Хотира – муқаддас. Қадрлай олиш эса юксак инсоний туйғу!

0
131
марта кўрилган.

Пойтахтнинг сўзим гўшаларидан бири Регистан ресторанида  устозимиз Гавҳаржон Фатхуллаеванинг юз йиллигини хотирлаб,  ўғли – техника фанлари доктори Одилбек Эгамович  Рахимов онасининг дўстлари ва шогирдларига дастурхон ёзди. Аввало, Урганчдаги 1-сон мактабда онаси билан бирга ишлаган сафдошлари ва шогирдлари билан учрашув уюштириб,  онаси хотирасига бағишланган китоблардан армуғон қилди.  Неча йилдан баён кузатаман, Гавҳаржон опанинг фарзандлари учун бу анъана  – гўзал қадриятга айланган.

Ушбу – “Қалблар достони” китоб-ёдноманинг бош қаҳрамони минглаб шогирдларнинг устози, моҳир педогог, марҳума Гавҳархоним Фатхуллаеванинг таваллуд топганига 95 йил тўлиши муносабати билан фарзандлари томонидан тайёрланганди.

Ушбу савоб ишга бош-қош бўлган Халқаро Ахборотлаштириш Академияси академиги, Ахборотлаштириш фахрий профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими Комилжон Рахимов таассуфки, китоб нашрга тайёрланаётган вақтда 2019 йилнинг 16 май куни 73 ёшида вафот этди. Ўзбекистонга муносиб хизмат қилган Комилжон Рахимов муборак рамазон кунларидан бирида Урганчдаги ота ҳовлисидан охирги йўлга кузатилди. Китоб чоп этиш ишини эса Одилбек Рахимов давом эттириб охирига етказди. Ушбу китобга бир пайтлар уюштирган суҳбатимни киритибди.

Фидойи утозимиз Гавҳаржон Фатхуллаева билан бўлган мазкур суҳбатнинг ёзилганига деярли  йигирма беш  йил бўлди. У  “Соғлом авлод учун” журналининг  1999 йил январь сонида чоп этилган эди. Онажони ҳақидаги ушбу суҳбатни асраб-авайлаб  сақлаб қўйган фарзандлардан китобни қўлга олганимда хурсанд бўлдим. Онасининг хотирасини эъзозлаганларни, онажонига дахлдор ҳар бир нарсани авайлаганларни Оллоҳ сийласин.

Ушбу китобдан устозимизнинг сафдошлари, шогирдлари ҳамда фарзандларининг дил сўзлари ўрин олган. Устозимизнинг  ибратли ҳаёти, ўгитлари тошга ёзилган достондек шогирдлари, яқинлари  қалбида муҳрланиб қолади.

 

 Биринчи мақола: ФАРЗАНД – ДАВЛАТ, ФАЗИЛАТИ – ЗИЙНАТ

Ўқувчилик йиллари боланинг кўз олдида  дунёнинг юз очаётган даври. У ўз муаллимларини диққат билан кузатади, уларнинг  ҳар бирини феълини, одатини, устун жиҳатларини, камчиликларини ҳам тездан англаб олади. Одамзод аслида ана шу ўзига хослиги билан қадрли! Бу болаларнинг ўта кузатувчанлигини билдиради. Педагогларга эса масъулият юклайди. Болалар тасаввурида яхши фазилатлари билан кўзга кўринишга уринади.

Устозимиз Гавҳаржон опа – синфга оҳиста кириб келар, сокин сўз бошлар, синфни аста-секин осойишталик, файзу ҳарорат қамраб оларди. Зийрак, топқир синфдошимиз Дилбархоннинг орқаваротдан муаллимани “Қумрихон” дея эркалашларида жон бор эди. Устоз сипо кийинар, тақинчоқларга ҳам ружу қўймаган, мусичадек беозор инсон  эди.

Мана, йиллар ўтди. Мактабни тугатганимизнинг ўттиз йиллиги тантанасида севимли ўқитувчимиз Гавҳаржон опа билан дийдорлашиб турибмиз. Устоз нафақага чиққан бўлса-да, ўзига қадрдон даргоҳ – Урганч шаҳридаги 1-мактабдан узоқлашмади. Мен учрашув баҳона устозимиз, моҳир педагог Гавҳаржон Фатхуллаевага бир неча саволлар билан мурожаат этдим:

– Гавҳаржон опа, мустақиллик шарофати билан таълим-тарбияда жуда катта ўзгаришлар, бурилишлар бўлди. Педагогикамизнинг бугуни, истиқболи ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бир сўз билан айтганда, бугунги педагогика чин маънода эркин педагогика. Бугунги муаллим дилидагини тилига чиқара олади. Тарбияда халқ анъаналарига, миллий таълим-тарбияга суяна олади. Биз болаларга дилимизда айланиб турган кўпгина фикрларни етказа олмадик. Масалан, шахсан ўзим дарс берган фандан мисол келтирсам. Одамнинг маймундан пайдо бўлгани ҳақидаги қараш баҳсли эди. Лекин, бизда бошқа таълимотлар ҳам бор, масалан… дея илинтириб ўта олмадик.

Ҳатто, ватанпарварлик туйғуси ҳам сохталаштирилган эди. Одамнинг меҳру муҳаббати аввало туғилган жойига бўлган муносабатдан бошланади. Хоразм ҳақида, туркий қавмлар ҳақида тўлиб-тошиб гапирганимизда, Жалолиддин Мангубердини тилга ололмасдик. Болаларни кўҳна Урганчга саёҳатга олиб борардиг-у, Нажмиддин Кубро мақбарасини зиёрат қилаётиб, у ҳақда берилган саволларга “диний пешво” дейишдан нарига ўтолмасдик. Бу зотнинг буюк ватанпарвар бўлганлигини, кубравия деб ном олган тариқат йўлининг асосчиси эканлигини айтолмаганмиз, илмий, бадиий ижодини ўргана олмаганмипз.

Ўқувчиларимизга “Яхши ўқисанг – дунё сеники”, дер эдиг-у, болалар бунга кўпам ишонаверишмасди. Чет тилини ўргатардик, аммо бу тил кўпчиликка кейинги ҳаётида умуман керак бўлмасди. Бугунги болалар педагогикада амалиётни, сўз билан ишнинг бирлигини кўриб турибдилар. Болаликдан чет элларда ўқиб, дунё кўрмоқдалар. Зеро, халқимиз “Болаликда уққани – тошга ёзилгани” дейиши бежиз эмас. Айни пайтда болаликдан дунё кўришга, ўқишга имконият бор. Бу ҳаммаси асрий орзумиз, мустақиллик шарофати, десак, арзийди. Шу кунларга етиб келганимизга шукроналар айтаман.

–  Гавҳаржон опа, энди сизнинг узоқ йиллик муаллимлик тажрибангиздан сўзлашсак. Нега сиз болалардан ўтилган дарсларни журнал бўйича сўрамас эдингиз?

–  Ҳаётда одамларни турли вазиятларда, зиддиятли танг ҳолатларда янада яқиндан кўрамиз, кузатамиз. Болалар ҳам шундай. Туғилиш, униб-ўсиш, жуфт танлаш, бола-чақа орттириш, рихлат ҳар бир жонга хос. Бироқ оралиқдаги ана шу йўлни ҳар бир инсон ўзига хос тарзда босиб ўтади. Инсоннинг қувончлари ва изтироблари бор. Жажжи қалбларда ҳам бу кечинмаларни кузатиш мумкин. Ҳар қандай шароитда одам улуғ ва мукаррам бўлиб қолиши керак, деб биламан. Шундай экан, ўсиб-улғайиб келаётган болаларни авайламай, ардоқламай бўладими? Катталарнинг ҳар бир қадамининг акс-садосини кичикларда кўриш мумкин. Ахир, ўша куни бола қайси кайфиятда ўтирибди, билиб бўлмайди. Қолаверса, қувроқ болалар фақат ўша куни ўқиб келадилар. Шунинг учун журнал тартибида сўрамас эдим.

–  Дарс ўтгандан кейин яна савол-жавобга вақт ажратиб, янги мавзу бўйича ҳам баҳолар эдингиз...

–  Дарс ўтган пайтда: “Ҳой, жим ўтир”, “Ҳой, тўполон қилма!” деявериш, жаврайвериш болаларнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам обрўйингизга путур етказади. Айтадилар-ку, “Гапирсанг, бети қотар, урсанг – эти”. Шунинг учун дарс ўтиб бўлгандан кейин ҳамиша савол-жавоб қилардим. Фаол қатнашган ўқувчиларни рағбатлантирардим. Қарабсизки, ўз-ўзидан дарсда жим ўтиришади.

– Гавҳаржон опа, дарс бошланган пайтда йўқлама қилмас эдингиз, сабаби?

– Ҳар бир ишни хуш кайфият билан бошлаган маъқул. Дарсни қизиқарли ўтсангиз, ўқувчиларнинг ўзлари жим ўтиришади. Болаларга ҳам катталардек муомала, эътибор керак. Уларнинг феъл-атвори ҳар хил. Бироқ, барчасини бирлаштириб турадиган битта нарса бор: болалик ва ғурур. Ўсиб келаётган боланинг ғурурига тегиш, шахсини синдиришга ҳаракат этиш яхши эмас. Гоҳида мактабларда ўқитувчи билан ўқувчи орасида жанжал чиқиб, директоргача киришади. Вазиятни бу даражага олиб келган киши педагогликка нолойиқ, унинг ўрни мактаб эмас. Болага оналик шафқати билан қараш зарур. Ўқитувчи сабр-тоқатли, шафқатли, болага худди ота-онадек муносабатда бўлиши зарур.

– Дарсларни давр билан боғлаб олиб бориш керак, деб ҳисоблайсизми? Бу ишни табиий фанлар, масалан, ботаника, зоология, биология дарсларида қандай амалга ошириш мумкин?

– Албатта, давр билан ҳамнафас дарс олиб бориш керак. Масалан: балиқ ва унинг турлари мавзусини ўтаётганда, албатта Орол муаммосини, балиқ турлари йўқолиб кетаётганини қўшиб гапирсангиз, болалар ана шунга кўпроқ қизиқадилар. Қўшимча маълумотларни бериш учун ўқитувчи доимо изланиши, ўрганиши лозим. Ўз соҳасига оид китобларни мунтазам мутолаа қилиш талаб этилади. Ўқитувчи илмий, фалсафий, жуғрофий, тарихий, маданий, диний миқёсни қамраган дунёқараш эгаси бўлсагина кутилмаган саволлардан довдираб қолмайди.

Ўқитувчи болаларнинг тақдир ва қисматига, бахтига, ташвишларига тенг шерик, мусибатига қайғудош бўлсагина, болалар уни устоз деб ардоқлайдилар.

– Гавҳаржон опа, энди, она ва уй бекаси сифатида битта саволга жавоб берсангиз. Мана, уч ўғил тарбияладингиз. Уларнинг ҳар бири ҳозир ўз соҳасининг пешқадамларидан.

– Тарбиянинг асоси – оиланинг аҳиллигида, бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшашда, деб тушунаман. Мен оила қурганимда ўқитувчи эмасдим, кейин институтга кирдим. Раҳматли эрим – шоир Эгам Раҳим ўқишимни тамом этишимда қўллаб-қувватлади. У киши, она ўқимишли, билимдон бўлса, бола ҳам билимдон, ақлли бўлади, деб ҳисоблар эди. Қолаверса, болани ёшлигидан меҳнатга ўргатиб, чиниқтириб бориш керак. “Бола бошидан”, – деган ўгит ҳам бежиз эмас.

