Милодий 1309–1310 йилларда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини китобат оламининг гўзал, бетакрор обидаси дейилса арзийди! Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган.
Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилдлик ушбу бебаҳо дурдона асарнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева амалга оширган.
Дурдона асарнинг навбатдаги қисмида Шис Алайҳиссаломнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.
Шис Алайҳиссалом қиссаси. Ҳобилдан 130 йил кейин Шис туғилди. Шис сарбоний тилида “ҳибатуллоҳ” яъни Тагри атоси демакдир. Исм “Ҳобилни олдим ўрнига Шисни ато қилдим” деган маънони англатади. Одам Ато Шисни ғоят катта оталик меҳри билан суяр эди. Яратган эгам Одам Атога минг бир ҳунар ўргатган эди. У ўғли Шисга эса бўзчилик сиридан сабоқ берди. “Уйда ўтириб ишлагил. Барча ҳунарларнинг савоби ундан унгай” деб тилади. Барча қариндошлари айтдилар. “Шис уйда ўтириб ишлайди, биз дашт-у далада, иссиқ-у совуқда меҳнат қиламиз. Биз ҳам бўзчиликни ўрганиб, соя-ю салқинда, роҳатда ишлашни хоҳлаймиз”.
Одам Ато бу ғаразни эшитиб, дуо қилди. “Илоҳим, бўзчиликдан буларнинг кўнглини қолдиргил”. Мавло Азза ва Жалла бу ҳунардан баракотни олди. Бўзчи бўзга ялчимаслиги ҳам ана шундан!
Ҳикоятда айтилишича: Бир киши Расул алайҳис-саломга келди: Деди: “Ё Расулуллоҳ, менинг молим кўп зиёда бўлди. Уни машаққат тортиб тўпладим, бироқ мўл-кўлликнинг ҳам озори бисёр экан. Бировга бергим келмас нима қилайин?”. Расул алайҳис-салом деди: “Юлғин ёғочидан таёқ тут”. У шундай қилди. Моли тугади. Яна айтмишлар: Биби Мариям қочаётган пайтда бўзчилардан йўл сўради. Улар ёвуз йўлга йўлладилар. Тиканлик ерларга борди, қарғади. Яна айтмишлар, Биби Мариямни чуқур сувлик сари бошлаганлар. Чунки, улар гўзал Биби Марямнинг вужудини кўриш ниятида бўлишган. Ўшанда Биби Мариям “Илоҳим уларнинг амалларидан баракатни кетгазгил” деб тилаган.
Яна бошқа бир ривоятда айтилишича: “Солих яловоч (пайғамбар)ни бўзчилар ўлдирганлар. Яна айтмишлар, бўзчилик эзгу амал ҳисобланади. Зеро, у ўлику тирикка керак. Хабарда таъкидланишича: Расул алайҳисаллом ёрлақади: “Қандай яхши ҳунар тўқувчилик хотин-қиз умматларимга ва қандай яхши ҳунар тикувчилик эр умматларимга. Агар улар ёлғончи бўлишмаса эди”.
Яна бошқа ривоятда айтишларича: бўзчида олти хислат мавжуд: биринчиси савобли бўларлар, иккинчиси журъатли, учунчиси-пасткўнгил ва ғариб дўст бўларлар, тўртинчиси камтарин, бешинчиси ўлик-тирик уларга муҳтож бўлар, олтинчиси барчалари омадли бўладилар”.
Яна бошқа бир ривоятда айтилишича: Балҳда ниҳоятда покдомон ва илмли бўзчи олим яшарди. Шайх Шақиқ раҳматуллоҳи аллайҳ у ҳақида эшитиб, кўргали борди. Олим Шайхга пешво чиқиб айтди: “Эй, Шайх, қадамларингга ҳасанот, бизни қувонтирдинг”. Шайх сўради: Нима учун! Бўзчи олим айтди: “Сенинг келишинг Оллоҳнинг ҳукми эди. Оллоҳнинг ҳукми севимли бўлар!”
Шайх Шақиқ бўзчининг уйига кирганида, ҳунарига дахлдор қозиқ кўрди. Сўради: бу нима? Бўзчи айтди: “Бу қозиқ- жойимиз, Ватанимиз рамзи”.
Сўнг йигираётган ипини кўриб яна сўради: Бу на ип турур? Жавоб бердилар: “Оллох бизнинг Парвардигоримиз, Бу Оллохнинг ипидир. Ҳаммаларингиз биргаликда Оллох Таоланинг ҳидоят ипини маҳкам тутинглар деган маънони англатади”. Яна сўради: “Ерга ёйиб турган бўзинг нимани билдиради?” Жавоб қилди: Бу тириклигимни билдиради. Яна сўради: -Қамиш нима учун?
-У бу дунёнинг ўткинчилигини эслатиб туради. У билан ўзимни бу дунёдан кузатарлар.
Яна сўради: -Бу қандай қуш?
-Бу менинг тоат ибодатим, ҳайратим белгиси”.
Яна сўради: -Бу на тиргак?
