Мумтоз адабиётнинг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.
Қуръони Каримда Юсуф алайҳиссалом ҳақида алоҳида сура (12-сура) мавжуд бўлиб, у бир юз ўн бир оятдан иборатдир. Унда асосан Оллоҳнинг пайғамбарларидан Юсуф ибн Ёқубнинг ҳаёти, бошига тушган балолар, оға-инилар ва бегоналардан кўрган кулфатлари, қудуққа ташланганлиги, тухматга йўллиқанлиги, зиндонбанд бўлгани ва кўргиликларга сабр-тоқат қилиши натижасида бутун Миср заминининг мулку хазинасига эга бўлганлиги зикр қилинади.
Бу сура «Ҳуд» сурасидан кейин Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларининг энг қора кунларида – яқинлари Хадича ва Абу Толибдан ажраган, мушриқлар томонидан озорланиб, қийналиб юрган кезларида нозил бўлган. Оллоҳ таоло гўё ўзининг суюкли пайғамбарига ва у зотнинг барча умматларига агар бошларига тушган балога, кулфатларга ва диёнатсиз кимсаларнинг зулму зўравонликларига сабр-қаноат қилиб, ўзларининг ҳақ йўлидаги курашларидан толмай, Оллоҳнинг динидан қолмай собитқадам бўлсалар, Парвардигори олам уларни зулматлардан халос этиб нурли, бахт-саодатли кунларга етказажагини уқтираётгандек. Назм услубидаги бу сурада ўзгача латофат, айрича жозиба мавжудки, ислом оламидаги энг буюк қалам аҳллари ундан мутаассир бўлиб, шеъру достонлар битганлар. Уламолар эса бу сура хусусида жилд-жилд китоблар тасниф этганлар. Шундай асарлардан бирида: «Юсуф сураси жаннат аҳллари жаннатда ҳам роҳат билан тиловат қилиб юрадиган суралардандир» дейилса, яна бирида ҳар қандай ғам-ташвишга ботган маҳзун киши Юсуф сурасини эшитиши билан ором-осойишталик топар, дейилади.(Р.З.,Н.С.)
Қиссани бошлашдан олдин Қуръони Каримдан муаллиф шундай оятларни келтиради: «Эй, отажоним, мен тушимда ўн бир юлдуз, қуёш ва ойни кўрдим, улар менга сажда қилиб турганини кўрдим». «Эй, ўғилчам, бу тушингни биродарларингга ҳаргиз сўзламагинки, тағин улар ҳасаддан сенга бирор макр ишлатмасинлар». “Мени мамлакат хазиналари устидан тайинлагинки, мен сақлагувчидирман, билгувчидирман” “Эй, Парвардигорим, менга улар чорлаётган нарсадан кўра ҳибсхона маҳбуброқдир”. “Мени мусулмон бўлган ҳолимда жонимни ол ва яхши бандаларинг билан қовуштир”. “Биз сенга энг яхши қиссани баён қилмоқчимиз”.
Чин ўн икки эрди Яъкуб совчининг болалари,
Кўрса анинг биртак эрди бўйлари болалари.
Ўн биринчиси Юсуф эрди суврати явлоқ бадиз,
Лаъл ичинда гулчирар кўп лолаю лолалари.
Кўрк қилиқ зийнат малоҳат ҳам нубувват, ҳам карам,
Бошо азоқга тегру жумла мавлонинг ололари.
Ота севган, отасинға туш кўриб йўрдургувчи,
Не ҳасад қилди, кўр, анга ул ўгай оғалари.
Ул Миср мулни ичинда маликлар хотунларин,
Қул қилған ул қамуғни зулфининг лолалари.
Қул сотилди эл ичинда қайра олди қул қилиб,
Волий бўлди Миср ичинда бўлдилар мавлолари.
