Ёқуб алайҳиссалом

0
5501
марта кўрилган.

Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.

Ёқуб алайҳиссалом Қуръон Каримда тилга олинган пайғамбарлардан бири бўлиб, Иброҳим пайғамбарнинг неварасидир(Р.З.,Н.С.).

Қуръон Каримда: ”Ва ғамдин унинг икки кўзи оқ бўлиб қолди ва у (Ёқуб)нинг ичи хафагарчиликка тўлган эди”.” Ёқуб деди: Ҳақиқатда аҳвол шуки, мен ўзимнинг дил дардимни ва хафагарчилигимни Худога арз қилмоқдаман“. ”Эй, ўғилларим, боринглар кейин изланглар Юсуфни ва унинг укасини ва Оллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманглар”. ”Олиб боринглар менинг мана бу кўйлагимни, унинг (Ёқуб) юзига ташланглар, унинг кўзлари очилур”.

 Ёқуб Исроилуллоҳ ибн Исҳоқ Сафиюллоҳ ибн Иброҳим. У ниҳоятда гўзал, алп қоматли ва жуда довюрак инсон эди. Оллоҳ таоло уни манманликдан асради. Ривоятда айтилишича, қора мол, қўй-қўзи ва йилқиларини ҳайдаб, ҳар куни далага чиқарди. У ўз ҳожатига машғул бўлганида, йилқи, қора молдан кейинда колди. Мавло таоло бир фариштани юборди. У одам сувратида ўғридек бўлиб келди. Ёқуб у билан тўқнашди. Фаришта уни кўтариб ерга ташлади. Ёқубнинг бўкса томири шикастланди. Туни билан ингради. Мавло таоло менга шифо берса, энг севимли ноз-неъматимдан кечардим, дея илтижо қилди. Оллоҳ шифо берди. Ёқуб  туя гўштини ва сутини севиб истеъмол қиларди. Шу иккаласини ўзига харом қилди. Шундан кейин Ёқуб авлодига ушбу одат суннат бўлди. Улар ушбу таомлар Одам Ато давридан ялавочларга ҳаромлиги “Таврот”да таъкидланган дейишди. Оллоҳ таоло уларнинг сўзини “Қуръони Карим”да инкор қилди.

“Таврот” нозил қилинмасдан олдин Исроил ўғилларига ҳамма таом ҳалол эди, магар Исроил ўзига ҳаром қилган нарсаларгина

Савол: Ёқуб яловоч нега Исроил деб аталади? Жавоб: “Иср” сўзининг маъноси асир демакдир. Ёқуб ялавоч бир пайтлар шайтонни асир этган эди. Шунинг учун Исроил аталади.

Яна бир ҳикоятда: Ёқуб Байтул муқаддасда хизмат қилар, унинг чироқларини ёқар эди. Шайтон алайҳиллааъна келиб доимо ўчирарди. У пайтда 600 чироқ ёқиларди. Ёқуб бир тунда пинакка кетмасдан оловни сақлади. Шайтон ўчиришга келганида, бир сакраб уни ушлади ва бўйнидан занжирбанд этди. Бир тиргакка банд этди. Шунинг учун Исроил аталди.

Яна бир ҳикоятда: Иср асир деганни билдириб, тангрининг қули деган маънони англатади.

Ёқубнинг олти хотинидан ўн икки ўғил ва бир қизи бор эди. Маликлардан бири унинг қизини сўради. Ёқуб унамади. Кофирга қиз бермаслигини билдирди. Малик яхшилик билан қизини бермаса, зўрлик билан олишни билдириб хабар жўнатди. Маликнинг қўшинлари кўп эди. Аллоҳдан фармон келди: кофирларни истасанг йўқ қилайин ёки ўғилларинг билан ўзинг ҳалок қилғил.

Ёқуб ўғилларидан кай бир йўлни танлашларини сўради. Бизни ғолиб қилсин, дедилар. Ёқуб Оллоҳ таолога дуои илтижо қилди. Мавло Таоло кофирларни ер тагига жўнатди.

Яна бир Малик унинг қизини сўради. Ёқуб деди: “Менинг шариатимда бир суннат анъана бор, яъни хатна қилмоқ. Агар ўзинг ва аскарларинг ушбу суннат амални бажарса, қизимни бераман”. Малик ўзини ва аскарларини суннат қилдириб, оғриб ётганида Ёқубнинг ўғиллари келиб уларни қирдилар.

