Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев: Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир.
Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, мутолаа маданиятини юксалтириш буюк мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир. Бунда кутубхоналарнинг ўрни беқиёс! Кутубхона бу маънавий бойликлар сақланадиган ҳазина, у фан соҳаларига оид нашрлар, тарихий ва маданий қадриятлар сақланадиган макон. Инсоният ривожининг маънавий бойликлари аста-секин кутубхоналарга босма ва қўлёзма асарлар намунаси сифатида келиб тушар экан, кутубхоналар шу бойликларни асраб — сақлаш ва келажак авлодга етказиб бериш вазифасини бажариб келган. Ҳар бир давлат ва миллатнинг барқарорлиги негизи шу бойликлардан фойдаланиш самарасига боғлиқ бўлган. Китобсиз, яъни кутубхонасиз онгли ҳаёт тарзини тасаввур қилиш мумкин эмас. Инсониятнинг ақлий ривожланиш даври чамбарчас кутубхоналар билан боғлиқ. Китоб пайдо бўлиши билан инсоннинг энг яқин ҳамроҳига айланди, усиз ҳаётни тассавур қилиш мушкул. Китоблар мавжуд экан, демак уни қаердадир авайлаб сақлаш эҳтиёжи юзага келган. Шу тариқа биринчи китоб сақлаш маконлари – кутубхоналар пайдо бўлган. Кутубхона нафақат китобларни авлодлардан авлодларга етказиб берувчи масканлиги, балки маърифатни тарғиб этувчи, инсонни чин маънода комилликка, эзгуликка етакловчи масканлиги билан ҳам муқаддасдир.
Мамлакатимизда ҳам шундай шарафли вазифани бажариб келаётган масканлардан бири Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона марказидир. У Тошкент шаҳрининг энг гавжум даҳаси Чилонзор туманининг марказида жойлашган бўлиб, мана 84 йилдирки китобсевар, билимпарвар инсонларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
1865 йилда Тошкент Чор Россияси томонидан эгаллаб олингач, 1867 йил Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг марказига айлантирилди. Шундан сўнг Тошкент пойтахт мақомини эгаллади. ХХ аср бошларида Ватанимиз большевиклар ҳукмдорлиги қўлига ўтгач, 1930 йилда Тошкент Ўзбекистон ССР пойтахтига айланди.
Кўп ўтмай 1937 йилда пойтахт Тошкентда генерал губернатор Куропаткиннинг ёзги дала ҳовлиси биносида ҳозирги «Bilim» кутубхонасига асос бўлган биринчи оммавий кутубхона ташкил қилинган. Дастлаб унинг фонди 10.000 га яқин китобдан иборат эди. Унинг биринчи директори қилиб Эстрин Лев Яковлевич тайинланди.
Улуғ Ватан уруши йилларида ҳам замон қийинчиликларига қарамай кутубхона фаолият кўрсатиб келган ва фондини имкон қадар бутлашни давом эттирган. Ҳозиргача «Bilim» ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган ўлкашунослик характеридаги музейда 1941-1945 йилларда фондга келиб тушган нашрлар сақланиши кўп китобхонлар қизиқишини ва эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда.
«Bilim» кутубхонасининг биринчи директори Л.Я. Эстрин бу даргоҳда 1957 йилгача ўз фаолиятини олиб борган. 1957 йилдан эса Гармаш Антонина Корниловна директорлик қила бошлади ва шу лавозимда 1970 йилгача фаолият кўрсатди. Унинг ўрнини 1973 йилгача директорлик қилган Далетчарова Раиля Шамсуддиновна эгаллади.
1972 йилнинг сентябрида кутубхона марказий шаҳар кутубхонаси мақомини олди, бу даврга келиб китоб фонди 48619 нусхага етди.
1975 йилнинг сентябрида Марказий шаҳар кутубхонасига Морозова Зинаида Сергеевна раҳбарлик қила бошлади ва шу лавозимда 1979 йилгача ишлади.
Шаҳар кутубхоналарини Марказлаштириш қарорига биноан, 1977 йилда «Bilim» Марказлашган кутубхона тизимидаги Марказий шаҳар кутубхонаси мақомини олди ва у икки туман кутубхонасини бирлаштирди, яъни Сирғали туманининг олтита кутубхона филиали ва Яккасарой туманининг бешта кутубхона филиали бирлашди. Йиллар давомидаги фаолият натижасида ижобий натижаларга эришилди, яъни 1977 йилда китоб фонди 88706 нусхани ташкил қилган. Ўн битта кутубхонани бирлаштирган «Bilim» Марказлаштирилган кутубхоналар тармоғи сифатида 1994 йилгача фаолият кўрсатди.