Юсуф алайҳиссалом болалигида туш кўради. Уни отасига айтади: «Эй, отажон, мен тушимда ўн бир юлдуз, қуёш ва ойнинг менга сажда қилиб турганини кўрдим». Отаси: «Эй, ўғлим, тушинг қутлуғ бўлсин. Уни биродарларингга ҳаргиз сўзламагин, тағин улар ҳасаддан сенга бирор макр ишлатмасинлар», – дея жавоб қилади. Отасининг насиҳатини эшитган, қариндошлари ака-иниларининг жафосига илиниб, қудуққа ташланган, қудуқдан олиниб, ўн саккиз бадал пулга сотилган ва Миср аёлларининг макрига мубтало бўлиб, Эй, Парвардигорим, мен учун улар чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар ўзинг уларнинг макрларидан мени асраб қолмасанг, уларга кўнгил бериб, нодонлардан бўлиб қоламан, деб Оллоҳга ёлворган Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги қиссани баён қиламиз.
Оллоҳнинг китоби қадим ва азим Қуръони каримда ушбу қиссани аҳсан яъни қиссаларнинг энг гўзали дейилади. Савол: аҳсан демакдан ҳикмат не эди? Жавоб: Қуръон ичидаги қиссалардан фойдаси зиёдроғи Юсуф қиссасидир. Шунинг учун ҳам “Аҳсан ул қасос” дейилади.
Иккинчи жавоб: Бу қиссадаги воқеалар баъзиларнинг сўзича қирқ йил, баъзиларнинг сўзича саксон йил кечади. Учинчи жавоб: «Қуръони карим»да баъзи қиссалар фақат оятлардагина келади. Аммо Юсуф қиссаси тўлиқ бир сурани ўзига қамраб олади. Шунинг учун “Аҳсан ул қасос” дейилади. Тўртинчи жавоб: бошқа қиссаларда қахрамон бегоналар орасида эди. Юсуф қиссаси ота-онаси ва акалари орасида кечади. Шунинг учун ҳам у “Аҳсан ул қасос” деб таърифланади.
Бешинчи жавоб: бу қиссада уч ҳолат мавжуд:роҳат, машаққат ва ибодат. Халойиқ орасида эзгу муомила қилмоқ, дунё кенгу тор келганида ҳам вазмин бўлмоқ. Олтинчи жавоб: Юсуф қариндошлари билан эзгу муомила қилганлиги, уларнинг зулмига сабр қилгани ва кечиримли бўлгани учун. Еттинчи жавоб: бу қиссанинг аввали туш, ўртаси туш, охири туш эди. Саккизинчи жавоб: бу қисса хайрли ишқ-муҳаббат билан тамом бўлди.
Тўқизинчи жавоб: Расулуллоҳ алайҳиссалом ёрлиқади, ким ўн хил балога илинса ўн сурани ўқисин. Яъни кимки мушкули енгил бўлишини истаса, «Ал ҳамду» сурасини, ўғрилардан қутулай деса “Сурат ул бақара”ни, камбағалликдан қутилай деса “Оли-Имрон”ни, ким кўнгилимдан қайғу кетсин деса “ Сурат ул анъом”ни, ким келишмовчиликдан қутулишни хохласа “Сурат ул анфол”ни, кимки менга алам ҳаром бўлсин деса “Аллам нашраҳ”ни, ким ғазабим учсин деса “Сурат ул аср”ни, ким кофирлик ва ширк мендан кетсин деса “Сурат ул ихлос”ни, ким жодулардан омонлик тиласа “Сурат ул муааввизатайин”ни, кимки мендан ушбу ўнта қайғу бари кетсин деса “Юсуф» сурасини ўқисин.
Айтишларича, Ёқуб ялавочнинг олти хотини бўлган ва уларнинг ҳар биридан 2 ўғил, жами ўн икки фарзанд бўлади. Ривоят: Юксакликда ўн икки бурж бор. Қуръони Каримда “Улуғ барокотлик зот улдурки, осмонда катта-катта юлдузларни яратибдир”, дейилади. Ушбу буржлар: қўзи (ҳамал), уй (савр), аранданд (жавзо), қучиқ (саратон), кур арслон (асад), буғдой боши (сунбула), улкар, чизан (ақраб), ёй (қавс), ўғлоқ (жадий), қўнак (далв), балиқ (ҳут). Бу ўн икки буржда етти юлдуз бўлади. Қуръони Каримда: “Юлдузли осмон билан қасамёд этаман», дейилади. Бу ўн икки буржда етти юлдуз, етти сайёра мавжуд. Қуръони Каримда: “Қасамёд этаман кечаси кўриниб, кундузи яширинувчи, тўғри юриб сайр қилувчи, орқасига қайтувчи юлдузлар билан», дейилади. У юлдузлар қай бири деса айтгил: Сакандир (Зуҳал — Сатурн), Ўнғай (Муштарий — Юпитер), Куруд (Миррих — Марс), Яшиқ (Қуёш — Шамс), Сақит (Зуҳра — Венера), Орзу(Уторуд — Меркурий), Ялчиқ-( Қамар- Ой).
