Мумтоз адабиётнинг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Келишиб олишгач, улар оталарига айтдилар: “Эй ота, иссиқ кунлар бошланди. Бугун кун Ҳут отли қишловдан Ҳамал отли ёзга ўтди. Улуғвор кўк йиғлар, яғир ер кулар булутлар ёш оқизса, ёш ўғлон онадан туғилгандек ошини ошаб бўлган қора ердан кўкатлар унар”
Байт. Баҳориёт
Мавлоно Носируддин Рабғузий:
Қад жаъат ал-азҳару баъда фавтиҳа
Ва ғаннат ат тайру би аъло савтиҳа.
Фа унзур ила аассари раҳматиллаҳи,
Кайфа йуҳий ал-арза баъда мавтиҳа.
Кун ҳамалга кирди эрса келди олам наврўзи,
Кечда баҳман замҳарир қиш қолмади қаро бузи.
Кун келу минг кўрки ортиб тирилур ўлмиш жаҳон,
Тонг бадизлаб нақши бирла безанур бу ер юзи.
Тонг отарди эснаюр тўрт булунгдин шамол, зиё,
Кун тузар киндик йипор йизланур ёбон ёзи.
Ёрлиғи епкун-бағирдин обуғи яшил, қизил,
Ораси бутоқ, ябурғоқ, тол чечаклар туб тузи.
Ўрласа булутлари гулчирар боғу бўстон,
Тол йиғочлар енг солишур ўйнаюртек қўй-қўзи.
Киршани қор қани энглик боқса тоғлар суврати,
Тўнглиғи тангсуқ йипордан Рум хитой атлас, чўзи.
Лола сағроқин ичарда сайрар усруб сандувоч,
Турна ун тортиб ўтарда сакрашур бақлан қўзи.
Кўкда ўйнар қўл солишур қўғу қоз қарғулоч,
Ерда югруб жуфт олишур ос, тийинг, қиш кундузи.
Тол йиғочлар минбаринда тўти қуш мажлис тутар,
Қумри, булбул, мукри бўлиб ун тузар тун кундузи.
Яғиз ер, кўк тенгизлик яшнаюр майдон бўлиб,
Оғрушим ойтак чечаклар теграсинда юлдузи.
Ҳури ин ужмоқ ичинда енг солиб таҳсин қилур,
Ёз уза мундоғ ғазаллар айтишда Носир Рабғузий.
Ана шундай кунда ўгай оғалари яна айтдилар: ”Эй, ота, ана шундай сафоли кунда сабо нуридан эмган комил Юсуфни биз билан бирга жўнат. Чўл ёзини кўрсин, қўй-қўзиларни қувиб юриб, қайғулари сочилсин, дили янада очилсин”, – деб ёлғон ила оталарини аврадилар. Ёқуб яловач айтди.”Ўғилларим сиз биларсиз, мен Юсуфсиз сувсизликда қолган балиқдекман”. “Нима бўлди сенга, бизга ишонмассан. Биз ҳам уни сендан кам яхши кўрмасмиз. Уни орамизда учаётган қушдек олиб юрамиз”. Ёқуб айтди: ”Кўнглим безовта, уни олиб кетишинглар мени хафа қилади. Ва сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетади, деб қўрқаман”.
Савол: Ёқуб яловоч нега Юсуфни бўри ейишидан қўрқаман деб дадил айтди? Жавоб:Ялавочимиз Муҳаммад Мустафо алайҳиссалом айтадики, қачон Мавло Азза ва Жалла Юсуфни ўлдирганлар ёки узоққа ташлаганлар Ёқуб ялавочни Юсуф фироқи билан йиғлатмоқни тақдирига битганида. Ёқубнинг кўнглига хавф даҳшатини солди. Ёқуб қирқ кун-тун ухламади. Тоат-ибодат қилиб, Оллоҳга ёлборади. Қирқ тун тамом бўлганида уни ғафлат босиб ухлаб қолади. Юсуф Ёқубнинг қўйнидалигида туш кўрди. Ўзини тоғнинг бошида, Юсуфни дарёнинг қуриган ўзанида кўрди. Унга ўн нафар бўри жонини олмоққа шайланиб, ҳалок қилгудек ҳамла қилмоқда эди. Ёқуб тоғ тепасидан боқар, яна бўрилар уни қуварди. Юсуф бўридан халос бўлишида ер ёрилади ва у ер остига тушиб кетади, уч кундан кейин яна чиқади. Ёқуб қўрқиб уйғонади.
Акалари отаси рухсат бермаслигини билиб, Юсуфни аврадилар. Юсуф отасига ялинди: “Мени акаларим билан жўнат, дала — даштни, қўй — қўзиларни кўриб кўнглим ёзилсин”.
Ёқуб деди:
– Эй, кўзимнинг нури, кўнглимнинг тўқлигии, бағримнинг парчаси, юрагимни қувончи. Мен сен билан юксакман, сенсиз яшай олмайман.
Юсуф айтди:
– Биламан мени қаттиқ суясан, унинг аломати шуки, маҳбубнинг истагини бажариш. Менинг тилагим оға-инимлар билан бормоқ.
Ёқуб уни эштиб, ингранди, ва деди: “Эй, кўркам юзли Юсуфим, сўзингни синдиролмайман. Истагингга розиман. Қариндошларинг бирла боргил кечқурун яна бағримга қучиб гўзал кўзингни беғам кўрайин”.
Қариндошлари келиб Юсуфни олиб кетаётганида Ёқуб йиғлаб, деди: “Эй ўғлонларим, мени Юсуфсиз қўйманг, унга яхши боқинг, оғриса елкангизга олинг, оч бўлса ош, сувсаса сув беринг”.
Улар айтдилар: Эй, ота, бу насиҳатларни ёт кишига қилгин, биз укамизни оч ва сувсиз қўймаймиз.
Ёқуб йиғлаб Юсуфнинг бошини ювди, сочини таради, ундан кейин қўлини дуога кўтарди ва Оллоҳга илтижо қилди: “Оллоҳим, Юсуфни сенга топширдим, менга тирик қайтаргил. Фироқ ўти билан мени ёндирмагил”.
Кейин Юсуфни уларга берди. Отасининг ёнида Рубил Юсуфни елкасига олди, Кейин Яҳудо, Шамъун, Ловий уни елкадан елкага олдилар. Ёқуб Юсуфни кузатиб чиқди. Баланд тепадан ошгунча кузатиб турди. Юсуфнинг қораси кўринмас бўлганида бўталоғини йўқотган туядек бўзлади. Йиғлаб-йиғлаб уйига қайтди.
Оталаридан йироқлашгач оғаолари Юсуфни ерга қўйдилар ва айтдилар: “Эй, Раҳил ўғли, ёлғон гапиришинг етмаганмиди? Яна бўйнимизга миниб олибсан, озроқ юргил.
Иссиқ қумда яланг оёқ қўйдилар. Юсуфнинг оёғи куйди, чанқади, чарчади. Раҳм-шафқат тилаб қариндошларининг юзига бир-бир термилди. Раҳм қилмадилар. Қаттиқ чанқади, юрарга мадори қолмади, ёлбориб деди: “ Эй, акаларим жуда очқадим, чанқадим”. “Боргил ёлғон тушинга айтгил ош, сув берсин, – дедилар.
Юсуф оч, сувсиз зор-зор йиғлаб йўлида давом этди. Улар Юсуфни қандай йўқотишни келишиб олиш учун олдинроқ кетиб, бир тепага кўтарилдилар. Бири тош билан янчишни, бири пичоқ санчишни, бири ерни чуқур қазиб тириклайин кўмишнинг маслахатини бердилар.
Қариндошлари Юсуфга таом, сув бермай, уч йиғочлик (бир йиғоч–тахминан 9 км келадиган масофа бирлиги) ергача бордилар. Юсуф уларга яқин келса, фитнани қўйиб бошқа мавзуга ўтар эдилар. Юсуф уларга яқин келса, фитнани килиб бошқа мавзуга ўтар эдилар. Юсуф уларнинг ёзув ниятларини англади. Рубилнинг оёғи остига йиқилиб, бўзлади: “Эй, қариндошим кўрмайсанми, мени ўлдириш қасдига тушдилар. Менга раҳм қилмасанг, отамга раҳм қил, уни куйдирма. Отам ўрнига отамсан. Мени қутқаргил. Рубил ўзидан итариб, деди: Бор, тушингга айт, сени улар қутқарсин”.
Юсуф ундан эзгу сўз эшитмагач, Шаъмуннинг ёнига борди, ёлборди. У ҳам раҳм қилмади. Итариб ташлади. У юзи билан тушди, ёноқи қум бўлди. Юқори боқди, кўк узоқ, ерга боқди, ер қатиқ яна ун кўтарди. Яхудонинг оёғига ёпишиб йиғлади. “Эй Яхудо барчадан сен меҳрибонроқ эдинг, қариндошларимни инсофга чақир Менга раҳм қилгин”.
Юсуфнинг нордек ёноқидан жўшқин анхордек ёшлар қўйилди. Ёлворишини эшитиб, Яхудонинг меҳри тобланди. Эй, қариндош, менга яқин келмагин, сен билан гаплашганимни кўришса мени ҳам ўлдирадилар.
Барча қариндошлар йиғилиб маслаҳатлашаётганда Яхудо деди: ”Эй, қариндошларим, одам ўлдириш катта гунох. Улуғ кун сўров кунида не деб жавоб бергайсиз? Отамизни ҳам ўйланг, унга ёвузлик қилманг”. Яхудога қаттиқ сўзладилар. Яҳудо айтди: “Уни ўлдириб бизга неча ер кенг қолгай, оёқ-қўлин боғлаб, қоронғи қудуққа ташлайлик”.
Савол: анбиё, пайғамбарлар уруғига, қон тўкиш мумкинми? Жавоб: Улар эътиқод билан қон тўкмоқни жоиз, ҳалол кўрмадилар. Агар ҳалол кўришса куфр бўлишарди. Ялавочлар куфрдан маъсумдирлар.
Яна бир жавоб: Имом Абдулҳасан Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳи «Усматул анбиё» асарида келтиришича, Юсуфнинг қариндошлари Юсуфга зулм қилаётганда ялавоч эмас эдилар.
Юсуфни қудуқнинг бошига судраб келдилар. Юсуф уларнинг юзларига термулиб ёлворди:
– Эй, қариндошларим, менга раҳм қилинг. Менга раҳм қилмасангиз кекса отамга раҳм қилинг. Тангридан қўрқинг.
– Бу сўзни сўзлагунча тўнингни еч, – дедилар.
Юсуф яна ёлборди:
– Эй қариндошларим, отам ҳақи кўйлагимни менга бағишланг, тирик қолсам авратимни бекитаман, ўлсам кафан бўлади. Яна илтимосим қўлимни боғламанг. қудуқдаги қуш, илонларни қувлайман.
– Тушингдаги ой, қуёш ва ўн бир юлдузга айтгил, тўн ва кўйлак берсин, – деб унамадилар.
(Давоми бор).