Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шеъри: Ният

0
1144
марта кўрилган.

Умрим китобидан бир варақ ўтди,
Бир саҳфа шодлигу бир саҳфа заҳмат.
Кимдир дўстим дея қўлини тутди,
Кимнингдир дастида санги маломат.
Ҳаёт дегани шу, қалбнинг тубида
Қолғуси шодлик ҳам, қайғу ҳам қатор.
Ва лекин умримни аввал-сўнгида
Ватансиз тасаввур этмоғим душвор.
Сокину улуғвор бонг урар соат,
Ўйларим чароғин яна ёқурман.
Янги йил дарича қоққан бу фурсат
Ўлкам камолига хушнуд боқурман.
Борми ундан бўлак менга ҳеч шодлик,
Борми ундан ўзга толе ва аъмол?
Орзум не, не бахтга бўлолдим молик?
Ундан айри бахтни этдимми хаёл?
Дунё бепоёндир, турфадир Инсон,
Юлдузлар мисоли беадад қисмат.
Лекин бахтга ошён бўлсин бу жаҳон,
Инсонга осойиш ёр бўлсин фақат.
Соатнинг интиҳо бонги ҳам тинди,
Қолди яна бир йил орқада кўркам.
Қани, қўлларингни узатгил энди,
Севикли диёрим, навқирон ўлкам!

Барчани янги йил янги кун билан таҳририятимиз номидан қутлаймиз. Юртимизни, элимизни, ўзимизни Оллоҳ  ўз нуридан айирмасин. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.