“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
279
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асардаги Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Айтишларича, Юсуфнинг етти қат саройи бор эди.  Барча томлари олтин, кумуш билан безак берилган ёғочлари ақиқ билан  безатилган эди.  У етти қат саройни турли-турли нарсалар билан безади.  Илк саройда Миср улуғлари ўтирди. Ипак тўнли, олтин белбоғли  кишилар. Иккинчи уйни яшил билан безади, беклар ўтирди. Учинчи уйни қизил безак билан безади, баҳодирларни ўтқазди.  Тўртинчи уйни насх бирла безади. Оқсоқоллар ўтирди. Бешинчи уйни лолалар билан безади, унда мунажжимлар ўтирди. Олтинчи уйни ипаклар билан чўлғади, унда донишмандлар ўтирди. Еттинчи уйни чечаклар билан безади, унда олтин тахт қўйиб, хизматкорлари бирла эди. Унинг ўнг томонида   минг йигит олтин гурзи, чап томонида минг йигит ёй- камон кўтариб турарди. Орқасида бир туп қизил олтиндан дарахт, бутоқлари кумушдан, япроқлари инжу ва ёқутдан безатилганди.

Қариндошлари келганида уларни ушбу жойга киритди.  Бу дабдабани кўриб, Миср малики бизга ёвузлик истайди, деб ўйлаб қўрқдилар. Уларни ёнига тахтга ўтқазди. Ўзи ҳам ибн Ямин билан тахт узра ўтирарди. Ёқуб ўғлонларининг бу учинчи келиши эди. Қаҳатчилик шу даража ортган эдики, бу келишида ўтмас матоларни олиб келдилар. Улар инграниб ёлвордилар: “Эй, улуғ зот, бизни ва аҳли оиламизни очарчилик ушлади.  Бизлар бу сафар ҳузуринггга бошқа нарсамиз йўқлигидан ўтмас матоларни олиб келдик.  Бизга етарли ўлчовда озиқ-овқат бергин ва бизга хайр-садақа қилгин. Оллоҳ, шак-шубҳасиз, сендек садақа берувчи зотларга мукофотлар ато этгувчидир”.

 Юсуф билан Ямин тахтдан тушиб, ичкари уйга киришиб йиғлашди. Ёнидагилар сўрашди: “Мисри азиз, тўрт йил бўлди, қаҳатчилик, халойиқ йиғлаб ёлвориб илтижо қилиб келади. Уларга ёрдам кўрсатасан, бироқ ҳеч йиғламас эдинг. Сенга нима бўлди?”

 – Улар менинг қариндошларим, шунча кишининг олдида уялмасдан ёлвориб йиғлашди. Мен нега йиғламайин.

– Билмайсизми, бир соғу буғдой қирқ олтин бўлди.  Бу келтирганларингиз арзимас, – деди.

Ҳар сафар Юсуф уларни меҳмон қиларди. Бу сафар иззат қилмади.

Айтишларича, одам болаларига минг турлик бало юборинг, ўзидан кетмас, очлик юборинг ўзидан кетар. Минг шайтон қилмаган ишни бир соат тўқлик қилар.

Яна нақл қилишларича, Оллоҳ таоло одамийнинг нафсини яратди, садо келди: “Мен кимман, сен кимсан?”

Нафс айтди: “Сен сенсан, мен менман”. Мени деса роҳат-фароғатда яшайди, тўқ бўлади. Қачонки оч бўлса:  “Худоё сен Оллоҳсан, мен қулман”.  Яна Мавло таоло ёрлақар, жаннатийлар жаннатдан дўзахни кўрарлар, дўзахийлар жаннатийларни кўрарлар. Барча дардларга тоқат қиларлар, аммо очлик ва сувсизликка чидамаслар. Дўзахийлар жаннат аҳлига “Бизларга сувдан ёки  Оллоҳ таолонинг берган неъматларидан бир оз ташланглар”, деб нидо қилиб ёлворар эканлар. Жаннатийлар жавоб қилар экан: “Икки неъматни – емоқ ва ичмоқни кофирларга ҳаром қилгандир”.

Мақсадга ўтсак, етти кун Юсуф саройида қолдилар. Улар айтдилар: “Эй, Азиз, бизнинг бисотларимиз сенинг хазинангга ярамас. Сен бизга мунглиқ эмассан, бизлар сенга мунглиғмиз, бизни ноумид қайтарма, садақа қилғил, озиқ-овқат бергил, садақа берувчиларни  Оллоҳ мукофотлайди”.

Ҳомид Насавий ҳикоя қилишича, Юсуфнинг садақа беришига қирқ минг олтин харж бўларди. Кечқурун берадиган садақа ошига ҳам шундай.

Айтдилар: “Эй, малик, сенинг жувонмардлигинг барча оламга ёйилди. Биз ғарибларни ҳам ёрлиқолсанг на бўлгай, кекса отамиз бор, Ямин учун йиғлаяпти, отамиз ва бизга раҳм қил. Ибн Яминни бизга садақа қилиб бер. Мукофотинг эзгулигини Оллоҳ бергай”.

Айтмишлар, Юсуфни “қолу ё айюҳал азизу”, яъни азиз дея ўзларини хўрладилар. Иккинчи, “массано ва аҳлано аз-зурру”. Учинчи келтирганларимиз сенга ярамас, – дедилар, “жиъно би бизоъатин музжотин”, тўртинчиси уни адл билиб тиладилар — “фа авфи  лано алкайла”, бешинчи, умид қилдилар – “тасаддак алайно”, олтинчиси, берган жазога ваъда қилдилар – “инналлоҳа яжзи ал  мутасаддиқин”.

Абдуллоҳ Ҳорис ибн  Навфал розияллоҳу ривоят қиларлар. Улар Яминни кўрмадилар, айтдилар: “Эй, Азиз, ўғрилик қилган қариндошимиз қани?”. Юсуф айтди: “Сотдим, битик олдим. У иброний тилида. Биз ўқий олмаймиз. У сизнинг тилингиз, ўқинг, эшитайлик”.

Яҳудо қўлига олиб, уялиб, Шамъунга берди, у Ловийга узатди. Битик қўлдан-қўлга, ўтди. Ўқимадилар, бу ёзувни билмаймиз дедилар. Ўз тилингизни қанақасига билмайсиз? – сўради Юсуф. Қариндошларининг юзлари сарғайди, ёлвора бошладилар ва сўрадилар:  “Бу битикни ўқишдан сизнинг мақсадингиз не эрур?” Ҳар жазо бўлса биз тортайлик, уни бизга ўқитма. Ўз битигимизни ўзимиз ўқий билмасмиз. Қиёмат бўлса, ҳар бир банданинг қилмишларини битиб қўлига бергайлар. Ул бандалар кўрсалар барча қилмишлари битилган. Оллоҳ таоло ўқи деб буйруқ берганда, буни биз уялгандан ўқий билмаймиз дегайлар.

Яна Юсуф Яҳудога берди ва айтди. Яҳудо ўқиди: Бу ул битик турурким, Малик Заър Ёқуб ялавоч ўғлонларидан Юсуф отлиғ бир ўғлон олди. Қачон Малик Заър отин эшитди айтдилар: “Аввал бўри еди деб эдингиз, энди қул сотдик дейсиз. У сизга қариндош экан, қариндошни сотиш тўғрими?” Тутинг бўларди деб барини туттирди.

Миср улуғларини йиғдирди, буларни нетак қилайлик? деб сўради. Баъзилар қўлларини кесинг деди, баъзилари дорга осинг деди. Юсуф айтди: “Буларни қин билан қийнанг, токи қийинчилик билан жон берсинлар. Токи ўзгаларга ҳам панд бўлсин, ҳеч ким ўз қариндошини сотмасин”.

“Эй, Азиз, бу кун бизни сазомиз куни. Сандан бизни тилагимиз, бизни ўлдирганларидан сўнг ярамас бисотларимиз билан бирга суякларимизни отамизга юбор”. Яна Яҳудо йиғлаб деди: “Отамиз ялавоч бу кун бир ўғил учун йиғлаб, кўзи кўр бўлди. Энди ўн ўғил учун аҳволи не кечар экан?” Барчаси  йиғлашиб, фарёд қилиб айтдилар:

Ва асофо ала фироқи қавмин

 Ва-лмудну ва-музну ва-рраваси

 Кам тағаййара лана ал-лайали

 Вакуллу ҳамдин лана кулубу

Ҳуму-лмасобиҳу ва-лҳусуну

Ва-лхайлу ва-лунсу ва-ссукуну

Ҳатта таваффахум улмануну

Ва куллу ма лана уйуну

Туркий

Бу бизтек қатиқ қиндаким бор бу кун,

Урулди ориғ жонға турлук тугун.

Ғарибликда эрксиз тушуб ийланиб,

Эссиз ўн қариндош ўлармиз бу кун.

– Аввал, озиқ-овқат садақа қил дедик,  сўнгра ундан кечиб ибн Яминни садақа қил дедик, энди ўз бошимизни садақа қил деб сўраймиз.

Барча Миср халқи у фарёдни кўриб бўзладилар. У ҳолда Жаброил келиб айтди: “Эй, Юсуф, Оллоҳ таоло ёрлиқолди. Буларга машаққат юкламагил. Келтирганларин олмайсан, ваъда қилган буғдойни бермассан. Яна ўлдираман деб қўрқитасан”.

Уларни чақириб Юсуф айтди: “Бисотингизни қабул қилдим. Донни сўраганингиздан ҳам ортиқ бераман. Қолган ишларингизни ҳам битказайин, – деб уларни севинтирди.

Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.