Ўзбекистон халқ шоири Ойдин ҲОЖИЕВА шеъри: БАЙРАМОНА

0
2038
марта кўрилган.

Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева шеърият ва журналистика майдонида кўплаб шогирдлар етиштирган мўътабар аёл.

Шоира баҳор айёмида 1942 йили Бухоро вилоятининг Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғида таваллуд топган. Ойдин Ҳожиева ижодий фаолияти 60-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган бўлиб, унинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда «Шабнам» номи билан чоп этилган. Сўнгра «Манзиллар» (1975), «Мен севган қўшиқ» (1972), «Зар кокил қиз ва қуёш» (1972), «Утренняя роса» (1973, рус тилида), «Орзу гули» (1975), «Наво» (1977), «Тароват» (1978), «Бувисининг  ўз қизи» (1979), «Достонлар» (1980), «Хушхабар» (1983), «Мушфиқ онажон» (1983), «Тамал тоши» (1989), «Сайланма» (1989), «Нажот» (1991), «Олисдан келган овоз» (1991) «Кўзимнинг оқу қораси» (1996), «Паноҳим» (1998) каби шеърий тўпламлар муаллифи.. Улар орасида «Чашмаларни излайман» (1987) каби публицистик асарлар мажмуаси, болалар учун ёзилган ажойиб шеърлар ҳам бор. 

Шоиранинг ижодида ҳалмлик ва нафосат, беғубор она туйғулари, вафодор ва жонфидо ёр, эл ва юрт меҳрини дилга тугган нозик таъб шоира қалби жўш уриб туради. Асарларида ўз она халқи, она тупроги ва  миллий қадриятларига меҳр алоҳида янграйди. Шоиранинг кўплаб шеърлари халқона услубда ёзилган бўлиб, қўшиқдек дилларга оқиб киради, кўнгилларни яйратади. Уларни қўшиқдек хиргойи қилгингиз келаверади.

Опажоним билан «Саодат» журнали таҳририятида ёнма-ён ишлаган икки йилимни жуда қадрлайман. Аслида бир умр меҳрини ҳис қилиб яшадим, десам арзийди. Дастлабки ҳикояларимга хотин-қизлар журналида оқ йўл тилаб, Зулфия опа ҳузурига чорлаб, кенг йўлга йўллаган ҳам ўзлари эди.  Таҳририятимиз номидан  устозни  байрам ва яқинлашаётган таваллуд айёмлари билан қутлаб, мустаҳкам тани сиҳатлик ва узоқ умр тилаб қоламан.

Эҳтиром билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова.

БАЙРАМОНА

Кўклам чўлга лашкар ташлар –

Гулхан бўлар дала-даштлар.

Сойлардаги бужур тошлар

Дурри Аданга айланур.

Букри толлар тақиб сирға,

Шамоллар ҳам йўрға-йўрға,

Қўбизин созлаб бўзтўрғай,

Бахши Пўлканга айланур.

Олқорлари тоғда яйрар,

Ҳулкарлари боғда сайрар,

Юганлари тилло бўлиб

Тулпорлар улоқда сайрар

Заминнинг ой булоғида,

Самода ҳур чақмоғида,

Ғунчаларнинг дудоғида

Шабнам маржонга айланур.

Шўх қизчалар давра тузар,

Ой юзлари ойдан ўзар,

Кулгусидан ҳар кўй, гузар

Жаннат маконга айланур.

Момолари Мисқол пари

Тил учинда новвотлари,

Боболари алп сингари

Марду мардонга айланур.

Эрксевар эл, ишсевар эл

Худо суйган гулҳунар эл,

Кўнгли ойдин шу заргар эл

Бир жон бир танга айланур

Кўкси осмонга айланур!

БОРДИР

Шукур, жон дўстларим кўпдир,

Жонга жонсўзларим кўпдир,

Ҳали умрим саноғинда

Яшил наврўзларим кўпдир.

Балки шундан ажриқ каби

Чидамлидир жоним маним.

Шу боисдан ҳалол, тансиқ

Ширин бўлди ноним маним.

Қор остидан омон чиққан

Бойчечакдай дилим бордир.

Дўзахнинг ўт нафасидан

Беҳиштларга йўлим бордир

КЕЛ

Кел, баҳор, рангларинг

Қалбимга кашта.

Сабримни тошқинлар

Қилсин синашта.

Руҳимнинг зангори

Ўрмонларида

Шаршара оҳанглар

Ёғилсин шаррос.

Минг турфа чечаклар

Хушбўй ифори

Сочилсин сен берган

Гулчамбарингда.

Етакла. Кийикдай

Кетай югуриб

Ушлаганча атрин

Кўйлакларингдан.

Димиққан ҳисларим,

Ланж туйғуларим

Софлансин баҳорий

Атирларингда!

ТАФСИР

Бир кам дунё, бир дам дунё,

Бирда шодлик , бир ғам дунё.

Кимлар учун базми Жамшид,

Ҳотам дунё.

Қизғанур гоҳ

Сомонини, ёвғонини

Хасис дунё, ҳакам дунё.

Оқиб ётар дарёлари

Мангу яшил кўклам дунё!

Қиморбозу там-там дунё.

Кимларга бокарам дунё!

Бир нозанин қиздай кулиб

Туродур муҳташам дунё.

Ўтиб борар улуғлари

Парвоси йўқ хуррам дунё!

***

Ўмровлари ярқираб

Ётар Чимён тоғлари

Маст уйқуда ухлайди

Гўзал пойтахт боғлари.

Ўнгирларга гул чизиб,

Қирларга кашта тўшаб

Авраб-авраб уйғотар

Кўклам қўнғироқлари .

***

Ўзингдан бунёдман, ўзинг-ла тирик,

Бир дона гул бўлиб ёки бир япроқ,

Ўчган чироғингга тола нур бўлиб,

Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ.

Бахмалдай тўшалдинг юрар йўлимда,

Содиқ ҳамроҳ бўлдинг ўнгу сўлимда,

Қатра шабнам бўлиб ё қатра ёмғир,

Ўзингга қайтаман , онажон тупроқ

Сен ўзинг оласан оғриқларимни,

Тугал осон қилиб борлиқларимни,

Бахтга эвирасан зорликларимни,

Ўзингга қайтаман табибим – тупроқ.

Сени сокин кўрсам, осуда кўрсам,

Боғу роғларингни авжида кўрсам,

Юрагингни маром-мавжида кўрсам,

Бағрингда ниҳолдай ёзаман япроқ.

Гўзал қизларимнинг бол хандасидай,

Қизил атиргуллар алангасидай,

Ҳамалнинг булбули хонандасидай

Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.