Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция жаҳон ҳамжамиятида жуда катта қизиқиш уйғотди. Анжуманда 25 давлат ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этганлигини ЎзТВ орқали кузатдик, интернет саҳифаларида ўқидик, бутун жаҳон аҳли эътиборида турганлигини ҳис қилдик.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Афғонистон Ўзбекистон учун нафақат ён қўшни — жон қўшни, балки муштарак маънавий қадриятлари мавжуд мамлакатдир. Ўз нутқида мамлакатимиз раҳбари шундай деди: «Азал-азалдан Амударёнинг икки томонида ўзаро ўхшаш тиллар, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб турадиган халқлар яшаб келмоқда.
Амударё биз учун ҳамиша тириклик манбаи бўлиб келган, аммо одамларнинг эркин ҳаракат қилишига, савдо алоқаларини яқиндан ривожлантиришга, илм-фан соҳасидаги ютуқлар билан ўртоқлашишга ва бир-бирини маданий жиҳатдан бойитишга ҳеч қачон тўсқинлик қилмаган.
Афғон заминида Марказий Осиё Уйғониш даврининг Абу Райҳон Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби буюк намояндалари ва бошқа кўплаб бизнинг улуғ аждодларимиз яшаб ижод қилганлар». Бу самимий сўзлар киши қалбининг меҳр туйғуларини янада кучайтиради.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасининг биргаликдаги ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур анжуман халқаро ҳамжамият томонидан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
«Бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида яқин сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилган. Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди. Афғонистон Конституциясига мувофиқ ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади…Барчамиз қатъий ишонамизки, хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники”, деб қабул қилмаслигимиз керак, аниқроқ айтганда, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ». Бу сўзларни ўқир эканман, журналистик фаолиятимда ўзим суҳбатлашган, оқ ювиб, оқ тараб ўстирган жигарбандини афғон урушига кузатиб, тобутини қабул қилиб олган оналарнинг фарёдлари кўз олдимга келди. Афғон урушидан ногирон бўлиб қайтиб, армон билан яшаётган йигитлар хаёлимдан ўтди. «Афғон уришига кетибди» деган хабар ўзбек халқининг ҳам юракларига қўрқувни жойлади, боласининг тақдиридан хавотир олиб яшашдек оғриқни юрак-юракдан туйди. Оналар жигарбандига соғлик-омонлик сўраб, Яратганга ёлвориб тунлари тонгларга уланар эди. Оталарнинг дарди эса ичида эди.
Нафақат Ўзбекистонимизда, балки Она сайёрамизнинг кўпгина мамлакатларида афғон уруши зулмлари, жабру жафоларига дуч келган авлодлар улғайди, кўплаб оилаларнинг фарзандлари адолатсиз уруш қурбонига айланди. Уруш олови минглаб оилаларни қон йиғлатди, гўдакларни етим қилди. Ёшларнинг бахтига зомин бўлди.
Орадан йиллар ўтган бўлса-да, афғон муаммоси одамлар хотирасида қолдирган ваҳима ва қўрқув ҳали унутилгани йўқ. Унинг совуқ излари ҳамон одамлар тақдирида акс этиб турибди.
Афсуски, афғон уруши йиллар ўтган сари жанг майдонларидан наркобизнес, терроризм, экстремизм каби кўзга кўринмас уруш ўчоқларига кўчди. Энди бу заминдаги нотинчлик ва зўравонликлар, ноҳақ қон тўкишлар на фақат қўшни мамлакатлар, балки дунёнинг барча минтақаларига таҳдид солиши шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жафокаш Афғонистон заминидаги тўқнашувлар, “уруш олови” афғон халқининг ўз танлови эмас, аксинча, четдан тиқиштирилган фитна натижасидир. Ана шу нотинчликдан афғон халқи кўп йиллар жабр чекиб келмоқда, миллионлаб одамлар ўз уйини ташлаб ўзга юртларда осойишталик излаб сарсон-саргардон бўлиб юрибди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, бу заминдаги кескинлик Марказий Осиё мамлакатлари жаҳон иқтисодиётининг фаол интеграция жараёнларидаги иштирокига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, тинч Афғонистон савдо-иқтисодий, транспорт-логистик имкониятлари билан Ўзбекистонга бошқа минтақаларга денгиз орқали қисқа йўл билан чиқиш имконини берар эди.
Халқимизда «Қўшнининг тинч, сен тинч», деган нақл бор. Афғонистонда қарийб 40 йилдан буён давом этиб келаётган можаро афғон халқининг ҳаётини, тинчини бузиш билан бирга цивилизациясини орқага суриб ташлади. Бу ҳудудда пайдо бўлган инқироз, аҳолининг қашшоқлашуви дунё ҳамжамиятидан аллақачон глобаллик касб этган ушбу муаммога биргаликда амалий ечим топишни тақозо қилмоқда. Шу мақсадда кейинги йилларда қатор лойиҳалар амалга оширилди, мулоқот гуруҳлари ташкил этилди.
Ўзбекистон 2017 йилда Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича ўтказилган турли халқаро ва минтақавий анжуманларда, жумладан, кенгайтирилган таркибдаги Москва учрашуви (апрель), “Кобул жараёни” (июнь), Афғонистон Ислом Республикасига оид минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (Ашхобод, ноябрь), “Осиё юраги – Истанбул жараёни” (Боку, ноябрь-декабрь) ва Халқаро мулоқот гуруҳи йиғилишида (Осло, декабрь) юқори даражада қатнашди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Ўзбекистон позициясини баён қилди, бу борада аниқ таклифлар билдирди. Ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилиши йўлидаги ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг олий даражадаги учрашувларида мамлакатимизнинг бу борадаги ижобий позицияси ўзаро манфаатли келишувлар орқали янада мустаҳкамланди.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум ўз формати ва Афғонистон муаммоси бўйича аниқ ечимлар топишга қаратилгани билан илгариги халқаро анжуманлардан фарқ қилади. Шу боис уни ўтказиш ташаббуси дунё ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Нуфузли халқаро ташкилотлар, сиёсатшунослар ва экспертлар томонидан Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликка эришиш, шу орқали нафақат Марказий Осиё, балки унга туташ минтақаларда тинч тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи мазкур конференция афғон халқининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилиши билан амалий аҳамиятга эга, деган фикрлар билдирилди.
Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги Ўзбекистон ташаббуси ғоят қадрли эканини таъкидлади.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини ўз нутқида Афғонистондаги вазиятни барақарорлаштиришга оид ташаббусни қўллаб-қувватлашини, бу масала Европа Иттифоқининг доимо эътиборида туришини қайд этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш мазкур анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, унда ушбу форум Афғонистонда тинчликка эришиш йўлида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Афғонистондан Ўзбекистонга келиб ўқиётган, афғонистонлик ўзбек қизи Асила Набизода ҳам ўз юртида тинчлик ўрнатилишини доим орзу қилиб келганлигини таъкидлаб шндай деди: – Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, халқнинг фаровон турмушига доим ҳавас билан қараганмиз. Айниқса, бу заминда катта шукуҳ билан ўтадиган байрамлар, сайилларни телеканаллар орқали оилавий томоша қилардик. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовга ота-онамнинг ҳурмати жуда баланд эди. Бу инсон афғон муаммоларига доим эътибор қаратган, афғон халқига доим ёрдам беришга ҳаракат қилган. Бу хайрли ишларни Президент Шавкат Мирзиёевнинг давом эттираётганидан жуда мамнунмиз. Афғонистонга оид конференцияни ташкил этишдаги ташаббусларидан бутун афғонистонликлар миннатдор. Конференцияни бевосита кузатиш учун бизга имконият яратиб берилди. Айни пайтда интернет орқали конференция доирасида бўлаётган воқеалар ҳақида Афғонистондаги яқинларимиз билан мулоқот қилиб турибмиз. Халқнинг хурсандчилигининг чеки йўқ. Улар конференцияда катта натижаларга эришилишидан жуда умидвор.
Бу саъй-ҳаракатлар, самимий эътирофлар касб тақозоси билан халқ ичида юрганимда кўрганларимни, кузатганларимни, суҳбатлашганларимни хаёлимга солди. Узоқ Питнакда иш сафарида юрганимда олдимга бир она келди. “ Қизим, келиним ҳақида ёзинг, илтимос”,- деб қолди. Аввал қайнона-келин можаросидир-да деб ўйладим. Ҳикоясини тингласам, у террорга, афғон урушига қарши нола эди.
Сўна энанинг ҳикояси
Очиғи, дунёнинг мен учун туғилганига уч йил бўлди. Дунёнинг асл лаззатини тота бошлаганимга, ҳаётнинг туб маъносига ета бошлаганимга уч йил бўлди. Мен уни энагинам деб суяман. Чунки, у бепоён севги, беҳад самимият, беўлчов садоқат, енгиб бўлмайдиган куч ва қудрат тимсоли! Энагинам митти ва куртакча бўлса-да, шу даражада улуғворки, ҳаётнинг моҳиятини акс эттиради. Ҳаёт ундан бошланади. Энагинам шу даражада иффатли, шу даражада ажойибки, Оллоҳни нури дея суяман уни. Яратган эгам қайта берган энагинам деб суяман уни. Тилаб-тилаб, урушни қарғаб-қарғаб Оллоҳдан сўраб олганим Тилавусжон дея суяман уни. Назаримда ундан ширин, ундан лаззатли, ундан иффатли нарса йўқ.