Айтди: Бу хавфу ражо (умид, орзудир), гохида хавфу хатарга тўғри келарман. Орзу умидларга ҳам ишонарман.
Яна сўради: Неча йил бу ҳунар ортидан ҳаёт кечирасан?
— Ўттиз йил.
Шайх Шақиқ раҳматуллоху алайҳ айтди: Бардам бўлгил, ушбу амални қўймагил. Сени жаннатга йўлловчи шу амалингдир.
Бўзчилар ҳақида ривоятлар кўп. Яна бир ҲИКОЯТДА:
Умар Хаттоб разияллоху анҳу бир масжидга кирди. Қараса, бир серсоқол киши чордона қуриб ўтирибди. Умар разияллоҳу анҳу сўради: “Қайдин келдинг?” У Ироқ элидан келганини айтди. “Қандай амалинг, касби-коринг бор?” дея яна сўради. У “ҳобикмен” дея жавоб берди. Араб тилида у бўзчи дегани. Яна сўради: На мақсадда келдинг? У илм ўргангани келганини айтди. Умар розияллоҳу анҳу атрофидигиларга деди: Расул алайҳис саломдан эшитмадингму, қачон бўзчи ўтирса, у ердан қочгин деб. Барча соқолли кишидан қочдилар.
ҲИКОЯТ:
Имом Шайх Жуйбори раҳматуллоҳи алайҳ бир куни шогирдлари билан ўтирар эдилар. Кимдир эшикни қаттиқ-қаттиқ қоқди. “Қоқишига қараганда, у тўрт кишидан бири” дедилар: ё баджаҳл, ё бўзчи, ё муаллим, ё бир ёмон хабарчи. Ҳақиқатда шундай бўлиб чиқди.
Хабарда андоқ келур: Одам сафийнинг умри минг йил белгиланган эди Мисоқ кунида (аҳду паймон куни яъни яратган эгам Одам Атони тахтга ўтказиб яралмишлар билан таништирган кун) барча авлодларини кўрсатди. Баъзиларининг бошларида нур порлар эди. Сўради: “Ёраб булар ким?”. Жавоб қилди: Булар сени ўғлонларинг, нурлилари ёлавочлар (пайғамбарлар)дир. Уларнинг орасида бирининг нури барчасидан ортиқ эди. Сўради: “Илоҳим, бу ким?” Жавоб келди: Довуд алайҳис саломдир, Яна сўради: Илоҳим, унинг ёши неча йил? Жавоб бўлди: Унинг ёзмиши –олтмиш йил. Одам Ато илтижо қилди: Оллоҳим, унинг умрини узайтиргил. Жавоб келди: “Ёзмиши битилган”. Одам Ато яна илтижо қилди: “Илоҳим менинг умрим минг йилдир. Унинг қирқ йилини Довудга бағишладим”.
Қабул бўлди. Бу бағшидага хат-ҳужжат — белги битдилар. Вақи соати етиб, Одам Атодан Азройил фаришта жон олғали келганида, у деди: “Ошиқма, Оллоҳ Таоло бахш этган минг йиллик умримга яна қирқ йил бор”. Азроил жавоб берди: “Сен у қирқ йилни Довуд пайғамбарга бағишлаган эдинг”. Одам Ато уни унитган эди. Мавло Таоло ул битикни фаришталар нишонаси бирла кўрсатди. Ана шундан кейин битиклпр ёзиш қиёматгача мерос бўлиб қолди. Довуднинг юз йил умри тамом бўлди. Одам Ато бу дунёдан рихлат қилди. Ундан етти йил кейин Момо Ҳаво рихлати юз берди. Жаброил фаришта жаннатдан Одамга кафан келтирди. Шисга айтди: “ Отангни ювгил”. Шис ювди, кафанга ўради. Жаброил айтди. “ Сен намоз ўқигин, сен халифасан”. Уч такбир бирла ўқиш буюрилди. У савоби ортиқ бўлсин деб, тўрт такбир бирла намоз ўқиди. Шундан кейин қиёматгача мурдани кафанламоқ, намоз — жаноза ўқимоқ, гўрга кўйиш Одам болаларига суннат бўлиб қолди.
Одам Ато оламдан ўтгач, қирқ беш йилдан кейин Шисга яловочлик тегди. Икки юз етмиш йил халқни эзгуликка даъват қилди. У вафот этгач, барча халойиқ бутга сиғинувчи бўлди.
Хабарда андоқ келур: Шис пайғамбар ўлгач, шариатга даъват этувчи бўлмади. Жумлаи жаҳон аҳли шариатни унутди. Барча жоҳил бўлди. Аллои Таолога қандай ибодат қилишни билмадилар. Бир кун бир масжидга Одам Ато суратини қўйдилар ва унга топина бошладилар. Бу одат тезда тарқалди, болаларнинг ҳар бири ўзига алоҳида сиймони ясаб олдилар. Ким ёғочдан, ким тошдан, ким олтиндан, ким кумушдан ясади. Уч юз йил ана шундай кун кечирдилар. Шундан кейин Мавло азза ва жалла уларга Идрис алайҳис-саломни юборди.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Нодира Саъдуллаева, Тошкент Давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси