Пошшажон дўстим ҳақида ҳикоя

0
373
марта кўрилган.

Яқинда Урганч шаҳридаги 1-сонли мактабга йиғилдик. Синфдошлар эллик йилдан кейин қайта учрашдик. Бир зум болалик дамларимизга қайтдик. Сафимиздан беш йигит-қиз боқий оламга рихлат қилибди. Ўтганларни эзгулик ила ёд этдик. Қизғин суҳбатлар кечди.  Синфдошларимни кузатиб, уларнинг ҳар бири  ҳақида алоҳида ҳикоя қилса арзийди деган фикрга келдим.   Болалик дўстларим ҳақида туркум яратиш ниятим ҳам йўқ эмас. Бугун эса Пошшажон дўстим ҳақидаги ҳикоя билан танишасиз.

Бекпошша сўзи хоразмча бўлиб, “қизларнинг султони,  подшоси” деган маънони англатади. Мен уни ўз онаси суйганидек “Пошшажон” деб эркалар эдим. Қизларнинг подшоси менинг беғубор болалигимда топган ўртоғим эди. Биз у билан ҳам синфдош ҳам курсдошмиз. Бундай бахт камдан кам инсонга насиб этади. Мактабнинг еттинчи синфида ўқиб юрган кезларимизда  Халқ таълими вазирлиги томонидан йил якунида имтиҳон топшириш жорий этилди. Биз етти қиз биргаликда билим синовларига тайёрланардик.  Машғулотларни навбати билан уйимизда ўтказардик. Ота-оналаримиз овқатимизни тайёрлаб туришарди.  Ўша даврларда биз бир-биримизга устозлик қилдик ва оилавий яқинликни ҳам юракка туйдик. Математикадан қийин масалаларни ечишни бизнинг уйда бўладиган машғулотларга қолдирар эдик. Раҳматлик  опам Рўза(Оллоҳ раҳматига олсин, жойи жаннатда бўлсин,) бизга ҳамиша  бу борада яқин ёрдамчи  бўларди. Биз етталамиз соатлаб ўтириб ечадиган масалаларни у бир зумда ечиб ташларди ва уни ечиш йўлларини ўргатар эди. Акам эса бизни дўстлигимизни рағбатлантириб суратларга олар ва келгуси тўпланишимизга тайёрлаб қўярди.  Ҳар биримизнинг оиламизда бизнинг дўстлигимизга ана шундай гўзал муносабатлар бор эди. Масалан, битта воқеа мени ҳеч эсимдан чиқмайди. Биз Тошкентга ўқишга бир синфдан етти қиз, икки нафар ўғил бола келдик. Ҳаммамиз олий ўқув юртларига жойлашиб кетдик. Ҳеч ким беумид бўлиб қайтмади. Бундай бахт ҳам камдан кам дўстларга насиб этади. Қувончимиз беадоқ эди.

Ўқишга келишдан олдин мактаб билан хайрлашув тантанасида Шукуржон билан(Оллоҳ раҳматига олсин, жойи жаннатда бўлсин)  аразлашиб қолдик. Бир-биримиз билан ярашишни истаймиз, бироқ болалик ғуруримиз йўл бермайди.

 Университетда ўқишни бошлаганимизнинг илк ҳафтаси эди. Ётоқхонага жойлашганман. Эшик тақиллаб қолди. Эшикни очсам Ҳавожон опа(Оллоҳ раҳматига олсин, жойи жаннатда бўлсин) етакчилигида синфдошларим келган экан. Ҳавожон опа Шукуржон дўстимнинг онаси бўлиш билан бирга ўша пайтда  Урганч шаҳар  халқ таълими бошқармасининг мудири эди. Бизни яраштириб, яна бир дастурхон атрофига  жамлаб кетди.

”Раъно, сени иншоларингни ўқиб, улар имтиҳонни бешга топшириб чиқишди” деб кўнглимни ҳам кўтариб қўйди. Имтиҳон арафасида Дилбар дўстим қисқа ва лўнда ёзилган ТошМи институтига мос иншоларни олиб кетган эди. Ҳавожон опа шунга ишора қилди. “Ҳавожон опа, дўстларимнинг бари билими юксак, аъло баҳога ўқийдиган зукко ва доно қизлар” дея жавоб қайтардим мен. Аслида ҳам шундай эди. Ҳавожон опанинг куйинчак она, безовта қалб эгаси, моҳир педогог эканлигини ана ўшанда ҳис қилдим. Ўшанда бор-йўғи бир марта аразлашдик. У  ҳам катталарнинг панд-насиҳатлари туфайли елдай келиб, селдай оқиб  кетди. Бекпошшанинг онаси эса бизни “қизим ўзига яхши дўстлар топди, сизларга кўз тегмасин” дея алқар, машғулотдан кейин ўз қўли билан пиширган гўммалар билан сийларди. Оллоҳ раҳматига олсин, жойи жаннатда бўлсин у киши оҳиста оқадиган дарё мисоли аёл эди. У кишини меҳрибон мулойим бувимга ўхшатар эдим. Бувимни кўргани кўна қаълага(Эски шаҳар) борсам, албатта у кишини ҳам йўқлаб қуярдим.

