Серҳосил боғ қайда-ю қуриган  дарахт қайда (Ҳикоя)

0
403
марта кўрилган.

 Берта билан олти йил бирга ишлаганмиз. Ўрта бўйли, қадди-басти рисоладагидай, калта кесилган сочлари сариқ, қувноқ, ҳатто ўта қувноқ қиз эди. Шундай десак тўғри бўлади, чунки у гарчи мен билан ёши тенг бўлсада, ҳали турмушга чиқмаганди. Инсоф билан айтиш керак, ўша кезлар сурурга тўла бўлиб, Берта иккимиз ишлаб чарчамас, куннинг қандай ўтганини ҳам сезмасдик. Икки ҳафтанинг бирида дугонам дам олиш кунлари бизникига келар, худди оиламиз аъзосидек  бўлиб қолганди. Иккинчи фарзандимни кўкракдан  ажратаётганимда,  қизалоғимни онамга қолдириб, (у пайтлар онам  ҳаёт эди)  кундузи ишда бўлар, уч тун унинг уйида тунагандим.

 Бир йили  янги йил кечасида  Бертани уйимга  таклиф қилдим. Байрам ғоят шукуҳли бошланган, қувончдан қизларим кийикчалардек сакрар, соат 12 бўлишини, қорбобо  дарвоза олдига улар учун қўйиб кетадиган совғани  интизорлик билан кутишарди. Бу бизга одат тусига кирган бўлиб, катталардан кимдир бир дақиқа кам ўн иккида  дарвоза олдига чиқиб,  олдиндан ҳозирлаб қўйилган совғаларни остонага қўяр ва эшик қўнғироғини босиб, ўзини панага оларди. Қўнғироқ овози эшитилган ондаёқ   болалар  шамолдек  кўчага отилишар, совғаларини олиб ўзларида йўқ суюнишар, бу лаҳзалар улар учун   болаликнинг бетакрор эртаклари бўлиб,  дунёдаги ҳеч бир қувончга алишишмасди. 

Ўша  оқшом  яйраб-қувнаб ўтирдик.  Тун яримида болалар ухлаб қолишди. Берта эса нариги хонага ўтиб ётганди, бир вақт қарасам сел бўлиб йиғлаяпти.

– Тинчликми, бирор жойинг оғрияптими?!

– Мен бахтиқаро эканман, бир ўзим сўппайиб юрибман. Сенинг шундай болаларинг бор,  менинг  кимим бор, ёшим ҳам қирққа бориб қолган бўлса…  Унинг кўнгил осмони чок-чокидан сўкилиб кетганди. Юпатиш осон бўлмади, тонгга қадар йиғлади, байрам татимади. Бир тарафдан озроқ иримчироқман, (онамдан ўтган)  шундай кунда хонадонимда кўзёш тўккан дугонам кўзимга балодек кўринди.

– Сен қанақасига бахтиқаро бўласан, тўрт мучанг соғ бўлса,  кимгадир  тег, фарзанд туғ, минг бир азоб билан  катта қил, касал-пасал эмассан-ку!

– Кўнглимга ёқмаса нима қилай…

– Ҳаммага ҳам кўнгилдагидай бахт  насиб этавермайди. Борига барака қилиш, фарзандлар  ўстириш фарз. Инсоният шунинг  ҳисобига давом этади.

– Айтишга осон , – деди хўрсиниб. Кейин нонушта ҳам қилмай тўнг алфозда уйига  жўнади. Шундан сўнг келгиси келиб  турганини  билсамда,  бошқа таклиф қилмадим.  Момиқ қизларимнинг кундан кунга ширин бўлиб ўсишаётганини кўриб кўзи куйишидан, яна яраси янгиланиб зорланишидан қўрқардим.  Маълум вақтдан сўнг  яҳудий миллатига мансуб талай кишилар Исроилга кўчиб кета бошлашди. Улар орасида  Берта билан   онаси  ҳам бор эди. Зора, ўзиникилар ичида  тенгини топса деб ўйладим.  Улар кетадиган кун  бизникида меҳмон  бўлишди.   Аэропортга  кузатиб чиқдим, бир-биримизни қучганча узоқ  хайрлашдик, дув — дув кўзёш тўкдик. Миллатимиздан қатъий назар биз жуда чиқишардик.  Кўнгил синиб, самолёт  булутлар  бағрига синггунга қадар ортдан қараб қолдим.   

