Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан у яшаб ижод қилган уйга ёдгорлик лавҳи ўрнатилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, журналистлар иштирокида атоқли шоир, носир ва драматург барельефининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчининг ўғли Элдор Мухтор сўзга чиқиб, адибнинг ижоди билан боғлиқ илиқ хотираларини ёдга олишди.
Тадбирда сўзга чиққан, Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, мазкур барельеф муаллифи Улуғбек Отаназаров лавҳни яратиш жараёнида ёзувчининг фазилатларини ўрганишга, асарларини ўқиб чиқишга, фарзандларидан олган маълумотлар асосида яратишга ҳаракат қилганини таъкидлади.
Ўзбек халқининг севимли ёзувчиси Асқад Мухтор Ўзбекистон Давлат университетига ўқиган. Сўнг Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлайди. Асқад Мухторнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очди. У «Ёш ленинчи» (1945), сўнгра «Қизил Ўзбекистон» газеталарининг муҳарририятларида бўлим мудири, масъул котиб, «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир (1960—1965), Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлайди. «Гулистон» журналига, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигига муҳаррирлик қилди. Ушбу фаолияти давомида кўплаб ёшларни адабиёт майдонига, журналистика соҳасига етаклаб, уларга устозлик қилди.
Шоир Муҳаммадали Қўшмоқов устозини шундай эслайди: Асқад ака енгини шимариб «Гулистон» журналига келган ёш қаламкашларнинг асарларини шундай таҳрир қиларди-ки, таъбир жоиз бўлса уларни сайратиб юборарди. Жуда заҳматкаш бош муҳаррир эди».
Асқад Мухтор «Мардлик чўққиси», «Яхшиликка яхшилик», «Самандар» каби пьесаларида ва «Дарёлар туташган жойда», «Қорақалпоқ қиссаси», «Бухоронинг жин кўчалари» каби қиссаларида ҳамда «Опа-сингиллар», «Туғилиш», «Давр менинг тақдиримда», «Чинор», «Аму» каби романларида юртимиз кишиларининг фидойилиги ва даврнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топган.
Бугунги кунда ёдгорлик лавҳининг ўрнатилиши ўз юртининг гуллаб яшнашига муносиб ҳисса қўшган эзгу фикрли кишиларни қадрлаш ёшларни, айниқса, маҳалла ёшларини миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ўз ўрни бор, албатта.
gujum.uz