балиқчилик хўжалигидан ярим соатлик кўрсатув тайёрлаб келишди. Мен унга муҳаррирлик қилдим.
Матнда увулдироқ сўзи бир жойда балиқ тухумлари, яна бир жойда балиқ уруғлари яна бир жойда икра деб ишлатилган эди. Уларни увулдириқ сўзига алмаштириб чиқдим. Бундан касбдошим хафа бўлди. Бош муҳаррир эса уни ёнини олди. «Нега энди хоразмча лаҳча ўзбек адабий тилига кириб келиши керак», дея эътироз билдирди.
– Фикрингиз тўғри. Бу сўз Хоразмда ҳалиям ишлатилади. Бувиларимиз балиқ тозалаётганимизда “балиқни ўтини ёриб юборма, увулдириқи аччиқ бўлиб қолади”, дея ўргатиб турарди. Аслида бу ўзбек тили яъни қадимий туркий сўз, – дея изоҳ бердим.
Ўшанда катта баҳслардан кейин икра сўзи увулдириқ сўзига алмаштирилди.
Ушбу мақолани ёзиш жараёнида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни очиб қарадим. Унга шундай изоҳ берилган экан: “УВУЛДИРИҚ балиқнинг ва бошқа баъзи сувда яшовчи жониворларнинг тухумчалари, уруғи, икра”. Ўзбек тилининг изоҳли луғати (2008 йил).
Қаранг, ўзбекча сўзнинг моҳиятини тушинтириш учун яна русча сўз қўлланиилмоқда. Албатта, бу замонимиз садоси бўлиб, гоҳида ўзимиз ҳам невараларимизга бир сўзни изоҳлаш учун ана шундай тушинтириш берамиз.
Худди шундай русча сўзларни қўллаш ўтган асрда оддий ҳолга айланиб қолганини бадиий таржимачилик мисолида ҳам кўриш мумкин. Олесь Гончарнинг “Ҳаёт навоси” асарида Украина манзаралари, асар қаҳрамонлари образи замон билан уйғунликда меҳр- муҳаббат билан яратилган. Асарнинг ўзбек тилига таржимасида ҳам макон, замон, олам, миллий-маданий қадриятлар гўзал ифодасини топган. Ижодкорлар образларни тўлақонли тасвирлашда жонли нутқ билан бирга драматургияга хос бўлган паралигвистик ҳаракатларни ҳам моҳирона фаоллаштира олгани, айниқса, таҳсинга лойиқ.
Жаҳон адабиётидан ўрин олган украин ижодкорининг ўзбек халқига таништириш йўлидаги таржимонларнинг саъй- ҳаракатлари, халқлар дўстлигига қўшаётган муносиб ҳиссаси эътиборга лойиқ. Бироқ, тил масаласида камчиликлардан ҳоли эмас. Бу даврнинг садоси десак ҳам бўлади.
Олесь Гончарнинг «Тронка» — «Ҳаёт навоси» асарининг таржимони Лола Тожиева рус тилидаги кўпгина сўзларни ўзбек тилига ўгирмай, айнан ишлатган. Улар касбий атама ҳам эмас, байналминал сўз ҳам эмас, балки ўзбек тилида муқобили бўлган оддий сўзлар. Масалан, путёвка – йўлланма; Эйфель башняси – Эйфель минораси; территория – майдон, ҳудуд; виставка –кўргазма; фуфайка – гуппи, пахтали қишқи кийим; этажерка- жавон, токча; цивилизация – тараққиёт, юксалиш; гербицитлар – кимёвий ўғит; коридор – йўлак; ричанг –дастак; ключлар – калитлар; инструкция – йўриқнома; босоножка –аёлларнинг ёзги оёқ кийими, ёзлик оёқ кийим; лабиринт– мураккаб айланма жой; козирёк – бош кийимнинг соябони, шапканинг соябони. Кўриб турибсиз таржимон “Ҳаёт навоси” асарида ишлатган сўзларнинг ўзбек тилида таржимаси мавжуд. Тўғри, ушбу сўзларнинг бари мактабда рус тилини ўқиган барча кишига тушинарли.
Агар таржимонлар ана шу услубдан, усулдан фойдаланаверишса, ўзбек тили ҳам лотин тилидек ўлик тилга айланиш эҳтимоли кучли бўлади.
Ушбу фикрларимни айтишимга сабаб Ўзбекистон телевидениесида сухондонлар, кўрсатув бошловчилари ҳамон русча сўзларни ишлатиб юборишади. Яна инглизча сўз ва ишоралардан ҳам фойдаланишади. Халқимизга маданият-маърифат тарқатаётган кишилар ҳар бир сўз ва жумласига эътиборли бўлиши лозимлигини эслатмоқчимиз.
Айниқса, ёш журналистларнинг иш столида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бўлиши ва уни тез-тез очиб ўқиб туришларини тавсия қилардим. Зеро, халқимиз «Она тилим- жону дилим» иборасини бежиз ишлатмайди. Зеро, ўзбек тили мавжуд экан, миллатимиз мавжуд!
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист