Mамлакатимиз раҳбарининг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқини ўқиб…

0
412
марта кўрилган.

Ушбу тантанада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шундай деди: ”Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз”. Бу сўзлар бежиз жарангламади. Зеро, мамлакат келажаги бўлмиш фарзандларнинг бешигини тебратувчи оналардир.

Президентимизнинг янгиликларга тўла нутқини тинглар эканман, оналик ва болаликка оид вазифалар ҳам қадимий, ҳам навқирон, дейман беихтиёр!

Она бола гулу лола, деган матал бор халқимизда. Мамлакатимиз келажаги бўлган болани тарбиялаётган онани фарзанди билан бирга гўзаллик тимсоли гулга қиёсланиши бежиз эмас. Зеро, гулга қиёсланаётган она-болани ардоқлаш, гўзалликни асраш, тинчликни асраш демакдир. Тарих сабоқлари шуни кўрсатадики, завжаи боласини асраган эркакнинг руҳи тозариб, қалби кенгайиб, ўзи юксалиб бораверади. Ўғлон юксалса, қалъа бут ва мустаҳкам бўлаверади, дейди донишмандлар ҳам.

Масалан, «Гўрўғли» достони халқ оғзаки ижодининг энг қадимий намуналаридан бири! У озарбайжон, туркман халқ оғзаки ижодида ҳам куйланади. Асарнинг кўплаб вариантлари мавжуд. Бироқ, битта эпизоди барчасида такрорланади. Қирқ чилтонлар  Гўрўғлидан от керакми ёки зот, деб сўрашганида, у от тилайди. Чилтонлар унга афсонавий Ғиркўкни армуғон этишади. Бироқ, танлашда адашганини таъкидлашади. Дарҳақиқат, зурриёд қолдириш, гўзал хулқли фарзандлар тарбиялаш  одамзотнинг замин олдидаги фарзи-ю қарзи, қадриятлар ичидаги энг гўзал аъмоли, энг гўзал анъана, деб қаралади. Эл-юрт ҳавас қиладиган фарзанд тарбиялаш туйғуси барча халқу, барча миллатга бирдек таниш ва бирдек азиз. Алпомишдек алп ўғлон, Барчинойдек ой юзли, гўзал хулқли қизлар тавсифи ҳар бир достону эртагимизда куйланиши бежиз эмас.Чунки мамлакатнинг келажаги шулар!

Мен хотин қизлар байрамига бағишланган байрам тадбирини кузатиб ўтириб, ҳатто, байрам муносабати билан иккита ташаббус, иккита янгиликдан хурсанд бўлдим. Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга бериш бўйича янги тартиб жорий этилди. Шу билан бирга  бу йил 28 нафар истеъдодли қизимиз мазкур нуфузли давлат  мукофотига сазовор бўлди. Бу аввалгиларига нисбатан икки марта кўпдир. Иккинчи янгилик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан бир гуруҳ аёллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.Албатта бу аёлларимизнинг руҳиятини янада юксалтирди.

Мамлакат раҳбарининг нутқини тинглаб, мамлакатимиздаги улуғвор ўзгаришларни, ислоҳотларни  биргина хотин-қизлар сиёсати масаласида ҳам кўриш мумкинлигини ҳис қилдим.

Яқинда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра кўплаб улуғвор ишлар амалга оширилмоқда.

Фармонга биноан шу йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда. Эндиликда 8 минг 800 та билимдон, жонкуяр мутахассис аёллар оилавий муносабатларни  яхшилаш, низоли вазиятлар, ажралишлар, барвақт никоҳларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўйича доимий иш олиб боради.

“Келажак – боғчадан бошланади” деган шиор остида  бу йил 3 мингдан зиёд болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 та боғча янгидан қурилади, 1 минг 360 та боғча мавжуд биноларда ва 470 та боғча эса уй боғчаси сифатида ташкил этилади.

Боғчаларни қуриш билан бирга уларни юксак савияда ишлаши ҳам назарга тутилган. Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатлари асосида ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар имкониятлари кенг ишга солиниши таъкидланди.

Мамлакатимизда ташаббуслар кўпаймоқда, янгиликлардан дил яйрамоқда, ўзгаришлардан кўзлар қувонмоқда.

 Ҳатто, ўзим фаолият олиб борадиган журналистика соҳасига эътибор берсам журналистикада далилларни ифодалашга ҳам  ўзгача ёндошилмоқда. Бу инновацион ғоялар кучайяётганини кўрсатмоқда. Масалан, байрам кунлари uzbekiston 24  теле дастурини томоша қилиб ўтириб бир далил, гўзал қадрият эътиборимни тортди. Тошкент вилояти ички ишлар йўл ҳаракати бошқармаси ходимлари  Хотин қизлар байрами билан ҳайдовчи аёлларни гул бериб табриклашди. Заҳматкаш ҳайдовчи аёллар учун бу кутилмаган воқеа бўлди.  Улар бу эътибордан бениҳоя хурсанд бўлишди. Мен улар байрам билан табриклашаётган бўлса керак деб ўйлагандим. Ушбу жараёнда гўзал бир далил қайд этилди. Тошкент вилоятида аёл ҳайдовчилар томонидан ўтган 2017 йилда йўл ҳаракати қоидаси бузилмаган ва улар жавобгарликка тортилмаган экан. Қаранг-ки, аёллар кўчалардаги йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишда ҳам намуна бўлиб, юрт осойишталигига муносиб ҳисса қўшиб келишаётганлиги эътиборга молик. Ушбу мисол каттами кичикми барибир янгилик,кўпгина аёлларни хушнуд этди. 

Ҳа, ҳамма соҳада катта ўзгаришлар, ислоҳотлар кечаяпти. Биз битта йўналишни битта соҳани мисолга олдик. Шу соҳа мисолининг ўзида 2018 йил – юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб номланиши беъжиз эмаслигини англатиб турибди.  Ушбу йилда мамлакатимизда  номига муносиб улуғвор ўзгаришлар дилларни қувонтирмоқда.

Gujum.uz сайти таҳририяти ҳам опа-сингилларни юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва  оилалар осойишталиги йўлидаги саъй-ҳаракатларида омадлар тилаб, 8 март халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этади.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.