Халқ ва ҳақиқатни ардоқлаган Навоий

0
784
марта кўрилган.

Вақт ўз маромида оҳиста оқадиган дарёга ўхшайди. Яратганнинг яралмиши бўлмиш вақт ва унинг маромига ҳар неки эркин сингишса, унинг боқий ҳамнафасига айланади, ўзлигини намоён қилади. Асарлари Шарқ фалсафасининг узвий бир қисми бўлган Алишер Навоий ҳақида ана шундай дейиш мумкин. Тарих силсиласи олдида унинг ўз мавқеи, шону-шуҳрати, сабоғу анъаналари алоҳида аҳамиятга молик. У халқимизнинг ғурури ва фахридир!

Халқ ва ҳақиқат мангудир. Ҳақиқат эгиладию синмайди, дейди халқимиз. Ҳақиқатни, адолатни ардоқлаган кишилар эса халққа айланадилар. Демак, улар биргаликда мангудир. Бу математика тили билан айтсак, исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Халқ ва ҳақиқатни улуғлаган Алишер Навоий асарлари ҳам сиймоси ҳам мангудир

 Эл шод бўлса, юрт обод бўлади. Ҳақиқат ва халқ етти мўъжиза янглиғ гўзал ва товланаётган камалакдай ҳайратомуз, қуёш янглиғ сўнмасдир. Чунки ҳақиқат бор жойда эл тинч ва шод бўлади, эл шод бўлса, юрт обод бўлади.

Ҳазрат Алишер Навоий сатрлари бежиз эмас: Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

ХХ аср ниҳоясида халқимиз қарамликдан қутилди. Юрт озодлиги, тил озодлиги истиқлол бирла қалбларга, шуурларга нур бўлиб йўғрилди. Истиқлол, Истиқбол, Ислоҳот сўзлари дилимизга уйғунлашди. Ана шу уч тушунча, уч эзгулик бирла қисқа вақт ичида янгиланиш жараёни вужудга келиб, демократик-ҳуқуқий давлат қуриш йўлига дадил тушиб олдик.

1991 йил 4 сентябрда Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Миллий боғида қад кўтараётган Алишер Навоий ҳайкалини ва боғда олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечираётиб, ёдгорликнинг очилишида наҳор оши тортилиб, Қуръон тиловат қилиб юборилишини айтганларида тинглаб турган ҳар бир кишининг қалби бир қалқиб тушгани табиий. Бу билан жамиятда адолат тамойилларини ҳаётга сингдириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Зеро, мустақил Ўзбекистонимизнинг миллий қадриятларига монанд тадбири ҳазрат Алишер Навоий номи билан бошланганлиги тасодиф эмас. “Хамса” асаридаги Садди Искандарий достонида обод, озод юрт ва одил подшо орзуси куйланади. Ҳазрат Навоийнинг озод ва обод юрт ҳақидаги орзу – умидлари бугунги кунда амалиётда ўз ифодасини топмоқда.

Ватанимизнинг озод ва обод бўлишини таъминлашга, эркин ва фаровон ҳаёт бунёд этишга дадил интилаётган халқимиз турмушида рўй бераётган улкан ўзгаришлар, республикамиз ички ва ташқи сиёсатининг ўзига хослигидандир. Ислоҳотларни чуқурлаштириш, адолатли ва маърифатли демократик жамият барпо этиш борасидаги фаолиятнинг устувор йўналишларини рўёбга чиқаришнинг долзарб масалалари ҳар томонлама теран таҳлил этилганда “Биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлган эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз” деган аллақачон шиорга айланиб кетган сўзларни эслаймиз.

Бугунги мустақил Ўзбекистон Навоийнинг яна бир асари-“Фарход ва Ширин” достонида куйланган обод ва озод мамлакат ҳақидаги орзуларининг амалиётидир, десак арзийди.

Мустақилликдан кейин соғлом авлод тарбиялаш вазифаси умумхалқ ҳаракатига айлантирилди. Эл-юрт ҳавас қиладиган фарзанд тарбиялаш туйғуси барча халқимизга, ҳар бир миллатдошимизга бирдек таниш ва бирдек азиз. Фарход-у Алпомишдек алп ўғлонлар, Ширину Барчинойдек ой юзли, гўзал хулқли қизлар тавсифи алломанинг ҳар бир достону шериятида куйланиши бугунги кун билан, бугунги давр билан ҳамоҳанг.

Мустақилликдан кейин мамлакатимиз биринчи президенти И. Каримовнинг”Хотирасиз келажак йўқ” деган шиорларига амал қилиб Ўзбекистон телевидениесида “Мозийдан ёғдулар” туркум кўрсатувларини тайёрладик. Ана шунда сценарийларимнинг ўқ илдизлари алломанинг “Мажолис-ул-нафоис” ва Насоимул-муҳаббат” асарлари бўлди.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу асарларида аждодларимизнинг таърифу-тавсифлари гўзал ифода этилган 500 дан ортиқ шоиру фузалони эътироф этганлар. Нажмиддин Кубро, Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Паҳлавон Махмуд ва бошқа алламою саркардалар ҳақида кўрсатув тайёрлаганимда албатта ҳазратнинг китобига қайта-қайта мурожаат қилардим.

Сўнгра “Соғлом авлод” газетасида бош муҳаррир бўлганимда “Мозийдан ёғдулар” саҳифасини ташкил этдик. Газета саҳифаларида ёритилаётган мақолаларни беришдан олдин ҳазрат Навоийнинг ушбу китобларини варақлаб аллома ҳақидаги фикрлари билан танишардим. Уларни олимлар ёзиб келган мақола билан муқояса қилардим. Ҳазрат Алишер Навоийнинг тарихни чуқур англаган энциклопедик олим бўлганига яна бир карра имон келтирардим.

Аждодларимизнинг хотирасини ёдлашдек улуғвор анъананинг қайта тиклангани мустақиллигимиз шарофаати бўлди. Аллома Беруний, ҳазрат Хоразмий, Нажмиддин Кубро, Имом Бухорий соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби ўзбек алломаю жаҳонгирларини, теран мушоҳада қилувчи сиёсат арбоблари сиймоси мустақиллик шарофаати билан қайта қаддини кўтарди.

Тошкент “Ислом маданияти пойтахти” деган қутлуғ номга сазовор бўлди. Табаррук юртимиз – Ўзбекистон ўзида Шарқ тарихи, маърифати, маданияти, санъати, хўжалик ҳаёти ривожининг гўзал намуналарини жамлаган ва жаҳон аҳлига кўз-кўз қилган маъжизакор макон эканлигини мустақиллик шарофаати билан исботлади.

Тил ва тафаккур уйғун. Тил ва тафаккур уйғунлиги Шарқ фалсафасининг узвий бир йўналишидир. Алишер Навоий бобомиз туркий тил гўзаллигини бу тилда тафаккур қилиб бу тилда гўзал асарлар битиш мумкинлигини ўз даврида исботлаган эди. Навоий Низомий панжасига панжа урмоқ осон эмас деб, туркий тилда гўзал ”Хамса”ни яратиб она тилини улуғлади. Ўзига асарлари билан ҳайкал қўйди. Мустақил Ўзбекистон ҳам ўзбек тилига давлат тили мақомини бериб уни кўкларга кўтаряпти.

Мустақил Ўзбекистон кишиларининг олдида турган вазифалардан бири – расмий тилда ҳам гўзал асарлар яратиш мумкинлигини исботлаш эди. Собиқ советлар даврида ўзбек тилида қонунларни тайёрланишини, зарурат бўлганда бошқа тилларга ўгирилишини қалбида Ватан туйғуси бўлган ҳар бир зиёли орзу қиларди. Зеро, қонунлар ўзбек халқи, унинг осойишталиги, Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги учундир. Айни кунда қонунларимиз ҳам ўзбек тилида тайёрланиб, сўнгра бошқа тилларга ўгирилмоқда. Мустақил мамлакатимиз конституциясида белгиланганидек, ҳар бир киши ўзлигини таниса, ўз ҳуқуқини билса ҳуқуқий демократик давлатга айланади. Зеро, “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 19–моддасида белгиланганидек қонунларимиз ўзбек тилида яратилиб, зарурат бўлганда бошқа тилларга ўгириш белгиланганлиги бу миллий қонунчилигининг ютуғидир. Мен Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутат сифатида фаолият олиб борганимда бу туйғуларни янада чуқурроқ ҳис қилдим.

Бу ҳам аллома Алишер Навоийнинг орзулари амалга ошганлигининг ифодасидир.

Дарвоқе бунинг учун барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, улар бераётган самараларни кўз олдимизга келтирсак, Навоий орзулари амалга ошаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Ана шундагина истиқлол буюк неъмат эканлигини, мамлакатимиздаги улуғвор ўзгаришлар, ҳаётбахш ислоҳотлар, аввало, республикамизда ҳукм сураётган тинчлик, тотувлик ва меҳр – оқибатнинг меваси, Алишер Навоий каби алломаларимизнинг орзуси эканлигини яна бир карра англаймиз. Халқ иродаси, эл идроки йигирма олти йил ичида бир неча бор синовдан ўтди ва давлатимизнинг оқилона сиёсати туфайли тинчлигимизни асраб қолдик. Зеро, халқимиз танлаган йўл тинчлик, босқичма – босқич тараққиёт йўлидир.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.