Ўзлигини англаш йўлидаги ҳикоят

0
278
марта кўрилган.

Бир куни машҳур устоз Румийнинг ҳузурига бир йигит келиб, деди:

– Ўзимни ҳеч нарсага ярамайдиган, бир чақага қиммат одамдек ҳис қиляпман, яшагим ҳам келмай қолди. Мени ҳамма омадсиз, овсар дейди. Илтимос, Устоз, менга ёрдам беринг!

Устоз йигитга бир нигоҳ ташлади ва шошиб жавоб қайтарди: – Кечир, ҳозир жудаям бандман, сенга ёрдам беролмайман. Жуда муҳим ишим бор, – у бир оз ўйлаб, гапида давом этди: – Лекин, менга кўмаклашсанг,  мен ҳам сенга ёрдам бераман.

– Жоним билан, Устоз, – деди йигит, яна ўзини камситилаётгандек ҳис қилди.

– Яхши, – деди Устоз ва бармоғидаги қизил тошли узугини ечди-да, унга бериб, тайинлади: – Отга мингин-да, бозорга бор. Қарзимни беришим учун мана шу узукни сотишим керак. Уни қимматга сотишга ҳаракат қил ва асло тилла тангадан арзонига сотма! 

Йигит узукни олди ва бозор тарафга отни чоптириб кетди. Бозорда у узукни савдогарларга кўрсата бошлади. Лекин улар тилла танга ҳақида эшитишлари билан узукка қарамай қўйишди. Кимдир унинг устидан кулди, кимдир эса юзини буриб кетди ва фақат бир қария савдогаргина унга бу узук учун тилла танга ўта қиммат нарх эканлигини, узук учун мис танга, жуда ошиб кетса кумуш танга беришлари мумкинлигини айтди. Қариянинг сўзларини эшитган йигитнинг кайфияти тушиб кетди. Бутун бозорни айланиб, юзлаб савдогарларга узукни таклиф қилиб сотолмаган йигит ортига қайтиб,  Устоз ҳузурида бошини эгди.

 – Устоз, топшириғингизни бажаролмадим. Мен узукни кумуш тангага сотишим мумкин эди, лекин сиз фақат тилла тангага сотишим кераклигини айтдингиз. Узукнинг нархи сиз таъкидлаганингиздек эмас экан–  деди у маюсгина. 

 –  Ҳозир жудаям муҳим сўзни айтдинг, ўғлим! Узукни сотишдан олдин унинг асл баҳосини аниқлаб олиш керак эди! Зар қадриниа заргар билади, дейди ҳалқимиз. Заргарнинг олдига бор ва ундан узукнинг нархини сўра. Лекин, у қандай нарх айтмасин, узукни сотмасдан олиб кел.

Йигит заргарнинг ҳузурига келди. Заргар узукни узоқ синчиклаб текширди, сўнг тарозида тортиб кўрди ва йигитга юзланди: – Устозга айтиб қўй, ҳозир бу узук учун эллик саккиз тилла танга беришим мумкин. Лекин, вақт берса, уни етмиш тилла тангага сотиб оламан.

–  Етмиш тиллага-я?! – ажабланди йигит ва заргарга миннатдорчилик билдириб, хурсанд бўлиб ортига қайтди.

Устоз йигитнинг хурсандлик билан айтган гапларидан сўнг деди: – Ёнимга ўтир, гапимга қулоқ сол, ўғлим. Сен мана шу узук мисолсан. Қимматбаҳо ва такрорланмас! Сенинг асл баҳоингни фақатгина ҳақиқий инсон бера олади. Шундай экан, бозорда дуч келган кишидан ўз нархингни сўраб нима қиласан?

– Тушундим, Устоз ,-деди йигит.

Дарҳақиқат, қиссадан ҳисса шуки, зар қадрини заргар билади, инсон қадрини инсон билади!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.