Фароғат Худойқулова: Шоира ижодидан сараланган тўплам унинг умр уммонидан териб олинган гавҳарлардир

0
338
марта кўрилган.

Янги Ўзбекистоннинг кундан кунга чирой очаётган Нурафшон шаҳрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, халқимизнинг севимли шоираси Шарифа Салимованинг қутлуғ 70 ёши муносабати билан адабий-маърифий кеча ташкил этилди.

Тадбир  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва вилоят уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими билан ҳамкорликда уюштирилди.    Маъарифий кеча шоира  ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи видеофильм намойиши билан бошланди.

Ёшлар марказида ўтказилган тадбирни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев очиб берди. Шундан сўнг, шоирани қутлаш учун Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Хуршид Дўстмуҳаммад ҳамда Фарида Афрўз, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳамеджанова  шоиранинг бетакрор ижоди ва ижтимоий фаоллиги борасидаги фикрларини, илиқ тилакларини билдирдилар. Шоирага эсдалик совғалари топширишди.

 Кечада Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Арабов, Ахрор Усмонов каби қатор санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар томошабинларни хушнуд қилди. Шоира шаънига шеърлар жаранглади.

Шоира мухлисларига “Аёлга эҳтиром”, “Ватан суврати”, “Тонгга қасам”, “Вафонинг иффат йўли” каби қатор асарларини тақдим этди. Ижод, оила билан бир ўринда жамият ижтимоий ҳаётида ҳам ўз ўрнига эга бўлди.

Ижодкорнинг асарларида Ватанга бўлган меҳр, элга –юртга бўлган ўзбекона самимий туйғулар, ўзлик, миллийлик уфуриб туради. Унинг достонларида, публицистик тўпламларида ўзбек аёлининг фидойилиги, кўнгил кечинмалари, садоқати куйланади. 

Кеча якунида шоира Шарифа Салимова тантана иштирокчиларига эътибор ва эҳтиром учун миннатдорчилик билдирди. Гўзал шеърларидан ўқиб берди.

Эътиборлиси шуки, қутлуғ санага  Шарифа Салимова  катта тайёргарлик билан келди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилган “ТАНЛАНГАН АСАРЛАР” китоби тандирдан узилган иссиққина нондек мухлисларга армуғон этилди. Шоира асарларини тўплаб нашрга тайёрлаган  шоира Фароғат Худойқулова  шундай ёзади: “Шоира ижодидан сараланган тўплами унинг умр уммонидан териб олинган гавҳарлардир. Она Ватан, мангу навқирон ишқ сувратлари, асрлар замзамасида тобора сайқалланиб, халқимиз томирларида қондек оқаётган ўзлик, миллийлик, мангу хотиралар ўзга хос шеърий жозиба касб этиб, ўқувчи қалбига кириб боради. Китобдан жой олган достонлар эса олис тарихимиз билан рўбарў бўлиш учун яна бир абадий имкониятдир. Ўйлаймизки, ушбу сайланма сизга манзур бўлади”.

“Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган “Шарифа Салимова ва замондошлар” номли асарда  эса шоиранинг сийрати ва суврати мухлислари, замондошлари қаламида шоиранинг оловли, тафтли, ҳароратли шеърларидек ўз ифодасини топган.

Тадбирда ушбу китобларни қўлга олиб, барча иштирокчилар ва мухлислари қатори биз дўстлари ҳам бениҳоя хурсанд бўлдик. Фикримизни  сайланма асарнинг ”Чўққиларга қўнар бургутлар”  туркумидаги юртга бағшида сатрлар билан якунлаймиз.

       Пойтахт кўчаларини пиёда кездим…
       Худди келинчакка ўхшайди шаҳар.
       Гўзал иморатлар– янги қурилган,

        Ҳаёт бошланади айни тонг саҳар.

                Адиблар боғида улуғлар сокин

                Суҳбат қурадилар. Осойишта, соз.

                 Боғларни қуршайди гул нафасидек

                 Шеър завқига тўла илоҳий овоз.

                      Янги Ўзбекистон овозидир бул,

                      Учинчи Ренессанс ташлайди одим.

                      Тонгларни уйғотиб, халқни уйғотиб,

                      Вақт кетиб боради шошқин, бетиним.

           GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.