Умра фарзлардан бири–эҳромни элликбошимиз, зиёли инсон Бекмирза Зиёев тавсияси билан гуруҳимиз Мадина-ю мукаррамада кийди.
Автобусимиз Макка-ю мукаррамага йўлга тушганидан элликбошимиз талбияни яъни лаббайкани бошладилар. Барча зиёратчилар у кишига жўр бўлиб, такрорлашди. Назаримизда автобусни фаришталар қуршаб олгандек бўлди. Зиёратчиларни осуда ва хуш кайфият эгаллади. Йўл-йўлакай масжидларга тушиб намозларимизни ўқиб олишга имкон ҳам яратилди. Жамоа билан намоз ўқиш муқаддас даргоҳ зиёрати насиб этганига шукурона билдириш билан бирга, юртимизга, элимизга, оилаларимизга эзгу тилаклар йўллаб дуолар ҳам ўқиш эди.
Макка-ю мукаррамага етиб келганимизда юкларимизни Ҳилтин меҳмонхнасига қўйдикда, Масжидул ҳарам зиёратига шошдик. Фақат икки аёл меҳмонхонада қолди. Улар аравада айланиш истагида бўлиб, бири 79 яна бири 81 ёшли кексалар эди.
Байтуллоҳ сайёрамиздаги биринчи қурилган уй, еттинчи осмондаги Байтул Маъмурнинг соясидаги муқаддас даргоҳ, Ер юзининг қоқ марказида жойлашган Каъбаи муаззама зиёратчилар билан гавжум. Ҳамма-ёқ чароғон. Диллар нурафшон эди.
Онаси синглиси, турмуш ўртоғи ва тоғаси билан борган сурхандарёлик йигит “Ҳамма аёллар ўртага ўтсин.” дея топшириқ берди. Эркаклар қўлларини қўлларига беришди. Биз аёллар ўртада каъбатиллони етти марта айланиб зиёрат қилдик. Гуруҳ бошлиғимиз олдинда сурхандарёлик йигит чамбаракни охирида бўлиб, каъбатиллони айланаётганда айтиладиган дуоларни, лаббайкани баланд овозда навбати билан қироат қилишди, гуруҳимиз уларга жўр бўлишди. Ўзиям уларга Аллоҳ баланд овозни бежиз ином этмаган экан, бу гуруҳимизга жуда асқотди. Такбир айтганда, элликбошимиз ўргатганидек, кафт ичларини Ҳажарул асвадга қаратиб, биз аёллар қўлларни елка, эркаклар қулоқлари баробар кўтариб дуо қилдик.
«Қиссаси Рабғузий» асарида каъбатилло ҳақида шундай баён қилинади: Унда ёзилишича, Каъбанинг яратилиши Одам Ато даврига бориб тақалади. Ҳозирги Каъба ўрнида Одам Ато Байт-ул Маъмурнинг биносини бунёд этди. У Нуҳ пайғамбар давридаги тўфонгача турди. Тўфон олдидан азоб суви тегмасин деб Жаброил Байт-ул Маъмурни тўртинчи қат кўкка кўтарди. Сўнгра Шом вилоятидан тоғу тошларни келтириб, Байт-ул Маъмур ўрнида уй яратди. У Иброҳим пайғамбар давригача турди. Оллоҳдан Иброҳимга Байт-ул Маъмур ўрнида Каъба бино қилишга фармон бўлди. Иброҳим Илоҳийга у ер қай ердалигини билмаслигини айтди. Тангри Каъба ўрнича булут парчасини жўнатди. У Каъба ўрнига соя ташлади. Улкан кўланкага тенг ўринда Каъбани бунёд этди. Нуҳ пайғамбар кемасининг тахтаси бирла томини ёпди.
Баъзилар айтмишлар: Бир илон келиб, у ерда чўлғаниб ётди. Ундан андоза олиб Каъбани бунёд этди. Яна айтишларича, овоз эшитилади: «Эй, Иброҳим, беш тоғдан тош келтириб, у билан бино қилғил. Сино, Зино, Хиро, Лубнан, Жадий». Маккада тош кўп эди. Беш тоғдан тош келтирилишида қандай ҳикмат бор? Оллоҳ Таоло кимки бу ерга келиб беш вақт намоз ўқиса, тавоф қилса, беш тоғ оғирлигича гуноҳи-ёзмиши бўлса, барини кечириб, бандасини ёрлиқалар экан.
