ЎЗБЕКОНА ИНСОНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИ

0
479
марта кўрилган.

2020 йилнинг 23 сентябр санаси Ўзбекистон тарихига алоҳида саҳифаларда битиб қўйилди. Шу куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан биринчи марта ЎЗБЕК ТИЛИ – улуғ Навоий тили жаранглади! Бундай тарихий бахт давлатимиз Раҳбари – ПРЕЗИДЕНТ Шавкат Мирзиёевга насиб этди. Имоним комилки, ушбу сана йиғилиш қатнашчиларининг, қолаверса, БМТ солномачиларининг ҳам эътиборидан четда қолмади.

Ҳар қандай сўзнинг қайси минбардан туриб айтилаётганида ҳам ҳикмат кўп. Муҳтарам Президентимиз нутқини қайта-қайта тинглар эканман, ўзимизнинг қон-қонимизга сингиб кетган жондек қадрдон ўзбекона сўзларимиз баралла жаранг­лаганидан ўзгача ғурур-ифтихор туйдим. “Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият”, “мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик”, “ҳуқуқ ва эркинликлар”, “адолатли тизим”, “инсон ҳуқуқлари”, “миллатлар­аро тотувлик”, “динлараро бағрикенг­лик” сингари ўнлаб сўзлар, иборалар, жумлалар замонамизнинг жаҳон миқёсидаги энг долзарб, энг нозик муаммоларига тааллуқли қарашларни тўлақонли изҳор этишга нақадар лойиқ ва қодир эканлигини кўрсатди.

Муаммо эса кўп – ҳаёт инсоният олдига кутилган ва кутилмаган муаммоларни кўндаланг қўймоқда. Айрим давлатлар ҳудудида ёхуд минтақа доирасида вужудга келаётган табиий ва техноген офатлар глобаллаша боргани сайин уларни маҳаллий шароитларда бартараф этиш имкони қолмаяпти. Бинобарин, аччиқ ва серташвиш савол кун тартибидан тушмаяпти: инсон ақл-идроки, тафаккури, маънавияти – салоҳияти қаттол ва шафқатсиз саволларга жавоб топишга қодирми? Нима қилмоқ керак? Башариятни истиқболда қандай қисматлар кутмоқда?

Тарихнинг такрорланишини айт­майсизми?! Дунёнинг кўплаб мамлакатларига вайроналик, қирғин келтирган Иккинчи жаҳон уруши БМТдек тузилма вужудга келишини тақозо этган бўлса, орадан 75 йил ўтгач, 2020 йилги пандемия балоси замонавий дунё учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қанчалик зарурлигини кўрсатмоқда. Ахир, “дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси бутунлай бошқача тус олаётган” бир маҳалда бирдан-бир тўғри ва оқилона йўл бор, бу – ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотдир.

Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтган қатор масалалар – ёшлар ҳаётини тўғри йўлга қўйиш, уларни келгуси ҳаётга муносиб қилиб тарбиялаш, жамиятда аёллар фаоллигига эришиш, глобал иқлим ўзгаришлари асоратини камайтириш, барча давлатлар парламентлари фаолиятини янги босқичларга кўтаришга доир таклиф ва мулоҳазалар ўзининг ҳаётийлиги, аҳамияти ва долзарблиги билан диққатга сазовордир. Шу ўринда нутқда урғу берилган яна икки муаммо хусусида алоҳида тўхталиш лозим.
Бири – Афғонистонда ижтимоий барқарорликка эришиш, иккинчиси – дунё миқёсидаги қашшоқлик, камбағалликни бартараф этиш.

Афғонистонда ўн йиллар мобайнида давом этаётган нотинчлик туфайли ҳам “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деган нақл тиллардан тушмай қолмоқда. Яъни жафокаш афғон халқининг тинчлиги – минтақанинг, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам тинч­лигидир. Миллий-маҳаллий хунрезлик қачонгача давом этиши мумкин?! Наҳотки, барча соғлом кучлар бирлашиб ушбу муаммо ечимини топмаса?!
Президент Шавкат Мирзиёев аниқ таклиф ташламоқда ўртага: “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим”.

Инсоният ақл-идрокининг шиддат ила тараққий этиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ ҳамон шундай экан, ер куррасининг қайсидир ҳудудларида сон-саноқсиз инсонлар очлик, қашшоқлик, ночорликдан азият чекаётгани – нобуд бўлаётганидан ташвишланиш энг ақли расо инсонлар вазифаси, бурчи эмасми?! Бир бурда нонга, бир қултум ичимлик сувига зор, бемакон – беватан кўчманчиликдан ўзга илинжи қолмаётган замондошларимиз оғирини енгил қилиш БМТдек энг нуфузли халқаро ташкилотнинг бурчи – миссиясига айланмоғи даркор! Дунёнинг қайсидир пучмоғида оч-наҳор бандаларнинг мавжудлиги оқил инсонларни беҳаловат этиши муқаррар.

Ўзбекистон Раҳбарининг барча ғоялари, таклифлари ўзининг ўзбекона инсонпарварлик туйғулари билан йўғрилгани, қатъияти ва мағрур ­жаранглаши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
ёзувчи

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасидан олинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.