Орадан изн сўраб ўтирмай елвизакдек йиллар ўтди.  Қисмати шумиди, ё ўзи ношудмиди, у ёқда ҳам Бертанинг йўли очилмади. Шу ўртада ёлғиз суянгани онаизори  ҳам ёлғончи дунёни тарк этди. Киевда  акаси бор эди, унинг билан сира гап-сўзлари тўғри келмасди, она вафотидан кейин зўрға илиниб турган қондошлик риштаси буткул узилди. Бояқиш  Берта ҳайҳотдек дунёда ёлғиз қолди. Аниқини айтганда,  Ўзбекистонда аллада азиз  — тўрвада майиз бўлган қанчадан-қанча мутахассислар хорижий юртларга кетиб,  кўнгилдагидек иш тополмай беқадр, сарсон бўлдилар. Берта ҳам шуларнинг бири эди.  Касбига доир  иш бўлмагач, кун кўриш учун  тўғри келган юмушни қилди. Бу ердаги замонавий мебеллар билан жиҳозланган шинамгина квартирасини сотиб кетди, бироқ, у ёқда  тузукроқ бошпана ҳам насиб этмади. Ўтмай қолган кун йўқ, тоғдами-тошдами елвизак вақт ўтаверади.   Боридан ҳам мосуво бўлган Берта ўтган кунларини қумсай – қумсай   70 ни қоралади. Менинг тимсолимда Ўзбекистонни кўрар, соғинар, бетиним қўнғироқлар қилар, ҳасрат ва надоматга тўла беҳисоб хатлар ёзарди.   Кейинроқ эса қулоғи том битиб қўнғироқ қилолмай қолди, бироқ хат ёзишдан  толмади. Навбатдаги  мактубларидан бирида   Исроилга таклиф қилди. “Бир келгин, жон дўстимсан, сени жуда соғиндим, йўл харажатларингни ҳам ўзим кўтараман”– деб ёзганди у, – сен ахир ҳали денгизни кўрмагансан, кулбам шундоққина   “Ўлик” денгизига яқин жойда жойлашган. Деразадан қарасанг, сарҳадсиз  сувлик ястаниб ётибди. Айниқса, тунлари ой нурида жимирлаётган тўлқинлар жуда жозибали, сирли кўринади. Яҳудийча халта палов  тайёрлашни ўрганиб олдим, келсанг пишириб бераман». Бундай таклифлар деярли ҳар бир хатда такрорланарди. Аммо ўзи зўрға кун кечираётган  дугонамнинг ҳисобига  саёҳат қилишни ҳазм қилолмасдим. 

Орадан  вақт ўтиб, бошқа бир дугонам билан  Исроилга отландик ва бу ҳақда Бертага ёзиб юбордим. У жуда хурсанд бўлади деб ўйлагандим, афсуски, чучварани хом санаган эканман. Ундан 14 бет миннатнома олиб, капалагим каптар бўлди. “Сени таклиф этганман, дугонангни бошимга ураманми” –деб, ёзганди у. Кейин менга қилган яхшиликларини, совғаларини бир-бир санаб чиққанди. Тарвузим қўлтиғимдан тушди, кўп йиллик қадрдонимнинг  асл қиёфасини энди кўргандек, анча кунлар дилтанг гангиб юрдим. Сафар қолдирилди, хатига жавоб  ёзмадим. Мактублар сони анча йиллар камаймади, бирпасда  28 йил бўй кўрсатди. Буни қарангки, Берта яна ёзишни бошлади.  Тез-тез   уй телефоним жиринглар,  нотаниш эркаклар, аёллар Исроилдан Берта қидираётганини, телефон рақамимни бериб, унинг хатларига жавоб ёзишимни илтимос қилаётганлигини айтарди.  Вақт шифокор деганларидек дилимдаги муз эрий бошлаган, бироқ  хат ёзишга барибир қўлим бормасди. Яна бир хат келди, Берта Ўзбекистонга келаётганлигини, самолётга чипта олганлигини  ёзибди. Интернетдаги ижтимоий тармоққа (ФБ)га аъзо бўлганлигимни билиб, дарҳол излаб топди.  Араз, гиналар тумандек тарқаганди. Шунча  йиллар кўрмаган қадрдон дугонам билан дийдор кўришиш қувончи борлиғимни қамради. Интиқ бўлиб, у келадиган кунни кута бошладим.  

