Шу кунларда бутун Ўзбекистон аҳли мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрамини нишонламоқда. Ҳар йили бу айём жуда бир улуғ ва муқаддас байрам сифатида кенг миқёсда ва кўтаринки кайфият билан ўтказилар эди.
Афсус, бу йил осон келмади, синовли дамлар бошимизга тушди. Пандемия бутун инсониятнинг онгини ўзгартириб юборди. Бир йилнинг ўзидаёқ инсонлар руҳиятидан ўтган кечинмалар асрга татигулик бўлди. Синовли кунларда дунё ишидан, ҳукуматдан, тиббиёт соҳасидан норози қалблар ҳам бўлди. Ва, аксинча, ҳукуматимизнинг тезкор сиёсатини қўллаб-қувватлаганлар, барчага бирдек мурувват кўрсатиб олқиш олган тиббиёт соҳаси вакиллари, саховати-ю меҳрини аямаган тадбиркорлар, оғир вазиятда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатганлар ҳам кўп бўлди. “Кенгга кенг, торга тор дунё” деб шунга айтадида халқимиз!
Тўғри, ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади. Бироқ. Бир дақиқа тўхтаб, ўйлаб кўрайлик. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Қанча азиз инсонларни – фан, маданият ва санъат арбобларию, фидойи ҳамюртларимизу, дилга яқинларимизни бериб қўйдик – энди улар бизнинг орамизда йўқ! Лекин улар, айнан улар – саховатпеша ва меҳнаткаш, пок дилли ва самимий инсонлар бизга шу заминни қолдириб кетишди, ишонч билан, умид билан… Чунки ҳар бирлари мақсад билан яшади, ўзидан кейин из қолдирди – фарзандлари, жигарлари, ғоялари ёки севимли ишлари улардан қолган хотира. Демак, ҳаёт давом этмоқда. Биз уларнинг давомчиларимиз, улар учун яшамоғимиз даркор!
Мустақиллик айёми халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим сана сифатида тарих зарварақларига битилган. Ўтмишда аждодларимиз мана шу ҳур ва озод кунларга етишиш учун жон олиб, жон бериб курашганлар. Шукрона билан айтишимиз мумкинки, Ватан Мустақиллиги туфайли аждодларимизнинг эзгу ниятлари, орзулари ижобат бўлди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шундай деди: «Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди.
Барчангизга яхши маълум, дунёда икки соҳа вакиллари ўз касбига садоқат борасида қасамёд қабул қилади: булар – Ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийлар ва инсон саломатлигига масъул шифокорлар. Бунинг бежиз эмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Муқаддас қасамёдига содиқ бўлган шифокорларимиз ҳозирги мураккаб вазиятда, керак бўлса, азиз жонларини фидо қилиб, қаҳрамонларча меҳнат қилмоқдалар».
Азиз юртдошлар! Ушбу синовли дамлардан ҳам шукрона билдириб, сабрли бўлиб, эсон- омон ўтиб оламиз, дея тилак билдириб қоламан. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни қутлуғ шодиёна – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Ҳилола НИҚАДАМБАЕВА, педогогика фанлари номзоди, доцент