Жаброил тоғдан тошларни қўпорди. Фаришталар ёрдамга келдилар. Тош кесгач, Жаброил Исмоилни Оллоҳ Таоло фармони ила тош устига қўяр, тош йўрғадек Иброҳимга келарди. Қайси тош яроқсиз, бесўнақай бўлса Иброҳимнинг қўли теккач, мармардек силлиқ ва гўзал бўларди. Пайғамбар тўрт томонини тўрт калима айтиб жойлаштирди. «Субҳоналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва ла илаҳа иллалаҳу, аллоҳу акбар»…
Каъба битгач, Иброҳим айтди: – Эй парвардигоримиз, ҳар нарсани билгувчи, эшитгувчи ўзингсан. Биздан шу ишни қабул қил. Сен уларга ўзларидан пайғамбар юборки, у одамларга сенинг каломингни ўқиб берсин. Ва китобингни, хикматингни ўргатсин ва уларни покласин. Хақиқатда, фақат сен ғолиб, ҳикматли ва азизсан.
Хабарда келур: Муҳаммад Мустафо алайҳиссалом сўзи: Мен отам Иброҳимнинг дуоси, Исо башорати ва онам Оминанинг тушиман.
Жаброил келди, ёрлиқ келтирди: ”Одамларга ҳаж ҳақида хабар бер”. Иброҳим Қуббайс тоғига чиқди.
Ва даъват этди: – Эй, одамлар, дархақиқат Оллоҳ таоло сизлар учун бир уй қуриб қўйди. Ва уни зиёрат қилиб туришни буюрди. Бас, зиёратга келинглар. Ота пуштидаги, Она раҳмидаги мўмину мўминотлар жавоб бердилар: Лаббай, эй, Худо, лаббай, эй шериги йўқ, лаббай хақиқий мақташликка лойиқ. Неъмат ва ҳукм фақат сенга хосдур. Сенга ҳеч бир шерик йўқдур.
Айтишларича, кимки у пайтда жавоб айтган бўлса, йўқсил бўлса ҳам ҳаж ўтагай. Ким жавоб бермаган бўлса, қанчалик кучли ва бойвачча бўлса ҳам ҳаж ўтамагай”…
“Қисаси Рабғузий” асаридаги бу ҳикоят-у ривоятлар инсонни эзгу амаллар билан яшашга, инсофли, диёнатли, имон-эътиқодли бўлишига даъват этади. Инсон эзгу-амаллари, фидоий меҳнати билан ўз тақдирига ўзи таъсир эта олишини ифодалайди.
Сўнгра гуруҳимиз билан Марва билан Сапо тоғини етти марта айландик. Ушбу зиёратнинг ҳам ўзига хос томонлари мавжуд экан, уни элликбошимиз гуруҳимизга ўргатди. Бу маскан Ҳожар онамизни Иброхим пайғамбар фарзанди Исмоил билан Аллоҳга илтижо қилиб ташлаб кетган, замзам суви чиққан маскан. У маскан бир пайтлар “Қисаси Рабғузий” асарида тасвирланганидек, чўли биёбон эмас, миллионлаб ислом аҳлини дилини хушнуд қиладиган обод ва гўзал маскан экан. Ҳамиша менинг кўз олдимда улкан тоғ ва чўли биёбон гавдаланар эди.
“Қисаси Рабғузий” асаридан: Сора Розияллоҳу анҳу тўқсон ёшга кирди. Ўғли-қизи бўлмади. Иброҳим пайғамбар қўлида Муҳаммад Мустафонинг нури бор эди. Сора онамизга бу нур сендан бўлган ўғлонга теггай, деб ваъда қилган эдики, Иброҳим пайғамбар Ҳожар онамизга қовушгач, у нур Ҳожар онамизга кўчди. Бу ҳолдан Сора онамизнинг ғазаби келди. Эрининг ёқасидан олди. Эрининг ёқасидан олган биринчи аёл Сора онамиз эди. Жаброил келди: – «Эй, Иброҳим, Сорага айт сабр қилсин», – деди.
Баъзи ривоятларда ёзилишича, Ҳожаронамизнинг ой-куни яқинлашгач, Иброҳим пайғамбардан Сора онамиз уни кўзимга кўрсатма, – дея сўради. Жаброил фаришта ҳам «уларни ажратгин»,- деб буюрди. Иброҳим пайғамбар икки тева келтирди. Бирига ўзи, бирига Ҳожар онамизни миндирди. Сора онамиз пайғамбарга уч шарт қўйди: биринчиси одам йўқ саҳрога ташлаш, иккинчиси, тевадан тушмаслик, учинчиси кечасига қолмаслик.
