Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева: Бу дунёдан азизлар кетди, Фикратида юлдузлар кетди

0
100
марта кўрилган.

Бугун 22-апрель   Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиеванинг таваллуд топган куни. Шоира 81 ёшида 2023 йил 14 май куни вафот қилган. Шу муносабат билан шоиранинг руҳи покини хотирлаб  пойтахтдаги Осиё гранд ресторанида эҳсон дастурхони ёзилди. Қуръон тиловатлари янгради. Хотираси ёд этилди.

Ойдин Ҳожиева Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа туманидаги Хожайи Бўстон қишлоғида туғилган. Шоира асарларида жўшқин ёшлик ҳис-туйғулари, она юрт, гўзал табиат манзаралари, аёл қалби туғёнлари ўзининг ёрқин ифодасини топган. 

 Опа ижодкор бўлиш билан бирга салоҳиятли раҳбар ҳам эдилар. “Гулхан” ва “Саодат” журналларини узоқ йиллар бош муҳаррири бўлганлар. Ўзбекистон телевидениесида ишлаганимда кўп ҳамкорлик қилиб турардик. Бир куни “Саодат” журналига ишга таклиф килдилар. Талабалигимдан қатнашиб келаётган журналимга, ижодимга оқ йўл тилаган меҳрибонимга  йўқ дегим келмади.

 Ойдин опа билан ёнма-ён ишлаб жуда кўп эзгуликлар кўрдим. Муҳаррирлик, бошқарув сир-синоатларини ўргандим. Опа ёш ижодкорлар билан суҳбатлашишни яхши кўрарди. Ўзининг ортидан жуда кўплаб шогирдлар қолдирди. Шоира Ойдин Ҳожиева ўзидан яхши излар қолдириб кетди. Дарҳақиқат, опанинг ўзи куйлаганидек, Бу дунёдан азизлар кетди, Фикратида юлдузлар кетди!…..

Устоз Ойдин опанинг охирати обод бўлсин. Ётган жойи нурга тўлсин. Беҳиштларда кавсар сувларидан ичиб юрсин.

 Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ойдин ҲОЖИЕВАнинг «Ўйлар» шеъридан:

Бу дунёдан азизлар кетди,
Фикратида юлдузлар кетди.

Ўтди неча авлиё зотлар,
Дуосида қақнуслар кетди.

Ўтди Аллоҳ ишқида Мажнун,
Пайғамбарга эгизлар кетди.

Оҳ урганда, ноласи қуюн,
Кулгусида кундузлар кетди.

Торларида булбул сайраган,
Элга дармон ҳофизлар кетди.

Чимилдиққа кирмаган неча
Сор йигитлар, ҳур қизлар кетди.

Чумолидек тоғларда кезган
Хазинаси қомуслар кетди.

Майсалари саловат айтган
Баҳор-боғли андизлар кетди.

Қаърларида садафлар туққан
Неча бахрул денгизлар кетди.

Ер юзини шамолдай кезган
Қадамларда шаън излар кетди.

Ватан қадрин номус билганлар
Ибратида нон-тузлар кетди.

Аждодларнинг шукуҳ-шонидан
Чақнаб фидо ворислар кетди.

Мункиллаган донишманд йиллар
Кипригида қор кезлар кетди.

Дор остида Эрк-иймонида
Букилмаган қад, тизлар кетди.

Тирикликнинг тегирмонида
Янчилиб не тўкислар кетди.

Молу давлат гирдобларида
Неча аҳли тамизлар кетди.

Шону шуҳрат саробларида
Қанча дўсту нодўстлар кетди.

Тошбақадай имиллаб кимдир,
Порлаб вақти тиғизлар кетди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.