 Бекпошша ҳам мендек онамни истаб уйга келарди. Етти қизнинг дўстлиги  ана шундай чуқур илдиз отганди. Қизларнинг бари ўқишни тугатиб, Хоразмга қайтиб кетишди. Мен учун гўё Тошкент ҳувиллаб қолгандай бўлди. Анчагача бу йўқотишга кўника олмадим. Бутун вужудим билан оилага, ишга сингиб кетдим, янги дўстлар орттирдим. Бироқ болалик дўстларимнинг ўрнини, қалбимнинг ушбу бўшлиқини ҳеч нарса тўлдира олмасди. Ана шу етти қизнинг бири Бекпошша эди.

Гавжум Тошкентда яшасамда юртни, дўстларни доимо қўмсаб яшадим. Ёзган мақолаларимнинг деярли тенг ярми Хоразм ҳақида бўларди. Урганчга иш билан борганимда қизлар тўпланишар эдик. Гоҳида келганимни дўстларимга айтсам, гоҳида билдирмасдим, негаки, оила, иш, бола тарбияси билан вақт орттиришим қийин кечарди. Улар билан ҳамиша учраша олмасамда ҳар бири ҳақида  ёқинларимдан сўраб турардим. Улар Бекпошшани ва бошқа дўстларимни ўз опаларидек яхши кўришарди, дўстларим ҳам уларни кўриб қолишса, югириб келишар экан. Бу гапларни эшитганимда жуда хурсанд бўлардим. Бекпошша эса хонадонимизга келиб, онам билан тез-тез суҳбатлар уюштириб, оиламиз ҳақида кўрсатувлар тайёрларди. Бу янгиликларни укаларимдан эшитиб қолардим. Онагинам рахматлик ҳам унинг кўрсатувларини ҳамиша безар, миллий қадриятлар, қадимий урф-одатлар ҳақида сўзлаб берар эди.

Ўша пайтларда Бекпошша эл-юрт кўз ўнгида эди. Хоразм телевидениясида миллий қадриятлар бўйича кўрсатув тайёрлаб, ўзи бошловчилик қиларди. Ана шундай кўрсатувлардан бири ”Бир келиб кетинг қишлоғимизга” деб номланган бўлиб, унда қадимий халқона урф-одатлар, хоразмча таомлар, лапарлар, қўшиқлар, тўй маросимлари тарғиб-ташвиқ қилинарди. Ёш қизларга бағишланган “Даврага кир дугонажон” туркум кўрсатуви учун Хоразм журналистлари орасида ўтказилган танловда биринчиликни олди. “Қишлоқ одамларининг тақдирлари” туркум кўрсатувида воҳада яшаётган турфа миллат вакилларининг дўстона муносабатлари, бир-бирининг миллий қадриятларини улуғлаб, бир-биридан ўрганиб, бири бирига ўргатитиб аҳил яшаётгани тараннум этиларди. Ушбу кўрсатувининг бир нечта сонлари Марказий “Ўзбекистон” телеканали орқали ҳам намойиш этилганди. Зеро, у пайтларда вилоят телеканалларининг мазмун-маҳиятли гўзал телекўрсатувлари Республика телеканалларида ҳам такрорлаш анъанаси бор эди. Экранда унинг одамлар билан суҳбати худди болалигимиздагидек самимий ўзига жалб қилувчи эди. Хоразмча шевада хоразмча ташбеҳларни, мақолларни, маталларни моҳирона ишлатиб, саволлар берарди. Атрофимдагилар “ушбу услуби тўғрими” деб сўрашарди. Бадиий асарларда ҳам персонажлар гапирилтирилса, адабий тилдан чекинилади. Бу ҳам адабиётнинг ўзига хос қонуниятларидан бири деб қаралади. Чунки, суҳбатдошни дилини топиш учун унинг тилида гапириш керак-да дердим.

 Бекпошша ўз кўрсатувларида элга маъқул келадиган мақол, матал ва ташбеҳларни топиб ишлатганида, Хоразм шевасининг ранг-баранглигини, истиора-ю, ўхшатишга бойлигини янада яққолроқ ҳис қиларди киши.

“Ислоҳот одимлари” туркум кўрсатуви эса мамлакатимизда мустақиллик йилларида қайта тикланган қадриятларимиз, урф-одатларимиз, обод бўлаётган зиёратгоҳлар, турли соҳадаги улуғвор ўзгариш, ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қиларди.