Иброҳим рози бўлиб, онт ичди. Маккага бир ойлик йўл эди. Мавло таоло амри у ерга бир кунда етдилар. Иброҳим пайғамбар уни сувсиз, кўкат кўкармаган кимсасиз жойда қолдирди. Оллоҳ ўз паноҳига олишига умид қилди: «Эй, парвардигоримиз, албатта, мен авлодларимнинг баъзисини ҳеч нарса ўсмайдиган бир водийда, муқаддас уйинг яқинида жойлаштирдим. Уни ўзинг ёрлиқол”, – дея илтижо қилди.
У пайтда Макка йўқ, Байтул маъмур бор эди. Иброҳим завжасига озиқ-овқат ва сув бериб ташлаб кетди. Бир неча кундан кейин Ҳожар онамиз ойданда, кунданда гўзал ўғил туғди. Вужудида Муҳаммад Мустафонинг нури бор эди. Ҳожар онамизнинг суви тугади, боласини йўргаклаб, ҳайрон турганида ун эшитилди. Исмоилни суяб, тикка қўйиб, Сафо тоғига борди. Сув топмади, Марва тоғидан ун эшитди, у ерга ҳам борди, сув топмади. «Мана сув» деган ун эшитишда давом этаверди. тинмай югурарди. Бироқ, топмасди. Ул илтижо бугунги кунда ҳожилларга суннат қолди. Шунда Ҳожар тангрига «Исмоъ йа илу» деб муножаат қилди. У «Изиё эшитгил» деган маънодадир. Ана шу йўл билан Исмоилга ном қўйилди. Ҳожар онамиз Исмоилнинг йиғисини эшитиб, етиб келди. Исмоил йиқилиб тушган, икки оёғи билан ерни тепар эди. У тепган ердан Жаброил қаноти билан уриб, ерни очди, сув чиқарди. У бугунги замзам сувидир. Сув қайнаб чиқар, пайғамбар завжасининг дилини шод этарди. У сув тугаб қолмасин, деб булоқнинг атрофига тошу қумларни йиғди. Ул кун Ҳожар онамиз сувни авайламаганида эди, бу кун Маккада бир ариқ сув бўларди.
Исмоил барокатидан бир куни Бану Жарҳам исмли карвонбошининг карвони Шом вилоятига Макка еридан ўтар бўлди. Ям-яшил дарахтлар дилни яйратар, қушлар учиб, қурт-қумурсқалар югуриб юрарди. Кетма-кет юриб Исмоил билан учрашдилар, яна сув кўрдилар. Ҳожар онамиздан ўғлининг Иброҳим пайғамбар фарзанди эканлигини билиб олдилар. «Бизнинг ерда сув ҳам экин-текин йўқ, от, қўй-туяларимиз ориқ. Ёлғиз экансизлар агар рухсат берсанглар кўчиб келамиз». Топганимизнинг ўндан бир фоизи ўғлингизники бўлади, – дейишди. Ҳожар онамиз рози бўлди. Улар оилаларини, уйларини кўчириб келишди. Маликларининг исми Ханифа ибн Суманда алп Хухумий эди. Уч минг беш юз оила Маккага келиб, жойлашди. Уй, бозор қурдилар. Йил тугагач топганларини ўндан бирини ҳисобини чиқардилар. Икки минг қўй, уч минг сигир, етти минг туя бўлди. Ва барини Исмоилга бердилар. Ҳар йили ана шундай қилдилар. Исмоилнинг йилқи подаси кўп бўлди”.
Бугунги кунда ана шу замзам сувидан зиёратга келган миллионлаб киши исътимол қилади. Каъбанинг Аллоҳ номи билан аталган 99 та эшиги бўлиб уларнинг ҳар биридаги улкан саройда 200-300 лаб киши тиловат қилиб ўтиришади. Ҳар бир саройга қўйилган замзам суви идишларини тез-тез тўлдириб туришади. Яна зиёратчилар уйига қайтаётганида беш литрлик идишда армуғон қилишади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У зотнинг Пайғамбарига саловоту саломлар бўлсин. Аллоҳнинг шарофати билан у тугамайди.
Бугунги кунда замзам сувини жаҳон олимлари текшириб кўриб минглаб шифобахш дармондорилар борлигини тан олиб, муқаддаслигини эътироф этишган. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Тутган рўзаларимизни, дуоларимизни Аллоҳим қабул этсин.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист