Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига бағишланади: Дарёдил шоирни ёд этиб

0
350
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман ўтказилди. Тадбирда атоқли шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм намойиш этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид адабиёт ривожига кўрсатилаётган эътибор устоз ижодкорлар адабий меросининг барҳаётлигини таъминлашда ҳам намоён бўлаётганини таъкидлади.

– Омон Матжон сўз йўлида беминнат заҳмат чеккан, ўз элини авж оҳангларда куйлаган ижодкор эди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Унинг наинки ижоди, балки шеърий тўпламлари, достонларининг номланиши ҳам китобхонни маънавий камолот сари ундайди. Омон Матжон дарёдил шоир эдики, шеъриятга ҳам дарёдек кириб келди.

– Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида адабиётимизга бир гуруҳ шоирлар ажойиб гулдастадек кириб келди, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Омон Матжоннинг адабиёт дунёсига кириб келганини мухлислар ҳис этишди. Омонжон сўз топишда, топқирликда намуна бўлишга арзигулик ижодкор эди. Китобхон унинг шеърларини ўқигани сари ўқигиси келаверади. Омон Матжон шеърияти халқ афсоналари, эртакларидан отилиб чиққан шеъриятдир.

Адабий анжуманда шоирнинг ижод йўли, шеър ва достонларининг аҳамияти, унинг шеъри билан куйланиб, халқимизнинг кўнгил мулкига айланиб кетган қўшиқлари хусусида батафсил сўз юритилди.

Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилояти Гурлан туманидаги Боғолон қишлоғида туғилган. 1969 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлади. Халқимизнинг ардоқли шоири қарийб олтмиш йиллик ижодий фаолияти давомида «Очиқ деразалар», «Карвон қўнғироғи», «Қуёш соати», «Ёнаётган дарахт», «Ярадор чақмоқ», «Ҳаққуш қичқириғи» каби шеърий тўпламлар, «Нажмиддин Кубро», «Гаплашадиган вақтлар», «Чўлдагилар», «Минг бир ёғду» каби достонлар, бир қатор насрий асарлар, маърифий бадиалар яратди.

Жаҳон адабиётининг Фридрих Шиллер, Шарль Бодлер, Евгений Евтушенко, Расул Ҳамзатов, Шандор Петёфи, Юстинас Марцинкявичюс, Берди Кербобоев, Ибройим Юсупов сингари мумтоз ва замонавий адабиёт намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос мактаб яратди. Унинг турли жанрлардаги асарлари дунёнинг бир қатор тилларига таржима қилинган.

Истиқлол йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлиги, халқимизнинг эркин ва обод ҳаётини тараннум этадиган кўплаб шеърий ва насрий асарлари, шонли тарихимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга оид китоб ва рисолалари адабиёт мухлислари, кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Омон Матжон юксак бадиий шеър ва достонлари, драматик асарларида Ватанимизга, халқимизга, ибратли қадриятларимизга меҳр ва садоқатини юксак маҳорат билан тараннум этди. Унинг сермазмун асарлари халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Шоир кўплаб ёш ижрдкорларга устозлик қилди. Унинг «Умр ўтар…», «Табассум қил», «Менинг кимлигимни эл билса бўлди», «Аввалгиларга ўхшамас» каби шеърлари халқимизнинг машҳур санъаткорлари томонидан куйланиб, миллий қўшиқчилигимиз дурдонасига айланган.

Адабий анжуманда шоирнинг ижод йўли хусусида батафсил сўз юритилди. Омон Матжон шеъри билан айтилувчи қўшиқлар куйланди. Мухлисларга шоирнинг китоблари туҳфа этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллиги муносабатига бағишланган адабий-маърифий анжуман пойтахтда, шоир таваллуд топган Хоразмда  ва билим олган Самарқандда  бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан шоирнинг “Танланган асарлар” китоби нашр этилди. 

GUJUM. UZ cайти жамоаси ҳам ўзбек халқининг севимли шоирини ёд этиб, шеъридан намуналар  тақдим этади.  Шоирнинг охирати обод бўлишини Аллоҳдан сўраб қолади. 

БИР ХИВА — ИККИ ҚАЛЪА
Хивада қалъа бор қалъа ичинда:
Бири Ичон қалъа, бириси Дишон.
Машҳурдир бирининг номи очунда,
Бири нураб ётар беназар, бешон.
Не сир бу? Бир ёнда мовий тафаккур
Қулф уриб турибди осуд, беозор.
Бир ён — тенгсиз жангда енгилган муғрур
Ботирнинг лошидек қаровсиз ва хор.
Ичон қалъа бугун — Хоразм фахри,
Баҳор нақш гумбазлар, минор, сардоба…
Шундадир ул буюк Маҳмуднинг қабри,
Шундадир шон, ғурур… Дишон — хароба.
Халқимнинг устивор руҳи — зўр даҳо
Мунгулик топгандир Ичон қалъада.
Уни бузмасин деб тур-турфа бало
Қалъа тикланилган Дишон — далада.
Азалий беомон бир ҳукмдир бу:
Одам — Дишон қалъа, орзуси — Ичон!
Оз яшаб кўп мушкул қўрса ҳамки у,
Руҳин қолдирмоги мумкиндир омон.
Мен бугун Хивада виқорли турган
Асрий ёдгорлардан туяркан маъни,
Дедим: умр ҳикматин бобонгдан ўрган,
Асрамоқни ўрган Ичон қалъани!

ОҚШОМ. ГАВЖУМ ПАРИЖ
Ярим тун.
Парижда беуйқу кезиб,
Гавжум бир ҳаётни кўрдим ногаҳон,
Гўё минг-минг рангли чироқлар чизиб,
Кўкдан ерга тушган эди Қаҳкашон.
Томоша, базмга шошилган олам
Парижни пойтахт этмиш чамаси.
Кун бўйи нурланган мавжларин бу дам
Кўчаларга солмиш Сена дарёси.
Бешарм фильмлар, шаҳват гуллари
Қадамда кўзларга зўрлик қилади,
Катта бир шаҳарнинг даҳа-йўллари
Гўё ҳаё учун торлик қилади.
Ҳеч тўй, ҳеч анжуман бўлмас беҳуда,
Нега парижликлар бедор бу чоғлар?!
Билсам, асл Париж ҳозир уйқуда,
Бу юрганлар эса — беғам сайёҳлар…
На деб изоҳлашни билмадим буни,
Лол кездим мен Париж кечаларида:
Қизиқ-да, ўз халқи уриб уйқуни,
Бошқалар сайр этса кўчаларида…

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.