Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» жамоат фонди молиявий кўмагида ёш шоира Феруза Хайруллаеванинг “Қақнус парвози” китоби чоп этилди. Китобнинг 10 000 нусхада нашр этилгани ҳукуматимизнинг ёшларга бўлган эътиборини ифодалайди.
Ёш ижодкорга таҳририятимиз номидан янада юксак парвозлар тилаймиз. Янги-янги китоблар кутиб қоламиз. Ферузахоннинг ҳаётидаги биринчи китоби 10 октябрь — Халқаро қизлар кунига муносиб туҳфа бўлди.
Қуйида исътедодли шоир Азиз Саиднинг ушбу китоб ҳақидаги фикрлари билан танишасиз.
Ферузанинг илҳом ва дард билан ёзилган ҳар бир шеърида айрича оҳанг бор. Ёш шоиранинг бедор руҳиятида ёруғликдан қувончни, зулматдан хавотирни, бетаъма муҳаббат ва эзгуликка фидойиликни туясиз. У инсоният дардларини қайтиб тушмайдиган қилиб осмонга юлдуздай сочиб юборишни, бахтни эса заминга экиндай экишни орзу қилади.
Ўзига хос нигоҳ, ўзига хос ташбеҳ ва образлари билан ўз тенгдошлари ичида эътирофга сазовор бўлаётган ёш шоирани шеърият ихлосмандлари ҳам эътироф этишларига ишонамиз.
Аҳмад Тўра фотоси