1979 йилдан кутубхонага Скляр Вера Анатольевна раҳбарлик қилди, 1983 йилдан эстафета Тян Аграфена Борисовнага насиб этди ва у 1993 йилгача директор бўлиб ишлади.
Меҳнатсевар, шижоакор ҳамда ташкилотчи А.Б. Тян кутубхона биносини ўзгартириш мақсадида жонбозлик кўрсатган. 1985 йилнинг ёзида «Билим» (МШК) Марказий шаҳар кутубхонасидаги: раҳбарият, бухгалтерия, бутлаш ва қайта ишлаш бўлими, услубий – библиографик бўлимлари янги бинога кўчиб ўтдилар. (М. Чилонзор, «Ц» мавзе, № 14 уй.). 1989 йилда Марказлашган шаҳар кутубхоналарининг бирлашиши натижасида хизмат кўрсатиш бўлими (абонемент ва ўқув зали ) ҳам шу бино(№14 уй)га кўчиб ўтди.
«Bilim» кутубхонасига 1993-2008 йиллар Юнусова Феруза Анваровна, 2008-2015 йилларда эса Рыбкина Светлана Геннадьевна шу даргоҳда раҳбарлик фаолиятини олиб борганлар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот- кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги «Bilim» Марказий шаҳар кутубхонаси негизида «Bilim» ахборот — кутубхона маркази ташкил этилди.
Кутубхонанинг замонавий технологиялар билан жиҳозланиши кутубхоначиларни қўл меҳнатидан озод этиб, уларни асосий вазифаси китобхонлар билан маданий-маърифий ва тарбиявий ишлар олиб боришга кўпроқ вақт ажратишга имкон беради десак муболаға бўлмайди. 2006 йили кутубхонада китобхонлар учун фақатгина 15 та компьютердан иборат, локал сет ва интернетга уланган электрон ўқув зали ташкил этилди. Айтиш керакки, кутубхонада интернетдан фойдаланишни йўлга қўйиш, замонавий ахборот технологияларини жадал жорий этилиши фойдаланувчиларнинг жаҳон ахборот-ресурсларига эркин кириб боришини, излаган ахборотини тез ва сифатли олишини таъминлайди. Агар айнан шу йўналишдаги рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, яъни 2008 йили кутубхонадаги мавжуд компьютерлар сони 27 та бўлган бўлса айни кунда уларнинг сони 46 тага кўпайганининг ўзи ҳам китобхонлар учун яратилган имкониятларнинг янада юксалганидан далолат беради. Марказда еттита бўлим ўз йўналишлари бўйича фаолият кўрсатадилар.
Кутубхонанинг айни кундаги асосий вазифаси қонун қоидаларни амалиётга жорий этиш мамлакатимиз аҳолисига ва айниқса ёшларимизни ахборотга бўлган талаб ва истакларини замонавий ахборот технологияларига асосланган ҳолда тез ва сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этишдан иборат бўлиб, бу вазифаларни амалга оширишда илмий-услубият бўлимининг аҳамияти алоҳида ўринни эгаллайди. Бўлим доимий равишда икки тилда кутубхона фаолиятига доир қўлланмалар, йўриқномалар ва тавсиялар ишлаб чиқади ва шаҳардаги барча мавжуд ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятига кенг тадбиқ этади. Шу билан бирга кутубхоначи мутахассисларнинг услуксиз таьлим олиши бўйича кутубхоначиликдаги илғор тажриба мактаби, туман ахборот-кутубхона марказлари ва бошқа тизимдаги ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи илмий-услубий марказ сифатида иш олиб боради. Шунингдек, уларга турли соҳаларга оид методик-библиографик қўлланмаларни ва электрон маълумотлар базаларини яратади. Миллий истиқлол ғояси, маданий-тарихий қадриятларни тарғибот қилиш, китобхонлар билан ишлаш, кутубхона-библиографик ва ахборот хизмати кўрсатиш, кутубхона жамғармасини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва сақлашнинг самарали шакллари ва услубларини ишлаб чиқади ва амалга киритади.