– Кўрсанг, мени танирмикинсан, жуда ўзгариб кетганман деб, ёзди ФБда.

– Сенчи, сен мени танирмикинсан, семириб, кенгайиб кетганман.

Хуллас, аввалгидек ҳазил-ҳузуллар қилдик. У келадиган кун дастурхонни ясатдиму, тонг саҳарда аэропортга жўнадим. Соат мили саккизларга яқинлашганда, Тел-Авивдан келган самолётдан тушган йўловчилар ёнгинамдан ўта бошлашди.  Ниҳоят, бошига шляпа қўндириб, ҳасса кўтариб, сафар сумкасини  судраганча  оппоқ, бақалоқ Берта кўринди. Тезгина бориб, уни маҳкам бағримга босдим, Берта йиғлаб елкамга бошини қўйди. Аммо ўртада қандайдир бегона, совуқ кўлка  борлигини қалбан ҳис этдим. “Где моя Халимка?” — деб курсдош дугонасини  қидира бошлади. Лекин мендан бўлак кимса уни кутиб олгани чиқмаганди. Мен қаршисида  турибман, аммо унинг  бошқаларни зор бўлиб излаётгани бироз малол келди. Унинг “дўстларини” сарғайиб узоқ кутдик, аммо ҳеч кимдан дарак бўлмади. Бир кўнглим “меҳмонхонага  жойлашишига ёрдам беру, йўлингга боравер” – деди, лекин қачонлардир қадрдоним бўлган, қулоғи том битган(аппаратсиз) Бертани ёлғиз қолдириб кетишга  виждоним  йўл қўймасди.  “Кетдик!” – дедим. Мулзам  бўлиб қолган Берта  ноилож ортимдан эргашди.  Унинг қулоғигина  эмас, балки  “томи ҳам  қийшайиб” қолганини кўриб кўнглим бузилди.  Гапирсам  эшитмайди, бақиравериб  томоқ пардаларим йиртилай деди.  Ёзма гаплашиш эса тинкани қуритди.

– Аппарат   совға қилсак-чи – деди қизим. Аммо  биздагилар  тўғри келмас экан, унга  керакли  эшитув асбоби  ноёб бўлиб, – туғилган кунимда давлат томонидан  берилишини кутаяман,– деди.  Боз устига оғзи ёпилмайди, тинмай гапиради. “Радио” деб қўйди биттаси. Тўғри, лекин радиони ўчириб қўйса бўлади, бунинг ўзи ўчмаса ўчириш қийин. Кимлардандир домонгир, дунёдан норози,  ранж — алам кўксида маддалаб кетган. “Дўстлар”ининг нега кутиб олмаганлигини тушунгандек эдим, ҳамманинг   жони ўзига азиз, рўпарангдаги кимса бетиним валдираб, ҳадеб дунёни, таниш-билишларни ёзғираверса, ҳар қандай темир асаб ҳам дош беролмаслиги аниқ. Бир ҳафта мезбон бўлиб, жоним бўғзимга келди.    Наманганга бирга бориб отасининг қабрини зиёрат қилдик.

Ниҳоят Берта жўнаб кетди, дилимда ачиниш, ранж қолди. Бир пайтлар қандай соғлом, ўктам қиз эди. Дунёни борича тушунар, мақолалар, шеърлар ёзар, гарчи ўзи тан олмасада,  русийзабон тожик йигити Қамариддинни  севар, Қамариддиннинг эса кўнгли бошқада эди. Назаримда  дугонамнинг дилидаги жароҳат  ҳамон  битмаган, чунки келган куниёқ  киши билмас уни сўради. Берта  кўнглининг қули эди, туйғусиз бахтни тасаввур ҳам қилолмасди. Умр бўйи  ўз ёғига ўзи қоврилиб, эртанги кундан сароб умидлар кутиб,  ёлғизлик гирдобига ботиб қолганди. Ҳаёт эса шафқатсиз ҳоким  ғафлатда қолганнинг бошини силаб ўтирмайди. Беайёв йиллар ниманидир бериб, инсоннинг умрини, саломатлигини  ўғирлаб ўз йўлида давом этаверади. Аммо бундай ўйлаб қаралса, ҳаёт тизгини  ҳар кимнинг ўз қўлида, агар  ҳаракат бўлса умр серсоя, серҳосил боққа  ёки аксинча  қуриган  дарахтга айланиши мумкин.

Шарофат ИСКАНДАР қизи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.