Яна баъзи уламолар айтмишлар: Однинг Шаддат отли ўғли бор эди. У дунёда жаннатмакон жойлар бунёд этди. Унинг Имлоқ деган ўғли бўларди.

Ёқуб қавмида минг бек бор эди. Имлоқ уларни чорлаб деди: Менга текис ва соз тупроқлиқ ер топинг. Минг беклар ундай ер ҳосил қилдилар. Имлоқ келиб ерни ўлчади. Ўн икки йиғочлик(9км-1йиғоч) ерни қаздирди, сувга тўлдирди, сув атрофини тош билан қопладилар. Шундан кейин тош атрофида баланд уйлар қурдирди. Ҳар бир иморатнинг катталиги 40 қарига тенг эди (1 қари-қул учидан тирсаккача бўлган катталик). Баландлиги ҳам иморатнинг энича эди. Уни Қутрум шаҳристони атадилар. Ушбу шаҳристоннинг ўртасида икки йиғоқчилик сарой қурди. Бир ғишти олтиндан, бир ғишти кумушдан. Яна қирқ қари боғ-роғлар, бозорлар бунёд этдилар. Бу сарой ўртасида ўзига томоша қиладиган жой қурдирди. Кенглиги икки юз аршун. У шаҳристонга тўртта дарвозадан кириларди. Уларнинг катталиги тўрт аршин эди. У ерда гўзал ва улуғвор тахт ҳам ясатди.

Йиллар ўтиб Канъонда қаҳатчилик бошланди. Қутрум шаҳристонида ноз-неъмат кўп, уни сотарлар деб хабар келди элига. Канъон Қутрумга ўн кунлик йўл эди. Ёқуб ўғиллари ошлик келтиргани, сотиб олгани бордилар. Илмоқ ўз тахтида ўтириб, жойларини суқланиб томоша қиларди. Узоқда Яқуб ўғилларини тевада келаётганини кўрди. Бошларида оқ булут қалқон бўлиб соя ташлаб келарди. Имлоқ булутга боқиб унда: “Ягона Оллоҳдан ўзга бирорта маъбуд йўқ ва Муҳаммад Расулуллоҳ унинг элчисидир”, деган ёзувни кўрди. Вазирларини чақириб, йигитларни келтиришни топширди. Вазир келиб, уларни саройга таклиф этди. Биз Оллоҳнинг топшириғини бажармагунча бормасмиз, деди Яҳудо. Бу сўз Маликка етди. Ишлари тамом бўлгач, улар келдилар. Имлоқ бўйи-басти бир-бирига уйғун алпқомат гўзал сувратли ўн йигитни кузатиб туриб, ҳайратланди.

– Сизлар кимсизлар?-сўради у.

–Бизлар Яқуб яловочнинг ўғилларимиз, отамиз Исҳоқ, катта отамиз Иброҳим яловоч, — деди катта ўғли Яҳудо. – Биз бу ерга Канъондан ноз-неъмат сотиб олгани келдик.

– Яна қариндошларингиз борми? – сўради Малик.

– Яна Юсуф ва Ямин отлиқ икки нафар укамиз бор.

– Мен эр қариндош сўрамасмен, қиз қариндош сўрарман,- деди Малик.

– Бир синглимиз бор.

– Уни менга беринг. Отангиз ва сизларга мол-дунё совға-салом берайин ва барчадан азиз қилайин.

Яҳудо укаларига қаради. Шамъун ва Рубил аччиқланди. Яқуб ўғлонлари аччиқлансалар, вилоятни теп-текис қилмагунча ғазаби ўчмасди. Иброҳим уруғларидан кимдир аччиқланса, қўлини силаса ғазабдан тушарди. Яҳудо уларнинг қўлини силади.

– Эй, Малик, сани ўғлинг қизингни Сендан рухсатсиз бировга берарми?-деб сўради Яхудо.

– Йўқ.

– Бизнинг отамиз бор. Унга сўзингни етказамиз, – деди Яхудо.

Малик у сўзга севинди. Ўн тева буғдой, ўн тева ун, ўн минг кумуш, ўн ботмон ипак, ўн ботмон анбар, ўн ботмон кофур совға қилди. Яна оталарига қўшимча совға –салом берди ва илтимосини етказишни сўради.

– Отангизни оталиққа қабул қилдим. Улар мени ўғилликка қабул қилсинлар. Қизини олиб келсин, – деди Малик. Ёқуб ўғиллари совға-саломларни Ёқубга етказдилар. У йиғлади. Мендан бурун бирор ялавоч қизини кофирга бермаган, деб оғринди. Ўғиллари ҳам биз сизнинг ушбу хабарни билиб қўйишингиз учун айтаяпмиз, дедилар.

Бир ой ўтгач Маликдан хабар келди: Улуғларнинг улуғи, маликларнинг малиги, буюк қўшинли Имлоқдан фақир, ҳақир Ёқубга етсин. Битикни олгач, қизингни менга шайлаб қўй. Агар қизингни бермасанг, бориб эл-кунингни бузаман. Ялавочлик сенга асқатмас. Ер тангриси менман. Оғзингга тупроқ тўлсин, кўк тангрисининг сену мендан бошқа иши йўқми?

Ўғиллари билан кенгашди. Ўғиллари қизингни деб эл-юртни хавфга қўйма, уни бергил, дея маслаҳат бердилар. Ёқуб пайғамбар Яҳудога ёз деди: ”Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим. Мен Яъқуб Исроилуллоҳ ибн Исҳоқ Сафиюллоҳ ўғли Иброҳим Халилуллоҳдан Имлоқи лаинга. Билгин, ҳеч ялавоч қизини кофирга бермади, мен ҳам бермасман: “Аллоҳдан ўзга бирорта маъбуд йўқ ва Ёқуб Оллоҳнинг элчисидир”, десанг мусулмончиликка имон келтирсанг. У ёғини Оллоҳ билади”, – дея жавоб йўллади.

Имлоқ мактубни олди. Ўн икки минг бекларига маслаҳат солди. “Кучимиз, кўшинимиз кўп, фармон берсанг қизини тортиб олармиз”, – деди улар

Малик ўн икки минг қўшин йиғди. Имлоқ жуда семиз эди. Уни от, хачир кўтармасди. Филга миндирдилар. Қўшинларини бошлаб Канъонга келди. Жаброилга фармон бўлди. У қаноти билан филни бир урди. Унинг фарёди Ёқубга ва унинг элига эшитилди. Ўғиллари чўлда эди, у ердан келдилар. Отаси йиғлаб Оллоҳга мурожаат қилди. Жаброил айтди:”Эй, банда, пайғамбарини Оллоҳ кофирга хўрлатмайди. Қизинг менинг Оллоҳимда азиз турур, уни душманга бердирмас. Ўғилларинг курашга тайёр турсин, қўрқмасин, мен қудратимни кўргазгайман”. Ёқуб хурсанд бўлди. Ўғилларини жангга хозирлади. Улар айтдилар. Биз ўн кишимиз, холос, улар кўп”. “Мен бир силоҳ бераман. У куч-қувват бағишлайди”. Ёқуб сандиқ очиб. Одам Сафий тўнини Маъмунга, Шис тўнини Робилга, Иброҳим мунгузин Яхсарга, Мусо асосини Яҳудога берди. Тўққиз ўғлига Яҳудони етакчи қилди. Малик тахт устида турарди, Узоқдан ўғлонларни кўрди. Топшириқ берди: ”Уларнинг ниятларини билинг, фикридан қайтмаган бўлса, бошини келтиринг”, – дея ўн минг эр қўшин юборди.

– Нимага келдинглар, – сўради Малик одамлари.

– Жанг қилишга, –деди Яҳудо ва қўлидаги Мусо асосини осмонга отиб илиб олди. Ушбу одат шу-шу анъанага айланди.

Сўнгра ҳайбат билан Яҳудо ингради. Унга тўққиз ини ва кўкда фаришталар қўшилдилар. Даҳшатли овоз пайдо бўлди. Ўн минг қўшинли аскарнинг юраги ёрилиб ўлди. Малик қўшинлари қайтавермагач, яна йигирма тўрт минг қўшин юборди. Қўшинлар келгач, Шамъун ун килди. Яна унга тўққиз ўғлон ва кўкда фаришталар қўшилди. Кўкдан олов тушиб барини куйдирди. Хабар Маликка етди. У ўн икки минг беклари билан отланди.