Марказга келиб тушаётган оғзаки, ёзма сўровларни аниқ фактлар асосида тезкорлик билан самарали бажарилишида бевосита ахборот-библиография бўлими ёрдам беради. Бўлимда ўлкашуносликка оид адабиётлар сектори мавжуд бўлиб, ўлкашунослик бўйича нашр этилган адабиётлар, турли типдаги ахборотларни тарғиб қилади. АКМ ахборот библиография бўлими мутахассисларга, кенг аҳолига шунингдек барча кутубхона фойдаланувчиларига мақолаларнинг системали картотекаси, ўлкашунослик картотекаси, долзарб мавзулар бўйича мавзули картотекалар тузиб электрон маълумотлар базасини ташкил қилган ҳолда хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида китобхонларга зарурий адабиётларни, тезкор ахборотларни излаб топиш ва фойдаланишда қулайликлар яратади. Маълумки, ахборот-библиографик хизматнинг тўғри ва аниқ ташкил қилинганлиги унинг самарадорлигини белгилаб беришда муҳим омил ҳисобланади.
Дарҳақиқат, босма ва айрим қўлёзма асарлардан оммавий фойдаланишни таъминловчи маданий-маърифий муассаса, мунтазам равишда босма асарларни тўплаш, сақлаш, тарғиб қилувчи илмий маскан кутубхона бўлса, уни китобхонларга етказиш ва омманинг маданий савиясини оширишда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими етакчилик қилади. Ушбу бўлим марказнинг асосий фаолиятини ташкил этиб, унинг асосий мақсади китобхонларнинг ахборот ва адабиётга бўлган талабларини тез ва сифатли қондиришдан иборат. «Bilim» Ахборот кутубхона марказида фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш учун ташкил этилган кутубхона абонементи, умумий ўқув зали, электрон ўқув зали, маънавий-маърифий ишлар ишлар бўйича ёшлар билан ишлаш секторлари орқали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Кутубхонада миллий қадриятлар, маънавий-аҳлоқий урф-одатларни кенг кўламда тарғиб қилиш, ҳалқнинг маданий-тарихий меросидан баҳраманд бўлишни таъминлаш, маънавий бой ва баркамол шахсни ижодий ўсиши учун имконият яратиш мақсадида давлат дастурлари бўйича оммавий ишлар алоҳида аҳамият касб этади.
Ахборот-кутубхона марказининг Ахборот технологиялар бўлими негизида аҳолини компютер саводхонлигини ошириш мақсадида ўқув курслари барча ёшдаги фойдаланувчиларнинг ҳамда ҳамкорликда фаолият олиб бораётган лицей, коллеж талабалари ва мактаб ўқувчиларига бепул тарзда ахборот технологиялари буйича билим ва кўникмаларни бериш фаолияти махсус режа асосида мунтазам йўлга қўйилган.
Ҳар бир соҳа ёки корхонанинг салоҳияти, нуфузи ва истиқболдаги тараққиёти фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ўз касбига бўлган садоқати, билими ва кўп йиллик тажрибаси билан белгиланади. Марказимиз бўлимларида узоқ йиллардан буён ишлаётган, кучли билимга эга, ўз касбининг етук мутахассислари фаолият олиб боришади. Жумладан, директор ўринбосарлари В. Муратова, С. Худойбердиева, Илмий услубият бўлими бош мутахассиси С.Рыбкина, Ахборот библиография бўлими бош библиографи Ш. Юнусалиева, Ахборот кутубхона хужжатларини сақлаш бўлими бош кутубхоначиси Н. Чуваева, Ахборот кутубхона хужжатларини бутлаш ва қайта ишлаш бўлими мудири М. Усманова, Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими мудири М. Иноятова, шунингдек, Д. Рахимбобоева, Г.Ходжаева, Т.Салникова, Х.Хуррамова, Ш. Отаджонова, М. Мирзахошимова, М. Мавлонова каби кутубхона ходимлари ўз салоҳиятини соҳанинг истиқболдаги тараққиётига бағишлаган ҳолда фаолият юритмоқдалар.
Ҳодимларнинг кўп йиллик иш тажрибаси, фаолиятга илмий ва ижодий ёндошиши, ташкилотчилиги марказимиз фаолиятидаги асосий кўрсаткичлардаги ижобий ўзгаришларда ўз ифодасини топган. Айниқса, электрон кутубхона, электрон каталог яратиш фаолияти, веб саҳифанинг янги замонавий талабларда янгиланиши, соҳа бўйича илғор тажрибаларни аниқлаш, янги инновацион ғоялар ишлаб чиқиш, фаолиятга тадбиқ этиш ҳамда ҳар йили ўтказилаётган кўрик танловларда иштирок этаётган ходимлар, айниқса ёш мутахассисларнинг фаол харакати натижасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ўтказилган “Ахборот — кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси — 2015”, Республика ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган 2017 йили “Энг яхши ахборот кутубхона маркази” мавзусидаги кўрик танловларда Тошкент шаҳри жамоаси фахрли 3 ўрин сохиби бўлиб, махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Айни кунда бизнинг фойдаланувчиларимиз фақат марказга келиб эмас, балки уйида, ишхонасида, ўқув муасасаси, дам олиш жойи каби турли маконлардан туриб ҳам марказнинг тарихи, фаолияти, унинг тузилиши, асосий вазифалари, янги келиб тушган адабиётлар ва ўтказилган оммавий тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида мужассам этган bilim.natlib.uz. веб-саҳифасидан фойдаланиши, ўзининг таклифини, муносабатини, ахборотга бўлган саволини ва буюртмасини қолдириши мумкин. Ўз навбатида бу хизмат фойдаланувчилар Интернет тармоғи орқали ўзига зарур бўлган ахборотни, электрон шаклдаги нашрни, қизиқтирган саволига жавобни интерфаол усуллар асосида ташкил этилган хизмат орқали тез ва сифатли олиши учун яратилган қулай имкониятдан бахраманд бўлишлари учун мустаҳкам заминдир. Бугунги кундаги сайтдан фойдаланувчилар сони 100 минг нафардан ортиқни ташкил этаётганлиги бизни қувонтиради албатта.
2019 йилдан Жанубий Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда “Миллий умумтаълим электрон кутубхона”си (UZNEL) лойиҳаси асосида марказда китобхонлар талаби асосида китобларни рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги кунгача 11269 та библиографик ёзув, 5585 та тўлиқ матнли китоблар, 16672 та мақолалар киритилган. Марказнинг электрон сайти www.bilim.natlib.uz, Telegram: https://t.me/bilim_akm, Instagram: https://www.instagram.com/ bilim_akm/, Facebook: https://www.facebook.com/bilimakm/, Twitter: https://twitter.com/ AkmBilim, Blog: https://bilimakm.blogspot.com/, Youtube каби ижтимоий тармоқлари орқали замон талаблари асосида мунтазам равишда фойдаланувчилар учун янгиликлар, оммавий тадбирлар, фондга келиб тушган янги адабиётлар асосидаги виртуал кўргазма ва тезкор ахборотлар тўғрисидаги маълумотлар олиш имконияти яратилган.
Марказда мунтазам равишда кутубхоначилик бўйича ривожланган халқаро давлатлардан Корея, Германия ва Америка каби кутубхоналар иш тажрибаларини яқиндан ўрганиб борилади ва уларнинг тажрибаси мунтазам равишда иш фаолиятга тадбиқ этишга харакат қилинади. Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг янги шакл ва услубларидан “Китоб чемадончасининг саёхати”, “Мобиль кутубхона”, “Китобхон маҳалла” каби янги лойихалар ишлаб чиқилиши ва марказ фаолиятига жорий этилиши кенг китобхонлар оммасига янада кенг имкониятлар эшигини очган. Марказда “Компьютер саводхонлиги” ўқув курси, “Ёш кадрларни ўқитиш мактаби”, “Йўл-йўлакай ўқиймиз”, “Оилавий китоб ўқиймиз”, “Асар қахрамонларини жонлантирамиз”, “Мен муваффақиятли аёлман” каби лойиҳалар, “Бир соатдан оилавий китоб ўқиш”, “Мен китоб ўқишни севаман”, “Мен фарзандимга китоб совға қиламан”, “Бир соатли китоб ўқиш вақти” каби акциялар фаолиятга жорий этилган.
Марказ мутахассислари миллий ғоя ва унинг узвий таркибий қисмлари ҳисобланган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда “Ўз ҳуқуқингизни биласизми?”, “Миллий қадриятлар тантанаси”, “Маҳалланинг энг фаол китобхон оиласи”, “Мен севган китоб”, “Президент асарлари билимдони”, “Менинг севимли ёзувчим”, “Намунали хонадон” каби тадбирлар, танловлар, адабий мусиқали кечалар ташкил этган ҳолда фаолият олиб бормоқда.
