Султонга дарс берган қул

0
219
марта кўрилган.

Аёз исмли бир қул тақдир бўлиб, Султон Маҳмуднинг хизматкори бўлибди. Султон қулининг одоб-ахлоқини кўриб, унга ҳурмати ошибди. Қул шунчалик ишончини қозонибдики, бутун салтанатнинг хазинабони этиб тайинланиб, саройнинг барча хазина-бойликлари унга топшириладиган бўлибди.

Бу ҳолатни кўрган саройдагиларнинг баъзилари бунга ҳасад қилишибди. Ҳасад ва кибрлари туфайли “шундай оддий бир қулга бунчалик катта мавқе берилиши”ни  ўзларининг онгига сингдира олишмабди. Ҳолат шундай давом этгач, Султонга ҳар куни, ҳар хил баҳона билан Аёздан шикоят қила бошлашибди. Унинг обрўйини тушириш учун қўлларидан келган ҳамма йўлни синаб кўришибди.

Кунларнинг бирида Султоннинг ҳузурида бир сарой аъёни иккинчисига: “Қул Аёз хазинага тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди, биласанми? Менимча у гавҳарларимизни ўғирлаб юрибди. Бунга аминман”, дебди.

Буни эшитган Султон қулоқларига ишонмай “Ҳақиқатдан ҳам шундаймикин, шундай бўлса ўз кўзим билан кўрайин” деб, хазина хонаси деворига кичкинагина тешикча тешдирибди. Шундай қилиб, ичкарида бўлаётган нарсаларни томоша қилишни бошлабди.

Кеч тушибди, қул секин сарой хазинасига бориб, эшикни ҳам билдирмасдан ёпиб ичкарига кирибди. Султон қулнинг сандиқ олдига яқинлашганини кўрибди. У ерда яшириб қўйгани кичкинагина бир тугун экан. Тугунни ўпиб, пешонасига суртиб уни очибди. Ичидан қуллик пайти кийган эски-туски кийими чиқибди. Уни кийиб ойнанинг олдига ўтибди. Ўзига ўзи: “Авваллари шу кийимни кийиб юрганингда ким эканлигингни эслайсанми?” – деб сўрабди. – Ҳеч ким… Бор йўғи сотиладиган қул эдинг, холос. Аллоҳ сенга Султоннинг қўли билан, лойиқ бўлмасанг ҳам Ўз раҳматидан шундай неъматларини лутф қилди. Асло қаердан келганингни унутма! Чунки мол-мулк инсоннинг ақлини олади, унутишга мажбурлайди. Шундай экан, сен ҳам сендан камроқ неъматга эга бўлганларга паст назар билан қараб, кибрланма! Буни асло унутма, эй Аёз! – деб сандиқни ёпиб, қулфлабди ва секингина эшикдан чиқибди. Хазинадан чиқар-чиқмас, Султон билан юзма-юз келибди. Шунда Султон Аёзга қараб туриб, кўзидан дона-дона ёш оқа бошлабди. Султон гапиришга ҳам қийналиб, томоғи ҳам тиқилиб қолибди ва ўзини мажбурлаб бўлса ҳам қулига шундай дебди:

— Бугунга қадар бойликларимнинг хазинабони эдинг. Энди… Қалбимизнинг ҳам хазинабонига айландинг. Менга, ҳақиқий Султоним олдида ҳеч ким эканлигимни ва унга қандай муносабатда бўлишим кераклигини ўргатдинг…

Дилдора МАВЛЯНОВА тайёрлади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.