Ота-боболаримиз “Фарзандинг – давлатинг, фазилати – зийнатинг”, – деб қулоғимизга қуйишган. Фарзанд ҳаётда ўз ўрнини топиб кетса, бу – ота-онанинг бахти.

– Гавҳаржон опа, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

“Соғлом авлод учун” журнали,  1999 йил 1- сон.

 

Иккинчи мақола. Маҳалладошим ва устозим сийратига бир чизги: Баркамол фарзанд – аҳил оила мевасидир.

“Эгам Рахим шеърият боғида бир гужум,” – дея таърифлаган эди замондоши Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобилов.

Яна Эгам Рахимни Аваз Ўтардан кейин Хоразмнинг энг катта шоири, дея ўз эҳтиромини билдирганди.

Дарҳақиқат,  Эгам Рахим  ўзининг серқирра ижодий фаолияти билан  ўзбек матбуоти, санъати, маданияти, адабиётининг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшган шоир, драматург, кўплаб шогирдлар тайёрлаган устоз ва арбоб эди.

Биз — синфдошим Бекпошша Хўжаева билан матбуот соҳасидаги ижодий қадамларимизни дастлаб «Хорази ҳақиқати» газетасидан бошлаган эдик. У пайтлар мактабда  ўқирдик. Тошкент Давлат университети(Бугунги Ўзбекистон Миллий университети)га йўлланмани эса «Хорази ҳақиқати» газетасининг ўша пайтдаги бош муҳаррири Эгам ака Рахимов берган эдилар. Устознинг охирати обод бўлсин.

Эгам ака Рахимов шеърият боғида бир гужум бўлса, устозимиз Гавҳаржон опа эса ўқувчилар учун гужум  эди.

Мен бугунги мақоламда  Эгам Рахимнинг оиласи, биология ўқитувчимиз Гавҳар опа Фатхуллаева ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Чунки, ушбу ибратли оила ҳақида жуда кам ёзилган.

Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси, ботаника, зоология, биология фанлари ўқитувчиси Гавҳар Фатхуллаевани (охирати обод бўлсин) хотирласам, унинг тимсолида халқимизнинг гўзал фазилатлари – меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги, болажонлиги, шунингдек, камсуқум ва камтаринлиги намоён бўлади.

Олтинчи синфга ўтганимизда мактабимиз 9-11 синфлар ўқийдиган тажриба таълим масканига айлантирилди. Биз кичик синф ўқувчиларини эса ён-атрофдаги ўқув даргоҳларига тарқатиб юборишди. Биринчи сентябрь куни янги мактабга борар эканман, йўлда бола етаклаган аёлни учратдим. Бежирим ва содда кийинган, ёқимтой аёлнинг фарзанди билан қизғин суҳбати эътиборимни тортди. У боласига ўша кунги дарслари бўйича савол берар, дилбандининг жавобидан қониқмаса, лўнда қилиб тушинтирар эди. У аёлнинг ўқитувчи экани соддагина кўринишида шундайгина акс этиб турарди. Биринчи ва иккинчи сонли ўзбек ва рус тилларида таълим берувчи икки мактаб ёнма-ён жойлашган эди. Боласини рус мактабга киритиб юборди-да ўзи мен ўқийдиган мактабга қараб юрди. Бу манзара ҳар куни тонг билан такрорланар эди. Ҳар куни деярли бир вақтда мактабга кириб борардик.

