Ўзбекистон буюк алломалар юрти

0
185
марта кўрилган.

“Фақатгина Ўзбекистонни буюк алломалар юрти деб аташади! Боболаримиз бизнинг бошимизни қиёматга қадар баланд кўтариб кетишди”, – деган эди  шарқшунос олим, профессор Убайдулла Уватов(охирати обод бўлсин).

Дарҳақиқат, олим таъкидлаганидек, Ўзбекистонда асрлар мобайнида яратилган, ривожлантирилган ғоят катта илм, мўъжизакор ижодий меҳнат бор. Жаҳон илм дурдонасига беҳисоб ҳисса қўшган буюк ўғлонлари, ўз замонасининг, илм оламининг султонлари яшаб ўтган!

Мустақилликдан кейин Ўзбекистон телевидениесида “Мозийдан ёғдулар” туркум кўрсатувларини тайёрлай бошладик. Ўшанда сценарийларимнинг ўқ илдизлари аллома Алишер Навоийнинг “Мажолис-ул-нафоис” ва Насоимул-муҳаббат” асарлари бўлди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу асарларида аждодларимизнинг таърифу-тавсифлари гўзал ифода этилган 500 дан ортиқ шоиру фузалони эътироф этганлар.

Нажмиддин Кубро, Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Паҳлавон Махмуд ва бошқа алламою саркардалар ҳақида кўрсатув тайёрлаганимда албатта ҳазратнинг китобига қайта-қайта мурожаат қилардим.

Кейинчалик “Соғлом авлод” газетасида бош муҳаррир бўлганимда “Мозийдан ёғдулар” саҳифасини ташкил этдик. Газета саҳифаларида ёритилаётган мақолаларни беришдан олдин ҳазрат Навоийнинг ушбу китобларини варақлаб аллома ҳақидаги фикрлари билан танишардим. Уларни олимлар ёзиб келган мақола билан муқояса қилардим. Ҳазрат Алишер Навоийнинг тарихни чуқур англаган энциклопедик олим бўлганига яна бир карра имон келтирардим.

Аждодларимизнинг хотирасини ёдлашдек улуғвор анъананинг қайта тиклангани мустақиллигимиз шарофаати бўлди. Аллома Беруний, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, ҳазрат Нажмиддин Кубро, Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўзбек алломаю жаҳонгирларининг сиймоси мустақиллик шарофаати билан қайта қаддини кўтарди.

Бугунги кунда жаҳон бўйича ишлатилаётган 1 дан 9 гача бўлган математик  рақамларuга нолни қўшиб, ХХ аср фани – кибернетикасига асос солган олим деярли 1200 йил аввал яшаб ўтган бизнинг аждодимиз – ал-Хоразмий! Алгебра фани, машҳур алломанинг исми билан боғлиқлиги, яъни ал-Жабр бора-бора алгебрага айланганини, Алгаритм сўзи Ал-Хоразмий сўзининг ассимилиацияга учраган шакли эканлигини ва бизнинг авлод уни ўқиб математикани ўрганаётганлигини бугунги кунда жаҳон аҳли тан оляпти.

Ернинг думалоқ шаклда эканлигини исботлаб, дунё харитасини тузган ва уни глобус шаклида биринчи акс эттирган энциклопедик олим Абу Райҳон Беруний эканлигини ўқувчилар онги-шуурига қайта-қайта қуйиш анъанага айланганлиги кишида ифтихор туйғусини юксалтиради.

Мукаммал тиббиёт қонунларини яратган Абу Али ибн Сино китобларидан жаҳон тиббиётида ҳамон дастуруламал сифатида фойдаланилмоқда. Агар эътибор берсак, “Тиб қонунлари”да мураккаб жарроҳликдан тортиб, оддий овқатланиш маданиятигача ўргатилган. Инсон саломатлигини авайлаш аввало ўзидан, оддий овқатланиш маданиятидан бошланади, деган ўгитлари бугунги кунда ҳар бир фарзандга сингдирилмоқда?!

Дарёлар сувини ўлчайдиган ускуна яратган ва дастлаб Нилнинг сув ҳажми-ю сиғимини ўлчаб берган бизнинг ватандошимиз ал-Фарғоний! “Зижи Курогоний” асарида юлдузлар жадвалини тузиб фалакиёт илмини дунёга танитган ҳам бизнинг аждодимиз Мирзо Улуғбек!

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Мажолис-ул-нафоис” ва Насоимул-муҳаббат” асарларида аждодларимизнинг таърифу-тавсифлари гўзал ифода этилган 500 дан ортиқ шоиру фузалони эътироф этганлар. Аждодларимиздан урф бўлган бу анъанани келгуси авлодларимизга етказиш бизнинг бурчимиз. Беруний, Хоразмий, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғларимиз навқирон авлоднинг ғурур тоғларидир.