Байт
Ўн икки укак етти ақраб қислиқ,
Энг илки қўзи, уй, аранданд, қучук.
Кўр арслонма буғдой боши улкар аро.
Чаён ҳам ёй, ўғлоқ, кўнак ҳам балиқ.
Яна етти юлдуз буларда юриюр.
Сакандир, ўнгай ул куруд ҳам яшиқ
Сақит, орзу, ялчиқ ёғитек бўлур,
Тўқушдин ўсанма қизибон ёриқ.
Яна оламда етти бурждан ўн икки юлдуз туғилди. Етти бурж қай бирлари десангиз: Ёқуб ялавоч, Шавша, Заъура, Сунбула, Қамар, Ҳабиба, Рахил. Яъни, Ёқуб ялавоч олти хотини билан етти бўлади. Ўн икки юлдуз қай бирлари деса, ўн икки ўғлонлари — Рубил, Ловий, Шамъун, Яҳудо, Жода, Дон, Яғсар, Ястохир, Заботук, Қозур, Юсуф, Ямин.
Юсуф ўн биринчи ўғил эди. Мавло таоло унга ўн хил каромат берди. Кўрк, яхши хулқ, кечиримлилик, ялавочлик, ростгўйлик, омадлилик, оқибатлилик мушкулот, тушни таъбирлаш, Иброхимдек китобни баён эта билиш. Юсуф оламда тенги йўқ эди.
Ривоят қилиишларича, Миср халқи етти йил қаҳатчиликка мубтало бўлди. Мол-мулкни, қулларини Юсуфга сотиб ноз неьмат сотиб олдилар. Омборда озиқ-овқат қолмади. Юсуф алайҳиссалом Миср халқига юзидаги бир қат пардани кўтариб, жамолини кўрсатди. Улар Юсуфнинг жамолини кузатиш билан тўрт ой очлик нималигини билишмади ва ҳосил йиғим-теримига етиб келишди.
Яна бир хабарда айтилишича, Меърож тунида Расул алайҳиссаломга Оллоҳи таолонинг ёрлиғи бўлди: «Эй, Муҳаммад, жаннатдаги ҳурларнинг кўркини дунёдаги икки кишига бердим. Бири онанг Ҳавога, иккинчиси Юсуф Сиддиққа».
Яна уламоларнинг ривоят қилишларича, Мавло таоло жами гўзалликларни минг улуш қилди. Тўққиз юз тўқсон тўққизини Юсуфга ва бир улушини барча одамларга улашди. Юсуф шу қадар хушсуврат бўладики, Олам аҳли Юсуфнинг уйидан чиққанини дарров биларди. Ой ва куннинг нури қолмасди. Ким Юсуфга боқса ўзини кўзгуда кўргандек кўрарди. Таом еса, томоғидан ўтгунча кўринарди. Ёноқлари нуридан қоронғу тун ёришар, юрган йўлларида “Шакойи ан-ниъмон” чечагининг ифори келарди. Юсуф ва Яминнинг оналари Рахил эди. Улар гўдаклигида-ёқ онасидан масуво бўлишганди. Юсуф ва Ямин онадан эрта ажралди. Деб Ёқуб алайҳиссалом уларни эркалатар эди. Аммо Юсуфга қаттиқ меҳр қўйган бўлиб, Юсуфсиз бирор жойга бормас эди.
Юсуф етти ёшида туш кўрди. Тушида акалари билан ёз куни дарахт экдилар Барчаси кўкарди. Аммо, гуркираб ўсмади. Фақат Юсуф экан кўчат гуркираб кўкка етди. У яна бошқа кўчатларни ҳам гуркираб ўсишини орзу қилди.
Баъзи уламолар айтишича, оға-иниларининг кўчатлари Юсуфнинг гуркираб ўсган дарахтига сажда қилдилар. Юсуф келиб ушбу тушини акаларига айтди. Туш уларга ёқмади. Улар бир-бирларига дедилар: Кўрмайсанми, бу Раҳилнинг ўғли отамизнинг меҳрини кучайтиришга интиляпти.
Иккинчи тун яна туш кўрди Унда ўн бир юлдуз,қуёшу ой билан бирга Юсуфга сажда қиларди. У бу тушини биродарларига эмас, отасига айтди.
Ривоятда айтишларича, Бўстон отлиғ жуҳуд ялавочимиз Муҳаммад Мустафога савол берди: Юсуфга сажда қилган ўн бир юлдузнинг оти на эди? Расулуллох(с.а.в) дедилар: у юлдузларнинг номини айтсам имон келтиргаймисан? Жуҳуд жавоб қилди: Жавобингдан кейин.
Расул айтди: Юлдузлар оти: чизон (чаён), ториқ, қойис, хандуҳ, файлақ, муссабиҳ, вассоб, раййол, яна бир ривоятда зайёл, зулумудан, зулфара, зулкитфон. Бу ўн бир юлдуз ой ва қуёш бирла кўк этагида Юсуфга сажда қилдилар. Яна бир ривоятда ерга эниб сажда қилдилар. Жуҳуд айтди: “Вооллоҳким, «Таврот»да ҳам бундоқ ўқидим” деб имон келтирди.
– Эй, Юсуф, тушларинг жуда ғайриоддий гўзал, қариндошларингга айтмагил, сенга ёвузлик қилишмасин. Шайтон одамзод учун очиқ душмандир, – деб ўргатди отаси.
Юсуфнинг сўзини акаси Рубилнинг онаси Қамар эшитди. Уни Рубилга гапирди. У бошқа ака — укаларига етказди. Ёқуб ўғлонларининг бўйин томирлари бўртиб чиқди ва терилари жимирлаб, туклари тик турди. Барчалари айтдилар: “Раҳил ўғлини отамиз биздан ортиқ кўради. У ўзини янада яхши кўрсатиш учун туш кўрдим дея алдайди. Биз қўй — қўзи орқасидан дала — даштда югуриб юрганимизда у отамиз ёнида иссиққина уйда ўтиради”.
Қурьони каримда шундай ёзилади:» Гарчи биз кўпчилик бўлсакда, шак — шубҳасиз Юсуф ва унинг биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дархақиқат, отамиз очиқ залолатдадир». (Юсуф сураси 9 оят). Улар Юсуфни узоқ жойга ташлаб келсак ёки ўлдирсак, отамизнинг меҳри бизга кўчади дея кенгашадилар. Оға-инилар кенгашаётганида шайтон уларнинг олдига бир қария сувратида келди ва “Юсуф сизларга қулдек қарайди”, деди. “Нима қилайлик” сўради улар. Шайтон айтди: “Юсуфни ўлдиринг ва бир ерга кўминг, қурт-қумурсқаларга ем бўлсин” Улар айтдилар: “Юсуфни ўлдирсак, отамизга зулм қилиб, Оллоҳ таолога осий бўламиз” Шайтон айтди: “У ишни қилгандан сўнг тавба қилиб, яна солиҳ инсонлар қаторида бўласиз”. Шайтон айтарини айтиб ғойиб бўлди.
Улардан бири гапирди: Бу ишни қилар бўлсангиз чуқур қудуққа ташланг. Йўловчилар олиб кетади. Бу тадбирни ўргатган ким эди? Баъзилар айтмишлар Рубил эди. Чунки у Юсуфга холавачча бўлиб, барча акаларидан катта эди. Баъзилар Яхудо эди десалар, баъзилар Шамъун эди дейишади. Яна улар одам ўлдириш дўзаҳийликдир, қудуққа ташлайлик деб келишдилар.
(Давоми бор).