Энг синовли жараён яъни 2020 йил мамлакатимизда эълон қилинган пандемия даврида “Уйда қолинг – китоб ўқинг”, “Барча қийинчиликларни маърифат билан енгамиз”, “Китобхонликнинг онлайн тарғиботи” шиори остида 8 та канал очилди. Жумладан, “Китобхон она ва китобхон бола”, “Китобхон сиёсатчи клуби”, “Фаол китобхон” клублари ташкил этилди ва “Билим интеллектуал клублари” (@bilimklub) канали яратилди. Барча клублар фаолиятини жамлаб канал сахифасида “Энг яхши сиёсий иқтибос”, “Дунё бўйлаб…”, “Тил бор экан – миллат барҳаёт”, “Саводхон кундалиги”, “Китобхондан тавсия”, “Тинчлик олий неъмат”, “Сиёсий саводхонлик”, “Геосиёсат олами” каби турли мавзулардаги лойихалар асосида тарғибот ишлари мунтазам ёритиб борилди.
Шунингдек, масофадан кутубхона хизматини ва китоб тарғиботини кучайтириш мақсадида ZOOM платформаси орқали “Мен муваффақиятли аёлман” лойиҳаси доирасида “Янги замон аёли – асарларда ва дунё нигоҳида”, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз», Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан “Она Ватан бор бўлсин, тўрт мучаси соғ бўлсин” ҳамда «Матбуот-ҳаққоний ахборот манбаи» мавзуларида бадиий, маънавий- маърифий кечаларни қизиқарли офлайн/онлайн тарзда қизиқарли ўтказилиши ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари ва кенг китобхонлар оммасида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, замонавий ахборот технологиялари ёрдамида электрон ўқув залида “Норма” – Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари қидирув тизимининг мавжудлиги, шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги янгиликлар, олиб борилаётган ўзгаришларни ҳамда дунёдаги янгиликларни янги чоп этилаётган асарлар ва вақтли нашрлар орқали тез ва сифатли ахборот етказиш мақсадида «Bilim» ахборот-кутубхона маркази 2021 йил давомида 70 номдан ортиқ вақтли нашрларга ташкил этилган обунанинг йўлга қўйилганлиги янада китобхонларнинг сонини ортишига хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тинимсиз изланиш ва қизғин фаолиятимиз натижасида Республика миқёсида ўтказилган “Энг яхши ахборот-кутубхона маркази — 2017” мавзусидаги кўрик танловда Тошкент шаҳри жамоаси фахрли ўрин сохиби бўлиб, махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган бўлса “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси — 2017” республика кўрик танловида мутлоқ ғолибликни қўлга киритишга муяссар бўлиши 80 ёшли маънавият масканининг юбилейига муносиб тухфа бўлди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги ПҚ 4354 сонли “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси асосида ташкил этилган Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси — 2019”, “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси — 2021” республика танловларида Тошкент шаҳри жамоаси мутлоқ ғолиблик супасига эришдилар. Шунингдек, давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та ташаббус доирасида “Болалар ва ёшларни ўқишга жалб қилиш учун энг яхши методик ишланма/лойиҳа”си Республика танловида “Фойдаланувчи билан ишлашнинг интерфаол шакллари” китоб ва китобхонлик фаолиятини ривожлантириш, болалар ва ёшларни мутолаага жалб қилишга қаратилган номинацияси бўйича Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази томонидан ишлаб чиқилган “Китобхон маҳалла” лойиҳаси ғолиб деб топилди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан 1 даражали Диплом, “Ноутбук” ва китоблар тўплами билан мукофотланди.
Албатта ютуқлар ўзимизники, лекин айни кунда юртбошимиз томонидан китобга, кутубхона, китобхонлик ва мутолаа мажданиятини ошириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги ҳаммамизни қувонтиради. Шу ўринда маълумот учун Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази биносининг хозирги кун талабларига, кутубхоначилик стандартларига жавоб бермайдиган бинода фаолият олиб бориши биз ходимларни ва кутубхонадан фойдаланувчиларни жуда-жуда ранжитади.
Азиз юртдошлар! Сизларга жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз, барча йўналишларда ўз билимингиз, дунёқарашингиз ва китобхонлик маданиятингизни ошириш, мамлакатимиз ва пойтахтимиз Тошкент шаҳрида янгиликлар, ўзгаришлардан хабардор бўлишингизда «Bilim» Ахборот-кутубхона маркази ўзининг кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган мутахассислари яқиндан кўмак беришга тайёр.
Ҳафиза Каримова, Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази директори, Ахборот-кутубхона аълочиси