П У Б Л И Ц И С Т И К А: ЯХШИ ГАП ҲАМ, ЁМОН ГАП ҲАМ БИР ОҒИЗДАН ЧИҚАДИ

0
67
марта кўрилган.

Буюк Эзопдан сўрашибди: Инсонга хос   энг гўзал нарса нима? У жавоб берибди: Бу унинг сўзи. У барча яраларни тузатиб, инсонни кўкларга олиб чиқиши мумкин…

 Энг даҳшатлиси нима?, – деб яна сўрашибди донишманддан. Яна сўз. Негаки, сўз билан инсонни ўлдириш ҳам мумкин...

Давлатимиз Конституциясида ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган. Бир оғиз сўз билан айтганда, мазкур муҳим тарихий ҳужжатга асосан инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрланган. Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқлари ҳисобланади.

Сўз эркинлиги. Уни тўғри ифодалаш, аввало, катта масъулият. Бизнинг жамиятимизда ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаши, олиши ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Мамлакатимизда соҳага доир ушбу йўналишда бир нечта меъёрий ҳужжатлар, яъни «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги, «Почта алоқаси тўғрисида»ги, «Радиочастота спектри тўғрисида» ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги каби 20 га яқин қонунлар қабул қилинган.

Ўзбекистонда истиқлолнинг илк кунларидаёқ  жамиятда янги демократик қадриятлар илдиз отишига, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва унинг  асосий бойлиги бўлган  ҳуқуқ ва эркинликларига кенг йўл очилган. Давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, ҳокимиятлар тақсимланиши, демократизм, сиёсий ва ғоявий плюрализм, қонунийлик ва ижтимоий адолат, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш каби барча тамойиллар инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мустақилликнинг тараққиёт йўлига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўз кучига, ақл-заковатига, миллий урф-одатлари, анъаналари ва қадриятларига таянган ҳолда иш олиб боряпти. Ижтимоий ҳаётда ўз шахсий имкониятлари, истеъдод ва салоҳиятини намоён этишда ҳам муайян   ютуқларга эришмоқда. Мамлакатимизда таъбир жоиз бўлса, инсон тушунчаси талқинига, унинг қадр-қимматига том маънода ўзбекона, шарқона ёндашилмоқда. Шубҳасиз, Конституция  ва қонунларимиз фуқароларимиз онгида инсон, унинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, мустақиллик, эркинлик, масъулият, ўз манфаатларини юрт манфаатлари билан уйғун ҳолда кўриш каби эзгу ғояларни қарор топтиришга хизмат қилади.

Демократик жамиятимизда инсон ҳақ-ҳуқуқлари қаттиқ ҳимоя қилинар экан, шу ўринда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қадрлаш масаласи бир-бирига узвий равишда боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Миллий қонунчилигимизда битта ножўя айтилган сўз, ҳақорат ва туҳмат учун жавобгарлик мавжудлигини барчамиз  яхши биламиз. Бироқ, афсуски, амалда сўз масъулияти нақадар чуқур маъно касб этишини англаш борасида бундай дейиш мушкул.

Маълумки, бугун ахборот глобаллашуви даврида интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони кундан-кунга кўпаймоқда. Ижтимоий тармоқларда ўз саҳифа ва каналларини очиб, турли фикр ва изоҳларни  жойлаштираётган инсонлар учун ҳам шу давлатнинг фуқароси сифатида ўз сўзлари учун жавобгарлик мавжуд, албатта. Оғзига келганини ёзиб, тарқатиш, кимларнингдир шаъни ва қадр-қимматини ерга уриш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш  орқали сохта обрў топишга бўлган ҳаракатларга қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.

«Сўз кўпайган ерда мантиқсизликлар ҳам ошади» , деган пурҳикмат нақл бор. Баъзан бекорчилик оқибатида бир-бировга ҳуда-беҳуда кераксиз сўзлар айтиб, кишиларнинг дилини хира қилиш, ўйламасдан ножўя  сўзлар билан шахс шаънини, қадр-қимматини камситиш ҳолатлари учрайди. Сўз айтиш эҳтиёжи ҳамиша мавжуд, бунингсиз ижтимоий муҳитда яшаб бўлмайди, аммо ҳар сўзни демакдан инсон ўзини тийиши зарур. Акс ҳолда мураккаб вазиятга тушиб қолиш ҳеч гап эмас.

Шу ўринда ўз даврининг машҳур давлат арбоби, шоир ва таржимон Огаҳий ҳазратларининг ушбу мисраларини келтиришни жоиз топдик: «Билмаган ўз қадрини, не билгуси сўз қадрини» .

Дарҳақиқат, сўзнинг қадрини баланд билган инсон ўзгаларнинг  қадр-қимматини ҳам жойига қўяди. Шарқда халқ дипломатияси деган беназир тушунча бор. Ўзаро ҳурмат ва тавозе билан мулоқот,  муносабатларда суҳбатдошнинг дилига йўл топиш – бизнинг  халқона ёндошувларимизнинг туб негизини ташкил қилади.

Бизга маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун ва моҳиятига инсон ҳуқуқлари ғояси чуқур сингдирилган. Унда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда бурчларига  алоҳида  урғу берилган. Қомусимизнинг  27-моддасида:  «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга», дейилади. Шуни унутмаслик лозимки, инсон қаерда яшамасин, ўша ерда амал қилувчи давлатнинг қонунларига итоат этишга мажбур. Инсоннинг шаъни ва ор-номуси ҳам дахлсиз. Ҳеч ким инсоннинг шахсий ёки оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиши, оилавий сир-асрорларини ошкор қилиши, инсоннинг уй-жой дахлсизлигига тажовуз қилиши мумкин эмас. Инсонни камситиш, обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш қонунга хилоф хатти-ҳаракат ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар учун қонун бўйича тегишли жавобгарликлар белгиланган.

Конституциямизда инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳуқуқий институт сифатида акс этган. Унинг 13-моддаси биринчи қисмида «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади», дея эътироф қилинган. Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатланади. Бугунги ахборот глобаллашуви шароитида, ахборий жамият шаклланаётган бир вазиятда, айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан, шахсий ҳаётига аралашишдан эҳтиёт бўлиш долзарб аҳамият касб этади.

Ўз ўрнида ҳар бир фуқаро ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовуз ва таҳдидлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиши ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этиш орқали бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар. 

 Янги таҳрирдаги конституциямизнинг 26-моддасида «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас», дея белгилаб берилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўз ифодасини топган юқоридаги қоидалар  Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги МДҲ конвенцияси ва бошқа халқаро меъёрий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топганлигини кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига ғайриқонуний тарзда тажовуз қилиш қонун томонидан туҳмат ва ҳақорат қилиш, деб белгиланган. Маълумки, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатиш БҲМнинг (базавий ҳисоблаш миқдори) 50 баравари (11 млн. 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Эндиликда  туҳмат жиноятини содир этганлик учун (139-модда, 3-қисм) БҲМнинг 500 бараваригача
(111 млн. 500 минг сўм) миқдорида жаримадан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган), ҳақорат қилиш жиноятини содир этганлик учун (140-модда, 3-қисм) БҲМ нинг 600 бараваригача  (133 млн. 800 минг сўм) миқдорда жаримадан 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланилиши белгиланди. (илгари 1 йилгача  озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган).

Ҳуқуқий давлат барпо қилиш шароитида ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ушбу манфаатларга тажовуз қилинишига йўл қўймаслик  давлат ва унинг органлари фаолиятидаги асосий вазифалар саналади.

 Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Ваҳоланки, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айнан шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб  олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади. Зеро, фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситадиган маълумотлар тарқатилган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш суднинг биринчи даражали вазифасидир.

 Шундай қилиб, мамлакатимизда шахснинг қонуний манфаатлари ҳамиша ҳимоя қилиниши таъминланади. Шахснинг  қадр-қиммати, шаънини қонуний тарзда ҳимоялаш  ғояси  қонунчилигимизнинг энг муҳим  нормаларидан  биридир.

Ҳеч кимга сир эмас, Президентни ижтимоий тармоқларда ҳақоратлаганлик учун мамлакатимизда жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу жараён аҳолининг кенг муҳокамасига сабаб ҳам бўлди.  Давлатимизда қонунга ушбу ўзгартишнинг киритилиши айрим одамлар томонидан сўз эркинлигига таҳдид сифатида талқин қилинди. Ваҳоланки,  Конституциямизда нафақат Президент ёки бирор давлат хизматчиси, балки ҳар бир инсоннинг  ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, мансабидан, эгаллаб турган лавозимидан  қатъи назар, ҳар қандай  инсонни ҳақорат  ва унга туҳмат қилган шахслар  маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Оғирлаштирувчи ҳолатларда эса ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун  жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Президентни ҳақорат ва унга туҳмат қилганлик учун қонунчилигимизда жиноий жавобгарлик илгари ҳам  мавжуд эди. Янги қонун билан, замон талабига кўра, фақат «телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет, бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда»  деган ибора қўшимча қилинди, холос.

Президентлик Республикаси ҳисобланган Ўзбекистонимизда Президент нуфузи давлат ва халқнинг обрўси билан чамбарчас боғлиқ. Конституциямиз талабларига асосан Президент – Ўзбекистон халқи номидан иш олиб борадиган шахс ҳисобланади. Президентнинг шахси эса дахлсиз. Президент конституциявий мақомга эга.

Жаҳон мамлакатлари тажрибасида, дейлик, ривожланган демократик давлатларда ҳам бу борада қатъий жавобгарлик  мавжуд. Жумладан, Германияда Президентни омма олдида ҳақорат қилганлик учун 3 ойдан 5 йилгача қамоқ жазоси ва жарима тўлови, Польшада Президентни омма олдида ҳақорат қилганлик учун 4 йилгача қамоқ жазоси, Канадада давлат раҳбарига туҳмат қилганлиги ёхуд интернет тармоғига шундай мазмундаги постлар ташлагани  учун 14 йилгача, Туркияда Президентни ҳақорат қилганлиги учун 1 йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси, Нидерландияда монарх, унинг рафиқаси ва ворисини ҳақорат қилганлиги учун 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Демак, бундай қонунчилик нормалари  бошқа давлатларда ҳам ҳеч бир эътирозларсиз амалиётда қўлланилмоқда.

Хулоса шуки, жамиятимиз фуқаролари орасида кундалик турмушимизда ўзаро  ҳурматнинг сақланиши, инсон қадрининг ҳуқуқий ҳимояланиши юртимизнинг ижтимоий тараққиёти, барқарорлиги, халқимиз келажаги, бахт-саодати учун хизмат қилади. 

Зеро, халқимизда «Тилга эътибор – элга эътибор», деган ажойиб нақл бор. Сўз масъулиятини дилдан ҳис қилган инсон  тилга  ножоиз сўзлар билан  эрк-ихтиёр бермайди.

Фикр-мулоҳазаларимизни таниқли шоир Садриддин Салим  Бухорийнинг қуйидаги  мисралари билан якунлашни лозим топдик:

Иллат излаганга – иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга – ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё.

Дилбар Бекчанова, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.