— Отажон, ҳамманинг икки қўли бор. Нега сизда битта? – дея сўради Тилавусжон неварам ўғлимдан.
Вужудим титраб кетди. Чунки, ўғлим афғон урушини эслашни ёмон кўради. Жуда сержаҳл, серзарда бўлиб қолади. Ҳозир энагинамни жеркиб ташлайди, дея титраб кетдим. Келиним ҳамишагидек вазиятни юмшатди: “Оппоққинам, сени гўзал, соғлом туғилишинг учун ёвуз девлар билан уришиб қўлини олдирган”.
Жажжи вужуд наздида бир зумда дунё разолат ва қабоҳатга айланди, кўзлари катта-катта очилиб, ҳайратдан сўз топа олмай қолди. Вижиллаб ёғдирадиган саволлари бирпас тинди, сўнгра қурқибгина сўради.
— Отажон, девлар қўлингизни узиб олишганида оғридими?
— Албатта, оғрийди-да, асосийси, отанг сени яхши кўрганлар,– жавоб қилади онаси.
Яна саволни чуқурлаштиравермасин дейман-да, олиб кетаман.
Бу собиқ Совет Иттифоқининг хатоси деб айтсам, энагинам тушунармиди? Ўғилгинамнинг афғон урушидан келганидан кейинги изтиробларини айтсам ҳамон-ҳамон юрагим ҳаприқиб кетади.
Мактабдаёқ кўз остига олиб юрган синфдош қизининг уйига дастурхон кўтариб бордим.
— Ҳозир икки қўли бут эркаклар рўзғор боқа олмаяпти, оқсоқ ўғлинг бир қўли билан уй қура олармиди?– дейишди қизнинг ота-онаси.
Дастурхонимни очмасдан умидсиз қайтаришди. Уйга қайтяпман-у, миямда битта фикр айланади. Айбсиз айбдор ўғлимга энди нима дейман. Қандай қилиб умидларини чилпарчин қиламан. Урушни қарғайман. Ўшанда ўғлимнинг чеккан изтиробларини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бироқ, келиним- қуралайгинам қатъият кўрсатди. Ота- онасини ўзи кўндирди. Тўй-томоша қилдик, бироқ, тўрт йил фарзандли бўлишмади. Яна ўғлимнинг кўзларига мунг энди. Менинг ичимни ит тирнайди. Бир ўғлимга қарайман, бир келинимга. Келиним ҳамишагидек меҳрибон, бахтли, кўзлари чақнайди. Сабр-тоқат, меҳр-муҳаббат тимсоли эди у. Уруш оловини ёққанларни қарғайман. Юртга тинчлик, ўғлимга фарзанд тилайман. Оллоҳнинг номидан айланай, синовларидан кейин сийловлари бор экан. Неварам қутлуғ қадам бўлди. Энагинам туғилган куни Ватан мустақиллиги эълон қилинди. Хусусий корхоналарга йўл очилди. Бор- будимни тўплаб, ўғлимга магазин ва макарон цехи очиб бердим. Мактабдаёқ ҳисоб- китобга яхши эди… Рўзғорини тортиб кетди, Ҳозир уй қуряпти. Институтда сиртдан ўқияпти.
Онанинг сўзларида ўтли ғазаб ва нафрат, ҳам ҳаёт бағишловчи шавқат ва муҳаббат бор, ҳам дард бор, ҳам ғалаба бор. Ғалаба – бу мустақиллик берган шуур ва нур!
Сўна энанинг ҳикоясидан гўзал инсоний ҳиссиёт, эзгу яратувчиликка чақириладиган нидо, инсон ғурури ва холис нияти мужассамлашган ҳолат яққол намоён бўлади. Тинчликка даъват акс этади. У терроризмни, у ёққан алангани қоралайди. Огоҳликка чақиради. Бу ҳикоя эккан ниҳолларнинг мевасини, қурган уйларнинг роҳатини, фарзандларнинг камолини кўрай десанг ёвузликкка қарши курашмоғинг лозим, деган ҳақиқатни барчамизга яна бир бор эслатади. Ҳақиқатда “террористнинг миллати, элати, Ватани йўқ!” Ўз Ватанини осмон янглиғ кенгликларга тенглаб улуғловчи халқимиз буни яхши билади.
Шунинг учун ҳам жаҳон аҳли Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикликка эришиш йўлидаги ташаббусини қўллаб қувватламоқда. Давлатимиз раҳбарининг терроризмга қарши курашда бирдамликка, собитқадам бўлишга, огоҳликни қўлдан бермасликка чорлашини бутун жаҳон аҳли қўллаб қувватлаётганлиги барчамизни фараҳли туйғуларга тўлдиради.
Раъно Зарипова,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист