Порахўрлик иллати – тараққиёт заволи

0
1408
марта кўрилган.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида коррупцияга қарши курашиш мақсадида қатор чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, самарали амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, 1997-йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепциясида ушбу иллат мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдидлардан бири, дея эътироф этилди. Шу мақсадда “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури” қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган энг бирламчи масалалардан бири коррупция муаммосидир. Шу боис унга қарши кураш халқаро миқёсга кўтарилиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалаларидан бирига айланди. Бинобарин, ушбу иллат нафақат ислоҳотлар йўлига жиддий тўсиқ бўлиши, балки ўтиш даврида белгиланган мақсадларга эришишга ҳам бевосита таҳдид туғдириши барчага маълум.

Республикамизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида қабул қилинган ЭКОСОСнинг Коррупцияга қарши кураш резолюцияси, Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси, халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳақидаги декларация, Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларнинг ратификация қилингани мазкур иллатга қарши курашда муҳим омил вазифасини ўтамоқда.

Инсон борки, нафс бор, инсон борки, хатога йўл қўяди. Нафс, манфаат туфайли инсонлар ноҳақдан ноҳақ ҳукмдор-у судьяларнинг адолатсиз ҳукмлари жабрини чекади.

Коррупция жамиятдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммолар натижасида турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлади. Давлат мансабидан фойдаланиб, ноқонуний мукофот-ҳадялар(аниқроғи пора) олишга ружу қўйиш кўпинча ислоҳотлар даврида юз беради. 1787- йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида пора олиш энг оғир жиноят деб топилиб, бундай ҳолларда ҳатто АҚШ президентига импичмент эълон қилиниши мумкинлиги қайд этилди. 

ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб бир мамлакатдаги коррупция бошқа мамлакатлар ривожига ҳам салбий таъсир этиши равшанлашди. Корпорациялар томонидан хориждаги олий мансабдорларни сотиб олиш оммавий тус олди. Ўта даражада коррупциялашган давлатлар учинчи дунё билан чекланмай қолди,

90-йилларда собиқ социалистик республикаларда юз берган либераллашув жараёнлари туфайли мансабдорларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши янада кучайди. Ушбу иллатнинг олдини олиш учун БМТ 9 декабрни “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” деб белгилади. 

Статистиканинг гувоҳлик беришича, порахўрлик айни пайтга келиб ниҳоятда таҳдидли кўламга келди. У айниқса, иқтисодий жиноятлар орасида етакчи ўрин тутади. Бу иллат оқибатида ишлаб чиқариш учун ажратилаётган инвестициялар миқдори камайиб, иқтисодий ўсиш тўхтайди. Ривожланаётган мамлакатларда коррупциянинг таъсири сабабли берилаётган халқаро ёрдамлардан мақсадсиз фойдаланиш, ижтимоий тенгсизликнинг ўсиши кузатилади. У аксар ҳолларда уюшган жиноятчиликнинг кучайишига, турли жиноий тўдаларнинг мафияга айланишига ва охир-оқибатда жамиятда ижтимоий ахлоқнинг пасайишига олиб келади. 

Унинг энг хавфли кўринишлари асосан жиноий хатти-ҳаракатлар ҳисобланади. Бунга энг аввало, камомад(ўғирлик)га йўл қўйиш ва порахўрлик киради. Ваколатли мансабдор шахсга ишониб топширилган ресурслар ва бойликларни ўз шахсий манфаати учун сарфлаши камомад дейилади. У оддий ўғирликдан фарқ қилиб, шахс бошлиқдан ёки мижоздан пул ёки мол-мулкни тасарруф этиш учун қонуний рухсат олган бўлади. 

Айнан мана шу ҳолат кейинги йилларда халқаро коррупция муаммосига эътиборни қаратилишига сабаб бўлди.

2016- йил 13-декабрда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди. Ушбу қонун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда муҳим дастуриламал бўлди. 

Ушбу қонун 6 боб 34 моддадан иборат бўлиб, унинг 3-моддасида шундай таъриф берилади: “Коррупция  — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Мухтасар хулоса шуки, қай бир жамиятда, қай бир давлатда коррупция томир ёйиб, гуркираб яшнар экан, ўша давлатнинг тараққиётида юксалиш абадул-абад рўй бермайди. Юксаклик томон тобора бўй чўзаётган мустақил Ўзбекистонимизни ҳар дам, ҳар дақиқа бундай иллатлардан асраш биз ёшларнинг олдидаги масъулиятли вазифалардан биридир. Коррупция, нафақат, ривожланишни, балки, маънавиятни ҳам бўғувчи иллатдир.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Маънавият-энг таъсирчан ва қудратли қуролимиздир”.

Руслан ЭГАМОВ, Урганч аэропорти чегара божхона пости катта инспектори

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.