Биз ўзбеклар ажойиб халқмизда. Йиллар давомида қийналиб, пул жамғарамиз-у, уни бир кунда сарф этамиз. Тўйдан кейин гўштсиз овқат есак-да, қўни-қўшни, таниш-билишлар мақтовидан бир қоп семирамиз.
Бошқа халқлардан фарқли равишда ўзбекнинг тўйи файзли ва ўзгача шукуҳда ўтади. Лекин бугунги кунда мана шу файз ва шукуҳга ортиқча дабдаба ва ҳаражат юкланмоқда. Турли хил чет элдан кириб келган одатларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Агар чиройли турмушни дабдабали тўй таъминлаб берганда эди, одамлар бор-будини сотиб бўлса ҳам бахтли бўлган бўлишарди. Афсуски, бир кунлик тўй бахтли ҳаётни таъминлаб беролмайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 та дабдабали тўйнинг пулига машина, ҳатто, уй сотиб олиш ҳам мумкин экан.
Орзу-ҳавас деймиз, икки ёшнинг кўнгли деймиз, аммо орзу-ҳавас ортидан йиллар давомида қарз тўлашга маҳкум ота-онамизни ўйламаймиз. Тўйда юзлаб меҳмонларнинг қорнини тўйдирамиз-у бева-бечора, етим-есирларга нон беришга оғринамиз.
Нега шундаймиз? Нега шон-шуҳрат, мақтовга бу қадар ўчмиз? Чет эл мебели, сарпо ёки дабдабали тўй бахт бўлолмаслигини тушунмаймиз. Нега она қизига келинлик одобини ўргатишга вақт қизғанадию, сарпо йиғишга эринмайди? Нега?
Тўғри, ҳаётдаги улуғвор муаммолар олдида тўй муаммоси арзимагандек бўлиб кўринади. Лекин, мана шундай арзимаган муаммолар кейинчалик катта кўнгилсизликка айланиши мумкин. Зирапча ҳам кўзга кўринмасдан танага санчилади, аммо уни вақтида олиб ташламаса, йиринглаб ўлимга олиб келиши мумкин. Тўй муаммоси ҳам шундай.
Айниқса, биз ёшлар бунга алоҳида эътибор беришимиз, ота-онамизни қийнамаслигимиз лозим. Агар биз юқоридаги саволларни ўз-ўзимизга бериб, айбимизни тан олиб, ортиқча дабдаба, кўз-кўз қилишдан қочсак, тўйларимиз файзли, ҳаётимиз эса фаровон бўлади, азиз тенгдошлар.
Диёра Эргашева, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси