Сафар Барноев: Сўзларда инсоннинг юраклари бор

0
2760
марта кўрилган.

Сафар Барноев хх асрнинг 60 йилларидан кейинги ўзбек болалар адабиётини ҳам шоир, ҳам носир, ҳам публицист сифатида бойитган ва шу асосда ҳақли равишда ўз ўрнини топа олган ижод оламининг ёрқин намояндасидир.

            Болалиги иккинчи жаҳон урушининг таҳликали йилларига тўғри келган адиб ижодида ўзбек болалар адабиётининг ранг-баранг муаммолари билан бирга болалар тақдирида аянчли из қолдирган уруш даҳшатлари ҳам кенг ўрин олган…У бир умр ота меҳрини қўмсаб, соғиниб яшади. Бу нарсани “Дадамнинг қўллари”, “Дадамнинг қопчиғи”, “Дадалар” каби тўпламларида аниқ кўрамиз, ҳис қиламиз.

Шунингдек, «Соғинч» (1975), «Юлдузхон ва Баҳоржон» (1977), «Солдат қайтган кун» (1979), «Оқ лайлаклар» (1982), «Эгизаклар» (1985), «Мукофот» (1983), «Тинчликни улуғлаймиз» (1986), «Дадам ҳақида қўшиқ» (1989), «Каримжон — кармон» (1988), «Белые аисты» (1990) каби ўнлаб шеърий, насрий асарлари чоп этилди. Буларнинг кўплари рус, украин, белорус, латиш, молдован, поляк, чех, арман, озор, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман ва қорақалпоқ тилларига ҳам таржима қилинган.

            Ижодий фаолиятини республика болалар газетасида бошлаган Сафар Барноев ўзбек болалар матбуоти тарақиётига ҳам муносиб ҳисса қўшди. “Гулхан” журналига раҳбарлик қилган даврларида ўнлаб ёш қаламкашларни кашф қилди, уларнинг маҳоратлари ошишида янги-янги асарлар ёзишига туртки бериб. устоз мақомига ҳам эришди. Шу билан бирга сермаҳсул ижодида сўзларнинг қадрига етди, улардан заргарона  фойдаланди.

                        Сўзларда инсоннинг юраклари бор,

                        Сўзларда инсоннинг тилаклари бор.

                        Сўзлар шамолларга учмасин асло…

                        Инсон айтганидан кечмасин асло… дейди шоир бир шеърида.

Зеро, шоир бутун ҳаёти давомида ана шу тўртликка амал қилди, ҳамиша айтган сўзида турди. Ҳалол лафз билан яшади. Бироқ битта, биттагина гапининг устидан чиқа олмади. Сафар ака бот- бот “Неъматнинг (таниқли ёзувчи Неъмат Аминов) отаси 100 йил умр кўрди. Биз ҳам 100 ёшга кирамиз, дердилар. Афсуски ўзлари бу ҳаётдан 63 ёшларида кўз юмдилар. Начора, бандаси бу борада ожиз экан. Аммо,  Сафар ака ушбу ташбеҳда адашди, дея олмаймиз, чунки ижодкорнинг умри у ёзган асарларда давом этиши айни ҳақиқат.  Марҳум устозимизнинг умри у киши адабиётимизга қолдириб кетган 20 дан ортиқ сара асаларда давом этаверади. Бу асарларни ўқувчилар ҳамон қидириб топиб, меҳр билан ўқиётган  экан, шоирнинг орзу қилган ниятлари ила айтганда  100 йил эмас 500 йил яшайдилар, —дейди узоқ йиллар «Гулхан» журналида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ёнма-ён ишлаган моҳир журналист Муҳаббат Ҳамидова.

Сафар Барноев ўзининг «Тинчликни улуғлаймиз» китоби учун Ғафур Ғулом мукофотига сазовор бўлган.

           Гарчи устоз ўзбек  адабиётида болалар ёзувчиси деб тан олинган бўлсаларда катталарга ҳам жуда яхши шеърлар, ҳикоялар ёзиб қолдирганлар. Қуйида улардан айримарини эътбрингизга ҳавола қиламиз. Чоп этилмаган ушбу шеърларини Сафар Барноевнинг қизи, олий тоифали врач  Юлдуз Сафаровна Мўминова отасининг 80 йиллиги муносабати билан падари бузрукворини эслаб таҳририятларга тарқатиб чиқди.

 

                         Г У Л

Қўлга тегмасдан бурун,

Даста бўлиб бойланди гул.

Кулди ёрнинг чеҳраси,

Ёр бошидан айланди гул.

           Умримиз этсин давом,

           Ёру диёр кулсин мудом

          Элчиман шодликка деб

         Дил боғида сайланди гул.

               ҚАРИЯЛАРГА ҚАСИДА

Бобомизни агар сийласак,

Момомизни агар сийласак,

Бу қарзимиз бир кун қайтади

Жонимизни фидо айласак.

       Уйимизнинг тўри сизники,

      Қалбимизнинг қўри сизники

      Чироғимиз нури сиз билан

      Кўзимизнинг нури Сизники.

Сиз борсизки, баракамиз бор,

Тўю ҳашам маъракамиз бор.

Қарияси бор ҳар бир хонадон

Бу дунёда билинг бахтиёр.

       Нозиклашиб борар таъбингиз

     Бажарамиз ҳар талабингиз.

     Неварам деб, неваралар деб

     Уриб турса бўлди қалбингиз.

                Б У В И Л А Р

Ойижоним койиди,

Қаранг Саври холани.

-Туғмагандим,қулоқсиз

Қилиб сендай болани.

     Онам бор деб бир келиб

     Мендан хабар олмайсан

    Акаларинг гапига

    Сира қулоқ солмайсан.

Бор, қозонга ўт ёққин,

Дамлаб келгин аччиқ чой!

Ширин-ширин сўзимни

Соғингансан ҳойнаҳой.

    Бизлар бўлдик хангу манг

    Кампир койир кампирни,

   Нон ёпишчун битта чол

   Ёқаяпти тандирни..

Саври хола жим турар

(Илож йўқ бундан бўлак)

Ёшмас Саври хола ҳам,

Невараси бир этак.

     Юзга кирган онаси

     Кўзин узмас холадан

     Иш буюрар ёнбошлаб

     Боласан-да, боласан.

Саври хола пилдирар

Бир кам саксон ёшида.

Неваралар мўлтирар

Бувиси ёнбошида.  

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.