Биз у билан Ўзбекистон республикаси журналистларининг съездларида учрашиб қолардик. Дўстимнинг Хоразм журналистларининг фахри эканлигидан қувонар эдим.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлигига номзодим қўйилганида мен билан  бирга халқ ичига кирди. “Мактабнинг ёшлар уюшмасида сени бекорга сиёсий-маърифий ишлар секторининг етакчиси қилиб сайламаган эканмиз”- деб ҳазллашарди. “Сени ҳам маданий- маърифий ишлар бўйича сектор етакчиси қилиб сайлаганимиз бекор кетмади” дея жавоб берардим. Расмий учрашув тугаганидан кейин элимиз одамлари уни ўраб олишар, ҳаёти ва ўзи билан қизиқишар, саволлар беришар, айниқса кексалар жуда хуш кўришарди. Ва кўрсатувга бўлган муносабатларини билдиришарди. Янада қизиқарли чиқиш йўлларини истакларини айтишарди. У Хоразмнинг маданият ва маърифат ўчоғи телевидениесида 45 йилга яқин ишлаб  эл ўртасида юксак обрў эътибор топди. Эл меҳрига сазовор бўлди.  Ўзи ҳам касбидан қувонди, ўзгаларнинг ҳам қалбини нурлантирди. Инсонларга эзгуликлар улашиб яшади. Кўплаб шогирдлар тарбиялади. Ёшларнинг ҳар бирини ўзини ўзлигини топишида кўмаклашди. Айни кунда Хоразм телевидениесининг етакчи муҳаррирлари Интизор Матчанова, Болтабика Жуманиёзова кабилар моҳир сўз усталари уни устоз дея улуғлашади. Бугунги кунда Бекпошша Хўжаева деса, воҳамизда барча яхши билади.

Депутатлигимда Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт марказига маъруза қилгани таклиф этишди. Бордим. Тадбирдан кейин бир йигит олдимга келди. Ўзини таништирди.”Мен укангиз Солийжоннинг курсдоши, Бекпошша опанинг жияни Алишерман. Биз қариндош эканмиз” деди. Сўзларидан хурсанд бўлдим. Бекпошшанинг акаси билан келинойиси врач бўлиб ишлашар, улар навбатчи бўлган кезларида уни боғчага олиб борар эдик. Бир пайтлар кичкинтойни ”Алёша” деб эркалар эдик. Эндиликда у Алишер Озодович бўлганидан хурсанд бўлдим. Бекпошшанинг акаси клиника бош врачи Озод Хўжаев эса мени кўриб ўз синглисини кўргандек хурсанд бўлди(Оллоҳ ўз рахматига олган бўлсин).

 Бекпошша ёшлигидан оилани, ота-онани, опа-акаларни, қариндошларни муқаддас ришталар деб биларди. Шунинг учун тоғасининг ўғлига турмушга чиқди. Меҳнат фаолиятидан узилмаган ҳолда тўрт фарзандни тарбиялаб камолга етказди. Қизи Рўзажон Собирова педогог, немис тилидан дарс беради. Халқ таълими аълочиси. У республикада ўтказилган “Йил ўқитувчиси–2016” танловида биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи қизи Садоқат Собирова ҳам педогог, у инглиз тили муаллимаси. Вақти келганида  таржимонлик қилиб туради, Хоразмда сайёҳликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. У Хоразм тарихини, обидаларини меҳмонларга инглиз тилида ҳикоя қилиб беришни хуш кўради. Ўзи ишлаётган коллежга меҳмон келса у таржимонлик қилади. Икки ўғли эса тадбиркорлик фаолиятига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

Ҳукуматимиз Бекпошша Хўжаеванингг эл-юрт олдидаги меҳнатларини муносиб баҳолаб, “Шухрат” медали билан тақдирлади.

Болалигимни, ёшлигимни  ўйласам етти қизнинг дўстлиги, бир-бирига куйинчаклиги, бир-бирига елкадошлиги кўз олдимга келаверади.  Улар мени йўқлаб ётоқхонага келишганида, бир нимани баҳона қилиб ётоқхонада турадиган курсдошларим уларни кўргани киришарди. ”Дугоналарингиз гўзал, қадимги аристократ қизларга ўхшашади” деб     гапиришарди. “Қадимги аристократ қизлар бойвачча бўлишарди, дўстларим қалбан, маънан бой аристократ қизлар” дея жавоб қилардим. Болалик дўстларимни                                                    эсласам, ҳамиша қалбим янада интиқиб кетаверади. Худди туғишганларимни соғингандек, уларни ҳам соғинаман, йўлларига интиқ бўламан.

Қиз фарзандларимни, невараларимни “Пошшажон” деб алқайман. Невараларим бу сўзнинг маъносини сўрашади. Тушунтириб бераман. Етти нафар пошшажон дўстларим бўлгани, уларнинг ҳар бири бугунги кунда ўз соҳасининг етакчи мутахассиси, подшоси эканликларини, ҳар бири эл орасида, юртда ўз ўрнига эгалигини, у қизларнинг бири Бекпошша эканлигини ҳикоя қилиб бераман. Уларга болалик сувратларидан иборат альбомни кўрсатаман. Дўстларим билан таништираман. Қалбим нурга тўлади, кайфиятим кўтарилади.

Мактабни тугатганимизга эллик йил бўлибди. Эллик йил айтишга осон. Унга ким етди, ким етмади. Барча синфдошларимга, дўстларимга ва улар қаторидаги  пошшажонларга ҳам соғлик-саломатлик тилайман!

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.