“Қисаси Рабғузий” асари: Нуҳ пайғамбар ҳикояти

0
12722
марта кўрилган.

Милодий 1309–1310 йилларда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини китобат оламининг гўзал, бетакрор бир обидасига қиёс этгулик! Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган. 

Қадимий туркий тилда ёзилган икки жилдли ушбу дурдона асарнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева амалга оширган.

Бебаҳо асарнинг навбатдаги қисмида Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳаёти ва фаолияти билан таништирилади.

 Рабғузий ўз асарида тилга олган Нух пайғамбар ҳақида қадимий китобларимизда жуда кўплаб ривоятлар битилган. Қурони каримда ҳам алоҳида сура(71-сура) мавжуд (З.Р;С.Н.).

Кун туғардин кун ботарға Нуҳ яловоч даъвати,

Эллик ўксук минг йил эрди ул рисолат муддати.

Кеча кундуй ўзи ёлғуз қазғу, эмгак юкланиб,

Сўз эшитмаз кофир аро кунда ортди заҳмати.

 Ҳаққа “рабби лотазар” теб ялвориб қилди дуо,

Бу ижобатда дуодин қирқ йил эди мухлати.

Дин учун кўп қин тортиб юриту ҳақ ёрлиқни,

Бизга сўкун эмгак ичра қолмади ҳеч тоқати.

“Васна ал-фулка” амри бирла йўнди уч қат бир кеми,

Ани минди етди эрса халққа тўфон ҳайбати,

Яғди ямғур, эсди еллар, остин-устун олти ой,

Кўрса мундоғ мундин ортиқмавломизнинг қудрати,

Ўзи қолди уч ўғил ҳам уч келинлар етагу,

Барча ўлди ювиб туганди куфру зулмат бидъати.

Набийимизнинг тўлиқ исми — Нуҳ ибн Малик Манусалҳ ибн Идрис. Асли оти Яшкир эди. Унинг ҳаёти тазйиқу нолага тўла бўлгани учун Нуҳ аталди. Одам Атодан Нуҳгача ўн ота – ўн авлод ўтган. Онасининг оти Шамхо бинти Анурш эди. Нуҳдан Одам Атогача ўн ота, ўн авлод яшайди, бари мусурмон бўлган. Нуҳ Мағрибдан Машриққа қадар барча халққа пайғамбар эди. Унинг пайғамбарлик даврида бир қарич ер ҳам одамсиз эмасди. Уйлар туташ бўлиб, томдан томга ўтиб юрса бўларди. Ер юзида экин-тикинга кафтдек ер ҳам қолмаган эди. Йилқи ва молларга тупроқ юклаб, баланд тоғлар бошига олиб чиқиб, у ерда ҳам дон сочиб, тирикчилик қилардилар. У пайтда юртлар ғоят обод, одамлар тўкин-сочинликда яшардилар. Бироқ, қут-бараканинг қадрига етмадилар, Оллоҳнинг яккаю ягоналигига имон келтирмадилар.

       Яшкир-Нуҳга Жаброил пайғамбарлик келтирганида сўради: “Олам кенг, кофирлар кўп, қайга бориб, Оллоҳ йўлига  даъват қилай?”. Хитоб келди: Эй, Нух, сендан айтмоқ, мендан эшиттирмоқ”. Нуҳ имонга даъват этди. Ел Нуҳнинг сўзини машриқдан мағрибгача етказарди: “Оллоҳга иймон келтиринг, Мавлоно бирлигини билинг, менинг Пайғамбарлигимга ишонинг”.

Кофирлар Нуҳни ура бошладилар. Суякларини синдирдилар. Аъзои-бадани қақшаб оғрирди. Мавло эса тунда унинг дардига шифо берарди. Жаброил ҳар куни Оллоҳнинг воҳийсини етказарди: “Эй, Нух, бор кофирларга айтгил, ла илоха иллалоху Нуҳин расуллулохи десинлар”. Бориб айтар эди. Яна калтак ерди, «Оллоҳим, мен қавмимни кечаю кундуз даъват қиляпман. Лекин, чақириқларим уларнинг нафратларинигина зиёда қилди”.

Дархақиқат, Нуҳ тўққиз юз эллик йил Одам Ато болаларини имонга чорлади. Бор йўғи 80 киши 40 аёлу, 40 эркак имон келтирди. Кун сайин машаққати ортарди. Ҳатто, ўз хотини ҳам кофир эди. Бир куни бир қария ўғлини бошлаб, Нуҳ пайғамбарнинг олдига келди. Унинг юзига тупирди, хақорат қилди ва ўз ўғлига деди: “Бу Нух телбадур. Оталаримиз унинг сўзини эшитмадилар. Мен ҳозир нима қилган бўлсам, сен ҳам, авлодларинг ҳам шундай қилсин”. Дея насиҳат қилди. Нух бу сўзларни эшитгач, ўзидан умидини узди. Тангрига илтижо қилди: Эй, парвардигори эгам, ер юзинда бирор кофирни қолдирмагил. Тангримиз илтижони қабул қилди. Қирқ йил ёмғир бермади. Наботот олами унмади, хотин-қиз туғмади. Йилқи, қора моллар қуриди. Нуҳга хитоб келди: дуоингни ижобат қилдим, боргил, чинор ёғочини эккил. Нух дарахт экди. Қирқ йилда у улғайди. Жаброил Нухга таълим берди. Уч қаватли кема ясай бошлади. Кофирлар улар ёнидан ўтса “Сен пайғамбар эдинг, энди дурадгор бўлиб қолдингми?” дея масхаралар эдилар.

Нух Оллохдан сўради: Қачон тўфон ваъдаси бўлур?” Тангри деди: сени тандиринг ичидан сув тошиб чиққан куни.

Кема тайёр бўлганида Нухнинг хотини тандирда нон пиширарди. Тандир ичидан сув чиқди. Нухга хабар келди. Нуҳ ўз аҳлидан  бўлган саксон киши билан кемага кирди. Кеманинг узунлиги уч юз қари (қўл учидан тирсаккача бўлган ўлчов бирлиги) эни 200 қари бўлиб, унинг пасти йилқию подаларга, ўртаси Нуҳ қавмига ва усти қуш-қумирсқаларга мослаштирилди.

Пайғамбарнинг тўрт ўғли бор эди: Сом, Хом ва Ёфас мусурмон эдилар. Канон кофир эди. Фармон келди: барча жонликдан бир эр ва тиши (урғочи) олиб кемага кир, уларнинг уруғлари  қуримасин. Ер юзидаги барча жониворлар йиғилдилар. Бир урғочи, бир эркак тутиб кемага солдилар. Ўғли Канонни кемага чорласа, ёрлик(фармон) бўлди: Ўғлинг сени аҳлингдан эмас. Нух айтди: Эй Канон, имон келтир, кемага кир, тўфон сени ҳалок қилмасин. Канон айтди: Мен баландга чиқиб, тоғларга сиғингайман. У мени асрайди. Нуҳ яна деди: Бугун худонинг азобидан қутқарадиган ҳеч бир зот йўқдир. Фақат Худонинг рахматига сазовор бўлган одамгина омон қолади.

Шу жавобдан кейин тандирдан чиққан сувнинг келиши кучайди. Канон тоққа қараб қочди. Сув тиззасига келди.  Ёнида ўғли борарди, уни оёғи остига олиб, тепасига чиқди. Ўғли ҳам, ўзи ҳам ҳалок бўлди.

Кемага биринчи бўлиб қумурсқа,  энг охирида эшак кирди. Эшакни судрадилар у юрмади, чунки шайтон унинг қуйруғини тортиб турарди. Нуҳнинг жаҳли чиқди. Киргин, эй маълун дея сўкди. Иблис эшакнинг думидан ушлаб кемага кирди. Нуҳ иблисни кема ичида кўрди. Эй, маълун кимнинг фармони билан кирдинг? дея сўради. “Киргин маълун деб айтдинг. Эшак маълун эмас. Бу менман. Сени фармонинг билан кирдим”. Жавоб қилди у.

Яна Оллоҳ фармон берди. Одам Атонинг суягини келтириб, кемага киргил, азоб суви тегмасин. Кемага келтирди. Кеманинг бир чеккасида эркаклар, бир чеккасида хотинлар эди. Одам Ато суяклари улар орасида ҳижоб бўлди. Айтишларича, Одам Ато суяклари Жадида, эти ва териси Сарандабда эмиш. Улар  Ражаб ойининг ўнинчи куни кемага кирдилар. Олти ой кемада бўлишди. Қирқ куну  тун ёмғир ёғди. Ҳар томчиси тегирмон тоши эди. Ер юзидаги  қанча баланд тоғлар бўлса улар қирқ қари сувга ботган эди.

Рабғўзий Нуҳ пайғамбар қиссасида ҳайвонот олами орқали (қалдирғоч, чивин, сичқон, мушук, илон каби)меҳр-муҳаббат, садоқат, хоинлик, иғвогарлик феъл-атворларни қиёслайди(З.Р;С.Н.). 

Ривоятда айтишларича, кемада учта жонивор бўлмаган. Мушук, сичқон, тўнғиз. Сичқон пайдо бўлганида кемани кемира бошлайди. Худога илтижо қилди. Фармон бўлди. Нуҳ қўлини йўлбарснинг бошига қўйди. Унинг бурнидан икки мушук отилиб чиқди. Ва сичқонни тутиб еди.

Сичқон кемани тешганида, сув йўлини бекитиб бўлмади. Нуҳ айтди: ким бу тешикни беркитса не тиласа бераман. Илон айтди: “Агар дунёдаги қайси эт(гўшт) тотли бўлса шуни берсанг, сувни беркитаман”. Илон сувга кириб беркитди. Ичидаги сувни ташқарига отдилар. Хавф қолмади. Нуҳ чивинни чақириб деди: билиб кел Ер юзидаги қайси мавжудотнинг гўшти  тотли экан. Чивин учиб кетди-ю, тез қайтавермади. Кейин қалдирғочни юборди. Қалдирғоч чивинни топди. Қайси эт мазали эканлигини сўради. У одам эти дея жавоб берди. “Қани оғзингни оч, ҳидлаб кўрай гапинг ростлигини хушбўйидан биламан” деди қалдирғоч. Чивин оғзини очганида қалдирғоч унинг тилини  узиб олди. Шу-шу  чивин гапирмай визиллар эмиш. Иккаласи Нуҳ пайғамбарнинг ёнига қайтдилар. Чивин визиллаб гапираолмасди. Унинг ўрнига қалдирғоч деди: Мен билан сўзлашди, дунёдаги энг мазали гўшт сув бақаси, деяпти. Кеч қолгани учун қўрқиб гапира олмаяпти.

Нуҳ алайхиссалом бақа гўштини илонга берди. Агар у кун қалдирғоч инсонларга  эзгулик қилмаса, одам болалари илонга ем бўларди.

Кейинги ривоятни мушуклар нега инграйдилар? Деб айтса бўлади. Унда муаллиф ғаразгўйликни, иғвогарликни қоралайди(З.Р;С.Н.).

Яна мақсадга келамиз? Нух алайхиссалом кемадагиларга  айтди: Жуфтларингизга яқинлашманг, кўпайишса кемага сиғмайди. Бир куни мушук итни кўрди, жуфтига қовушган эди. Бориб Нух пайғамбарга ёмонлади. Итдан сўраса тонди. Мушукни алами келди. Оллоҳга ёлворди: Сенинг пайғамбарингга  ёлғон гапирди. Уни ўзинг Нухга исботлаб бер, дея  илтижо қилди. Уларни пойлаб юрди. Иккинчи кўрганида Нухни чақирди. У келиб кўрди. Ит ҳам Оллохдан мушукни шарманда қилишни сўради. Мавло унинг дуосини ижобат қилди. Бироқ, уни бошқача йўл билан шарманда қилди. Мушуклар қачон жуфтлашишга ҳожат сезсалар, жумлаи жаҳон биладиган даражада инграйдилар. Маълум бўлдики, ким-кимни айбини очса, ўзи шунга мубтало бўлар экан.

Навбатдаги ривоятда нега сувлар турфа таъмли эканлиги ҳақида фикр юритилади.Унинг сабабларини фан олами бугун ҳам излайди(З.Р;С.Н.).

 Кема олти ой юргач, қуруқликка етди. Авж кемани тўхтатди. Кемани тортишга Авждан бошқанинг кучи етмасди. Мавло Таоло шунинг учун уни ҳам ҳалок қилмади. Ундан кейин ёрлиқ бўлди: Эй, Ер сувни ют, осмон ёмғирни тўхтат. Сувлар синггач, тоғу адирлар кўринди. Оламда шўр, сассиқ, чучук, кўл-у, денгизлар пайдо бўлди. Бадбўйлик ва шўрлик тўфонда ўлганлар сабаблидир.

Хўроз нега учмайди? Ушбу ривоят ҳам жуда эътиборга молик (З.Р;С.Н.).

Хитоб келди тоғларга. Мен Нуҳни кемасини тоғларга жойлаштираман. Барча тоғлар бизга қўнса эди, деб орзуладилар. Жадий тоғи барча тоғлардан паст эди. Уни шу ерда жойлашга изм берилди. Нух: ер юзинда сув қанча миқдор қолди. Ким билиб келади дея сўради. Қора қарға бориб келиш истагини билдирди. Уни тез қайтиб келишига хўроз кафил бўлди. Қарға учиб кетди. Мурдалар кўплиги туфайли уларни еб кеч қолди. Хўроз кема томонга чиқиб, уни чорлай бошлабди. Қарға садо бермабди. Хўроз унгача учар эди. У дараклагани учмоқ бўлди. Нух уни олиб қолди. Шу-шу хўрозлар учмас бўлди. Ва инсонлар билан уйда яшар экан. Шунинг учун кафолатнинг яъни бирор нарсага кафл бўлишнинг аввали маломат, кейингиси надомат, охири эса жарима тўлашдир.  Кимки, ишонмаса синаб кўрсин. Нух алайхиссалом қарғага дуо қилди. Шунинг учун унинг умри машаққатда ўлимтик еб ўтади.

Каптарнинг нега гўшти ейилмайди? Ундан кейин пайғамбар кабутарни жўнатди. У балчиқроқ ерга кўнди. Азоб суви сассиқ бўлгани учун оёғи қизғич бўлди. У Зайтун дарахти япроғини тумшуғида олиб келади ва кўрсатади. Нух кабутарни эзгу дуо қилади Одамийлар сенга  меҳрибон бўлиб, уйларидан ўрин берсинлар. Каптар айтди: Яна таъмам бор. Нуҳ яна дуо қилди. Мавло Таоло каромат қилди. Шунинг учун унинг гўшти ейилмайди.

“Эй, Нуҳ, биз томондан бўлган, саломатлик ила туш” деган ёрлиқ бўлди. Шом вилоятида денгиз бўйида шаҳар бунёд этдилар. Уни ”Қарят ус самонина” деб атадилар. Олти ой сув ичида юриб барчаси ҳолдан тойган эди. Бари бирин-кетин ўлиб жами етти киши қолдилар. Нуҳ ҳамда унинг уч ўғил ва уч келини омон қолишди. Бугунги яхши ёмон одам борки, бари Нуҳ ўғилларидан тарқалган. Катта ўғли Сом, ўртанчиси Ҳом, учунчиси Ёфас эди.

 Бир куни Нуҳ узрли бўлиб, ел чиқарди ва этагини кўтарди. Андоми очилди. Ҳом уни кўриб кулди. Сом Ҳомни тартибга чақирди. Ёфас уни кўриб тўни билан беркитди. Мавло таоло Ҳомнинг шумлигидан унинг нутфасини қора қилди. Болалари қора бўлиб туғилишди. Уялганидан хотинини қўлидан ушлаб чеккага олиб чиқди. Денгиз бўйида қамишдан уй ясади. Бугунги зангилар, ҳабашлар, ҳиндулар бари унинг авлодларидир. Араб ва ажамнинг отаси Сом, Ҳомни Ҳиндистонга, Сомни ажам ва араб вилоятига Ёфасни Туркистон вилоятига жўнатди. Барча туркийлар Ёфас уруғидандир. Отасини айбини бекитгани учун парвардигори эгам уларни ёрлиқолди. Уларни азиз ва мукаррам қилди. Ушбу ривоятни Абу Исҳоқ Нишопурий “Қиссаси ал-анбиё” асарида келтирган. Бошқа олимларнинг ёзишича, Яъжуж ва Маъжуж Ёфас уруғидан дерлар. Яна ёзишларича, Одам уйқусида туш кўрди. Нутфаси ерга томди, тупроққа қоришди. Мавло таоло ушбу томчидан Яъжуж ва Маъжужни яратди. Демак, улар бизга ота томондан қориндош бўларлар, аммо она томондан яъни Момо Ҳаво томондан ўгай ҳисобланарлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишича Одам ўғлонлари ўн хилдир. Тўққизи Яъжуж ва Маъжуж  каби бири эса барча одамийлар каби экан.

Яна бир ривоятда айтилишича, Нуҳнинг бир қизи бор эди. Унга совчи келди. Беришга ваъда берди. Яна уч совчи келди. Уларга ҳам ваъда берди. Қиз узатиладиган куни келганида қайғуга ботди. Уйида бир қанжиқ ити ва эшаки бор эди. Улар Оллоҳнинг амри билан қиз бўлишди. Ужмоҳдан (жаннат)дан бир ҳурни жўнатди. Уларни ваъдалашганидек никоҳлаб узатди.  Ота улар орасида ўз қизини таний олмас эди. Бари бир хил сувратли эди. Бир куни қизларини кўргали борди. Куёвдан сўради: Жуфтингдан кўнглинг тўлдими? “Жуда яхши. Фақат бир одати бор, емайди, ичмайди,” дея жавоб берди. Нуҳ уни ҳур қизлигини билди.  Иккинчи кудасиникига бориб, у куёвга ҳам шу саволни берди. “Яхши-ю, ҳеч жағи тинмайди, жаврагани жавраган”. Нуҳ унинг қанжиқ эканлигини билди. Учинчисидан сўради.”Ейди, ичади, эшакдек ётаверади” Уни ҳам ўзининг қизи эмаслигини билди. Тўртинчи куёвидан сўради. У жавоб қилди:”Пайғамбарлар уруғидан эканлиги сезилиб туради. Мен ундан жуда хурсандман.” Нуҳ пайғамбар билдики, у ўзининг қизи. Унга олиб келган ҳадясини берди.

Қиссадаги кейинги ривоятда дунё икки эшикли сарой эканлиги ҳақида гапирилади. Бугунги кунда ишлатиладиган дунё икки эшик ораси деган матал ниҳоятда қадимий эканлигини билдиради(З.Р;С.Н.).

Айтишларича, бир куни Жаброил келиб сўради: Эй Нуҳ, сени умринг барча пайғамбарлардан узун бўлди. Дунёни қандай англадинг? Нуҳ жавоб қилди. Дунёни икки эшикли сарой деб билдим. Бир эшикдан кирдим, биридан чиқдим. Айтишларича, Нуҳга юз ёшида пайғамбарлик келди. Хаққа халойиқнинг имон келтиришни сўраб 950 йил даъват қилди. Тўфондан кейин яна 350 йил яшади. Яна айтмишлар Одам Атодан тўфонгача 2200 йил эди. Андан кейин Нухнинг вафоти бўлди. Нуҳ пайғамбар рихлатидан кейин халойиқ 300 йил унинг шариатида турди. Кейин кўпчилиги кофир бўлди. Шариатни баён қилувчи қолмади. 300 йилдан кейин Ҳуд яловоч инсониятга эзгулик тарқатиш учун юборилди.  

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.