– Юсуфни олиб кетдингиз, келтирмадингиз. Мен сизга Яминни қандай ишонаман?
– Сен ишонадиган бир тадбир қилайлик. Яминни Оллоҳ таоло хохласа, омон эсон олиб келгаймиз.
– Менга Оллоҳнинг номи билан қасам ичинг. Яминга ёмонлиқ қилмагайсиз.
Барчаси Оллоҳни ўртага қўйиб сўз бердилар ва далолатнома битдилар.
Ялавоч ўзига берилган буғдойнинг ярмини халққа улашди. Ўғиллари Яминни олиб яна йўлга тушдилар. Отаси деди: – Олиб борган нарсаларни қопларингизга солиб қайтарибди. У сизни синамоқчи бўлган. Қайтариб олиб боринглар. Иккинчидан, Мисрга ҳаммангиз бирдан кирманг. Турли эшикдан кириб боринглар. Кўз тегмасин.
Ҳадис: “Ёмон кўз эрни қабрга, туяни қозонга киритади. Нақл қилишларича, арабларда бир қабила бор эди. Барчаси кўзи қаттиқликда машҳур эди. Қачонки, улар гўшт егилари келса, хотинларига қозон остириб, йўл бошига чиқиб, гўзал отинг ёки тевинг ёки сигиринг бор, деса бўлди, улар сўлчаяр эди. Уларнинг гўштларини арзонга сотиб олардилар.
Ҳикоят. Қурайш кофирлари пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ёмонлик тилаб, қўзи қаттиқлардан бирини ёлладилар. У одам Расулга келмасдан бурун Жаброил келиб, унга ёмон кўздан асрагувчи дуо ўргатди. У шундай: “Албатта, кофирлар Қуръони Каримни эшитганида сени ёмон кўзлари билан тойдиришларига оз қолди. Ва улар, албатта, бу мажнун бўлса керак дейдилар, ваҳоланки, бу Қуръони карим тамоми олам аҳли учун улуғвор нажот ва насиҳатдир”.
У кимса келиб, Расулга кўз солгунча Расул ушбу оятни ўқиб ўзига дам солди. Афсунгарнинг икки кўзи отилиб кетди.
Яна ривоят: Бир кекса Расулга келиб деди: “Ё Расуллоҳ, биз саҳрода йилқи пода кетидан юрамиз. Бироқ, биримиз икки бўлмайди”. Расул айтди: “Мол ҳолни сотинг, эл орасига кириб, деҳқончилик билан ҳам шуғулланинг. Экинларингиз орасига қўбошлар (қўриқчилар) ўрнатинг”.
Улар Расул айтганидек қилдилар. Ишлари ўнгланди.
Савол: Экин орасида қўбош-қўриқчи ўрнатишдан мақсад нима?
Жавоб:Агар экин орасида қўбош бўлса, серҳосил далага кўз тегмайди. Ёмон кўз аввал қўбошга тушади, сўнгра ҳосилга ўтади.
Савол: Биринчи назар қаттиқ, кейинги назарда кўз тегмаслигига сабаб нима?
Жавоб: Кўзнинг зарари, зиёни биринчи назарда бўлади. Кейин қанча боқсин, зарар қилмайди.
Савол: Кўз тегмакнинг ҳикмати недур?
Жавоб: Мавло мўминни севди, мўминни севинг, деб даъват қилди. Қачон мўмин бир нарсага суқланса, қаттиқ меҳр қўйса, мавлога хуш келмас. Ул одамни ҳалок қилур. Чунки Расул алайҳиссалом айтадилар: “Мен рашкчиман, Саъд ҳам рашкчи, аммо, Оллоҳ ҳар иккаламиздан ҳам рашкчироқдир”.
Савол: Кўбошнинг тегар кўзни ёндирурга қандай қудрати бор?
Жавоб:Қўбошнинг қудрати йўқ, лекин арабнинг одати бор. Бутларнинг ҳам одамийларни оғдиришга қудрати йўқ, ва лекин оздирмоққа сабаб бўлади. Худди шундай.
Ёқуб ялавоч ўғиллари Мисрга келдилар. Отаси тайинлаганидек, ҳар бири бошқа-бошқа дарвозадан кирдилар. Ямин Яхудо билан бир дарвозадан кирди. Барчадан бурун саройга келдилар. Ёқуб ялавоч Юсуфга совға бермиш эди. У Иброҳим яловочнинг дастори эди. У Ёқубга мерос эди. У билан бирга салом қилдилар, уни ўртага қўйдилар ва айтдилар: “Ёқуб ялавоч айтди, бу дастор отам Иброҳимдан мерос қолди, мен сенга бердим”. Юсуф у совғага севинди. Чунки дастор кимга тегса, у пайғамбар бўлар эди. Яна юкларнинг ичидан чиққан нарсаларни қайтардилар. Бу нарсалар юклар ичига янглашиб қўйилган бўлса керак, дедилар. Юсуф айтди: Яхши қилдингиз. Бу нарсаларга муҳтож эмасмиз. Барчаси сизга бўлсин, йўлга озуқа қилинг. Юсуф билдиким, уларни отаси юборган. Хизматкорларга Юсуф парда ичидан айтди:“Олти табоқда таом келтиринг”. Келтирдилар.
Айтишларича, Ёқубнинг ҳар икки ўғли бир онадан эди. Юсуф айтди:”Бир ота-онадан туғилганлар бир табоқдан овқат есин”. Қариндошлар ана шундай қилганда Ямин лаган ёнида ёлғиз қолди ва ибн Ямин йиғлай бошлади. Юсуф уни кўриб парда ортидан сўради: “Нега йиғлаяпсан?” Ямин айтди: “Мени отам онамдан туғилган акам бўлганида бугун ёнма-ён ош ерди, деб йиғлайман”.
Юсуф айтди: “У қариндошингизга дастур беринг, менинг билан бирга таом есин”. Барчалари хурсанд бўлиб айтдилар: “Бу бизга шарафдир”. Ибн Яминни парда ортига олиб тахтга ўтқаздилар. Олдига таом қўйдилар. Юсуф юзидаги ниқобни кўтарди.Ямин Юсуфни кўриб, оҳ уриб ўзидан кетди. Юсуф унинг оғзини бекитди, гулоб келтириб, оғзига сепдилар. Юсуф сўради:”Не иллатинг бор? Тутқаноқлимисан?” Ямин айтди:“Биз ялавочлар уруғимиз, бизда тутқаноқлик иллати бўлмайди. Маликнинг жамоли менинг йўқолган оғамга ўхшайди. Оғамни соғиниб ўзимдан кетдим”.
– Қайғурма, ғойиб бўлган аканг менман.
Ибн Ямин яна ўзидан кетди. Яна гулоб сочдилар, ўзига келди.
– Отамнинг аҳволи қандай?
– Сени ғамингдан “Байтул аҳзан”га кириб, йиғлайвериб, икки кўзи кўр бўлди.
Юсуф бу сўзни эшитиб йиғлаб, ҳушидан кетди. Ўзига келганида Яминга айди:”Сен ош егин, менга қариндошларим қилган ёвузликларни айтайин”. Ош егандан сўнг айтди:”Аввал мени қудуққа ташладилар. Қудуқдан чиқариб, қул этиб сотдилар. Ундан зиндонга тушдим. Узоқ йиллар зиндонда ётдим. Мавло таоло фазли бирла ундан чиқдим. Ана шундай мамлакатни ва подшоҳликни берди. Бу сўзни улардан яширгил”.
Давоми бор.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси