Ўзликни топиш йўлида…(руҳият сарҳадларидан қатра)

0
67
марта кўрилган.

Аслида мен жуда оддий, арзон, қийқим матолардан ўзим ўйлаб топган русумдаги кийимларни кияман. Ёқасига гул тақсам, ё бир парча матодан бўйинбоғ ясасам, ё этагига кўйлак гулига мос мато уласам, қарабсизки, ҳеч кимда йўқ “модний” кўйлак тайёр. Оёқ кийимим ҳар доим тоза, ялтиллаган. Пошнаси сал емирилса, дарров этикдўзга тузаттириб оламан. Соч турмагимни базида ўзгартириб тураман. Сочингиз қалин экан дейишади. Эл қатори. Қалин шаклини яратиш учун кечқурун беш дақиқа вақт сарфлайман. Сочимни салгина ҳўллаб, тошдек қаттиқ ўраман. Эрталаб ечганимда жинггалак холатга келади. Тараб ўрсам, култадай қалин туюлади.

Университетим томон йўлга чиққанимда ўзимни худди катта амалдорнинг қизидай бой-бадавлат санаб қадам ташлайман. Пояфзалим товуши куйдай садо беради. Биттагина сумкачам бор. Унида турли безакчалар билан янгилатаман. Атрофимдагиларнинг эътиборидан, қизларнинг кийимларимга зимдан назар ташлаб ҳайрон кузатишларидан фахрланаман. Нима, отам вафот этган, онам ногирон, нафақага кун кўришларимизни атрофдагилар сезиши шартми?

Ўзимни қувноқ, бахти бекам кўрсатишга, ҳеч кимдан кам эмаслигимни намоиш этишга интиламан. Туни билан ўқиб, ухламасликка-да розиман. Фанларимдан аъло олишим шарт! Менга юқори стипендия керак! Қолаверса, ўрганганим ўзимга фойда.

Курсдош йигит-қизлар ҳамон мени қайси амалдорнинг қизи эканимни аниқлай олмайдилар. Фаросатлари етса, деканатдан бир зумда билиб олишлари мумкин-ку!

Сир бой бермайман. Чунки вақти келиб катта идораларни бошқаришга ўзимни тайёрлаб бораяпман. Онам бечоранинг кўксига шамол тегишини, сингилларимни эски кийимларни кийишдан қутулишларини истайман.

Онам безовталанади. Қариқиз бўлиб қолишимдан ҳавотирда. Нима қилибди! Вақтинча қариқизлар қаторида туришга розиман. Оиламиз оёққа турса, ниятимдаги иш фаолиятимга эришсам, ор-номусимни асрасам,
30 ёшда ҳам муносиб куёв топилади. Тўғрими?

Мақсуда севишиб, биринчи курсдаёқ эрга тегди. Нима бўлди? Қайнонаси қолиб, икки курс юқорида ўқийдиган қайнопаси билан чиқишмай, ота уйига қайтди. Эрчаси бемалол бошқа қизларни бошини айлантириш билан, Мақсуда уларни излаб топиб, хотини эканини исботлаш билан оввора.

Кимга керак, шундай муҳаббат?!

Мен севиб эмас, қадримга етадиган инсонга турмушга чиқишни режалаштирганман. Барча режаларимни кундалик дафтаримга ёзиб бораман. Ноқулай ҳолат. Курсдошим Алибек кундалигимни ўқибди. (“Эсимдан чиқариб” унинг кўзи тушадиган жойда қолдирганимдан кейин ўқийди-да!)

Зўрға кўзга кўринадган майда ҳарфлар ёрдамида сатрлар орасига “Мен ҳам ўз қадрини билган қизга кўнгил қўйганман” деб ёзибди. Энди хотиржамман.

Университетимга юракларим ҳаприқиб, соғиниб, ички бир қувонч билан келаман.

Дарс қилишга, эски эсада, кийимларимга янгилик киритишга, онамга кўмаклашишга, барча-барчасига улгураман. Негаки, мен мақсад ва режаси бор, ишончга тўлиб яшайдиган, келажаги порлоқ, бахтга томон интилаётган қизман!

Бекпошша Хўжаева

1971 йил, сентябрь

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.