Ёқуб ўғлонлари Оллоҳга такбир қилдилар. Уларга фаришталар қўшилди. Даҳшатга тушган беклар Қутрумга қочдилар.

Қутрумнинг дарвозаларини беркитиб олдилар.

Шамъун ун қилди. Деворлар емирилиб, йўл очилди.

Ёқуб ўғиллари билан кириб борди. Маликни тахтиравондан топдилар.

– Эй, Малик, Оллоҳдан ўзга бирор маъбуд йўқ ва Ёқуб алайҳиссалом унинг элчисидир, дея Оллоҳга имон келтир, сенга Оллоҳ омонлик беради, яна мол-мулк етказади ва жаннатга киритади, – деди Ёқуб.

– Эй, Ёқуб, Оллоҳинг менга вақт берсин, ўйлаб кўрайин, мол-мулк, давлат берганини сезайин. Кейин имон келтирарман.

Жаброил келди.

–Тангри ёрлиқади, истаганича синов муддати бер, – деди.

– Неча йил муддат керак? – сўради Ёқуб.

– Ўн йил.

Ёқуб Имлоқни жойига – тахтиравонига ўтказди.

Оллоҳ унга кўп неъмат берди. Ўн икки минг беклиги йигирма тўрт минг беклик бўлди.

Ўн йил ўтгач, Жаброил Ёқубга келди: “Эй, Ёқуб, Оллоҳ сенга дуруд йўллади ва Яҳудони Имлоқ ҳузурига юбор, у имон келтирсин, берилган муддат тугади” – деди.

Яҳудо борди. Имон келтиришга даъват этди.

– Эй, Яҳудо, сен элчисан. Элчига ўлим йўқ. Бўлмаса терингга сомон тиқардим. Изингга қайтиб отангга айт, қизини ясантириб менга жўнатсин, акс ҳолда ҳолинглар хароб бўлади.

Яҳудо қайтиб келиб, отасига хабарни етказди. Ёқуб Оллоҳга ёлворди.

Жаброил келди: “Аллоҳ таоло сенга салом йўллади. Айтди: Мен ҳалимман, ошуқмасман. Яҳудога айтгил, яна бориб, Имлоқни мусулмонликка даъват этсин. Оллоҳ ягона, бошқа маъбуд йўқ. Ёқуб унинг ялавочидир. 

Яҳудо яна келди. Жаброилнинг сўзини етказди. Имлоқ аччиқланди, қўшин йиғди. Йигирма тўрт минг отлиқ қўшин отланди. Ўзи филга минди. Канъонга икки йиғочлик ерга келиб тушди. Ёқуб яловоч Мавло Азза ва Жаллага ёлворди. Жаброил хабар келтирди: ”Эй, Ёқуб, Тангри сенга салом йўллади. Яна айтди, бу кеча сенга малъундан нажотлик беради.

Қаронғу бўлди. Елга фармон етди. Қаттиқ шамол эсди. Тонггача Маликни қўшини билан ҳалок қилди. Қутрум шаҳристонини ер бирла кўтариб ташлаб, остин-устин қилди. Жаброил келди: “Эй, Ёқуб, Тангри ёрлақолар. Имлоқнинг молини, олтин-кумушини олғил. Бошқасини ўтга ёқ, куйсин”. Ёқуб ўғлонлари билан бирга бордилар. Имлоқнинг молини, олтин-кумушини олдилар. Бошқаларини ўтга ёқдилар, кул бўлди. Канъонга қайтиб келдилар.

Бу ривоятда Аллоҳ бандаларига ўзининг карамини ва азобини кўрсатяпти. Мисол учун Лут қавмига юборгандек, хоҳласа майда тошларни учириб келувчи шиддатли азоб юбориши мумкинлигини эслатяпти. Агар шундоқ қилса, ҳеч ким қочиб қутила олмайди.

Қиссанинг ҳикмати шундаки, имон, эътиқод, берган ваъдасида собит қолиш, эзгуликлар тарғиб қилинади. (Р.З, Н.С.).

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.