Мамлакатимиз истиқлоли туфайли Ислом маданияти ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Замахшарий, Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий  каби алломаларнинг китоблари ўрганила бошланди.

Аллома Алишер  Навоийнинг биргина ҳикмати минглаб ўгитларга тенг. Ақл ила олам юзини обод қилишга чорлайди. Гўзал хулқ ила элни шод қилишга  ундайди:

             Ақл ила олам юзин обод қил,

            Хулқ ила одам элини шод қил.

Навоий бобомиз куйлаганларидек, мозийшунос олим Убайдулла Уватов айтганларидек юртимиз   алломалари ўз амаллари-ю  асарлари ила дунёга нур сочиб, олам юзини обод қилиб кетишди.

Аждодларимиз меҳнатининг маҳсули бўлмиш ғоят қимматли ва дунёдаги энг қадимий қўлёзма “Авесто”даги гўзал битиклар ҳам ана шундан далолат беради. Эрамиздан олдинги даврда яратилган ёзма манба “Авесто”да оламни мунаввар қилувчи қуёш Шарқдан чиқиши тилга олинади. Зеро, қуёш билан олам мунавварлашади, жамики табиату мавжудот ҳаракатга келади.

Табаррук юртимиз – Ўзбекистон ўзида Шарқ тарихи, маърифати, маданияти, санъати, хўжалик ҳаёти ривожининг гўзал намуналарини жамлаган ва жаҳон аҳлига кўз-кўз қилган маъжизакор макон эканлигини мустақиллик шарофаати билан исботланди.

Тил ва тафаккур уйғун. Тил ва тафаккур уйғунлиги Шарқ фалсафасининг узвий бир йўналишидир. Алишер Навоий бобомиз туркий тил гўзаллигини бу тилда тафаккур қилиб, бу тилда сара асарлар битиш мумкинлигини ўз даврида исботлаган эди. Навоий Низомий панжасига панжа урмоқ осон эмас деб, туркий тилда гўзал ”Хамса”ни яратиб она тилини улуғлади. Ўзига асарлари билан ҳайкал қўйди. Мустақил Ўзбекистон ҳам ўзбек тилига давлат тили мақомини бериб уни кўкларга кўтаряпти.

Мустақил Ўзбекистон кишиларининг олдида турган вазифалардан бири – расмий тилда ҳам гўзал асарлар яратиш мумкинлигини исботлаш эди. Собиқ советлар даврида ўзбек тилида қонунларни тайёрланишини, зарурат бўлганда бошқа тилларга ўгирилишини қалбида Ватан туйғуси бўлган ҳар бир зиёли орзу қиларди. Зеро, қонунлар ўзбек халқи, унинг осойишталиги, Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги учундир. Айни кунда қонунларимиз ҳам ўзбек тилида тайёрланиб, сўнгра бошқа тилларга ўгирилмоқда. Мустақил мамлакатимиз конституциясида белгиланганидек, ҳар бир киши ўзлигини таниса, ўз ҳуқуқини билса ҳуқуқий, ижтимоий  демократик давлатга айланади. Зеро, “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 19–моддасида белгиланганидек қонунларимиз ўзбек тилида яратилиб, зарурат бўлганда бошқа тилларга ўгириш белгиланганлиги бу миллий қонунчилигининг ютуғидир. Мен Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутат сифатида фаолият олиб борганимда бу туйғуларни янада чуқурроқ ҳис қилдим.

Бу ҳам аллома Алишер Навоийнинг орзулари амалга ошганлигининг ифодасидир. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе, Сеул ва Остона каби шаҳарларда қад ростлагани ушбу сўзларнинг ҳақиқатидир.

Зеро, табиат ўз қуёши билан, инсон ўз ижодий фаолияти билан ажралиб туради. Биз дунёга машҳур алломаларни бежиз тилга олмаймиз. Ундан мақсаду муддаомиз ягона – миллатнинг юзи бўладиган, буюк Ватанимизга муносиб комил инсон тарбиялаш, яъни ранго-ранг гулларига ҳамоҳанг “жажжи чечакларни” парваришлаб, Президентимиз айтганларидек учинчи ренссанснинг пойдеворини яратишдир. Ҳар бир вилоятда ташкил этилган Президент мактаблари, ихтисослашган мактаблар ана шу улуғвор ҳаракатнинг бошланашидир. Ва у самара бера бошлагани қувонарлидир.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.