Йиллар ўтиб, шу манзарани эслар эканман, Гавҳар опа ниҳоятда камсуқум аёл бўлганлигини англайман. Устоз “Хоразм ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, шоир Эгам Раҳимнинг рафиқаси эди. Унинг вилоятдаги кўзга кўринган инсоннинг рафиқаси эканини биз ўқувчилар билмасдик. Болаликда бундай нарсаларга эътибор ҳам берилмайди. Бола учун ҳамма тенг, ҳамма бир. Бироқ, энди ўйлаб кўрсам, Гавҳар опанинг ҳаёти ҳам шундай болаларга хос, болаларга мос кечган экан. Муаллимамизнинг мактабга эрининг хизмат машинасида келганини кўрган эмасмиз. Юқорида таъкидлаганимдек ҳар куни мактабга фарзандини етаклаб, суҳбатлашиб пиёда келарди.  Мана йиллар ўтиб эди ўйлайман. Эрининг машинасидан фойдаланса бўлар эди-ку!? Камсуқумлиги, турмуш ўртоғини авайлаб-асраши мана шу битта мисолнинг ўзида ҳам яққол ифодаланар эди.

Устоз Гавҳар опанинг феъли  жуда юмшоқ бўлиб, оҳиста гапирар, дарсларини албатта, кўргазмали қуроллар ёрдамида ўтар эди. Ўқувчиларга танбеҳ бериб, кескин гапирганини кўрган эмасмиз. Ўқув сабоқлари ҳамиша қизиқарли кечарди. Синфга ҳар сафар кўргазмали қурол билан кирарди.

Бугунги кунда мураббийни  хотирамда тиклаб, турмуш тарзини турғун оқаётган дарёга қиёслагим келади. Оила, мактаб, уй, фарзанд! Унинг туриш-турмуши шу эди. Устоз  Урганч шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўқиди. Урганч педогогика институтини (бугунги Урганч давлат университети) битиргач, ўзи ўқиган мактабга ишга келди. Ва бир умрга шу мактабга, ўқувчиларга боғланиб қолди. «Дарахт бир жойда кўкаради» деган мақолга амал қилди. Ўзи таълим олган мактабда деярли қирқ йил фаолият юритди ва шу ердан нафақага чиқди.

Дарҳақиқат, унинг педогоглик фаолияти  инсонпарварликка асосланган миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг эди. Бугунги кунда махсус дастур яратилиб, янада ривожлантирилаётган “Мактаб – оила – маҳалла” дастури асосида меҳнат қиларди. Ҳар бир ўқувчининг оиласи, маҳалласи, турмуш тарзини яхши биларди.  Зеро, шу маҳалладаги мактабда ўқиган, шу маҳалладаги мактабда ишлагани унга таълим-тарбияда жуда қўл келарди. Муаллима ўзбекона қадриятларни улуғлаб яшарди.

У ботаникадан дарс бераётганида воҳамизда, шунингдек, маҳалламиздаги ариқ бўйларида ўсадиган ўт-ўлан-у дарахтларга алоҳида тўхталиб,  гербарийларини кўрсатар эди. Зоологиядан дарс берганида, мисолларни иложи борича биз кўриб юрадиган жонзотлардан келтирарди. Биологиядан гапираётганда ривоятлар билан уйғунлаштирар эди.

Устоз воҳанинг машҳур шоири Эгам Раҳим билан тўрт нафар болани тарбиялаб, улғайтирди. Уларнинг барчаси элга муносиб фарзанд бўлиб камолга етди. Улар инженер, педогог мутахассисликларини эгаллаб,  техника ва қишлоқ хўжалиги фанлари доктори бўлишди. Албатта, бу аҳил ва осойишта ҳаёт кечираётган оиланинг дилбандлари бўлгани учун элга муносиб фарзандлар бўлиб етишишди, дегимиз келади. “Баркамол фарзанд – аҳил оила мевасидир” деган бугунги шиор гўё уларнинг ҳаётидан олингандек…

Бугунги кунда Гавҳар опа ҳаёт бўлганида, Хотира ва қадрлаш куни юз билан юзлашган бўларди. Устозларнинг охирати обод бўлишини Яратган насиб айласин!

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.