Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
1775
марта кўрилган.
 

Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Зулайҳони нозик ҳарир кийимларда кўриб, йигит юз ўгирди. Орқага қаради, ўз сувратини кўрди. Зулайҳо билан қучоқлашиб томда турарди. Ўнгга, чапга, тепага, пастга қаради. Барчасида Юсуф билан Зулайҳо  меҳр-муҳаббат билан тасвирланган эди. Сўнгра Зулайҳога қаради. Тасвирлардан-да гўзал эди. Айтишларича Момо Ҳаводан буён Зулайҳодек гўзал аёл бўлмаган. Кўнгли юмшади.

Савол: Зулайҳо Юсуфни авради, Юсуф Зулайҳони эмас. Нега? Чунки, Юсуф пайғамбарлардан эди. Пайғамбарларга зино қилиш мумкин эмас. Зулайҳода рағбат бор, Юсуфда эса мардлик, жасорат бор. Яъни пайғамбарларга хос ўз нафсини тия олиш қудрати мавжуд.

“Эҳсон ал-баён”  ҳикоятида келтирилишича Мадина шаҳрида Сулаймон ибн Ясар номли хушсуврат киши бор эди. Мадиналик хотинларнинг кўпи унга ошиқ бўлдилар. Сулаймон ибн Ясар бу ҳолни билиб қолиб, балога учрамай деб у ердан қочди. Шомга бориб жойлашди. Етти йилдан кейин тушида Юсуфни кўрди.

– Нимага Зулайҳога кўнглинг кетди, яъни хотинга майлинг келди, бироқ қасд қилмадинг?

– Сен нега Мадина аёлларига майл билдирмадинг, қочдинг? Бундан келиб чиқдики, унинг майли бўлган, бироқ зинодан қўрққан. Қуръони каримда шундай дейилади: Агар парвардигоримиз мўъжизаларини, очиқ ҳужжат аломатини кўрмаганида эди Юсуфнинг ҳам Зулайҳога майли бўларди. Юсуфдан ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик. Зеро, у покиза бандаларимиздандир (Юсуф сураси 24-оят).

 Пайғамбар алайҳиссалом дебдилар: «Менга дунёларингиздан уч нарса суюклидир: бири хушбўй нарсалар, иккинчиси мусулмон хотин зоти, учинчиси намозда кўзимнинг ёруғ  бўлиши».

Ҳикоят:

 Бир аёл имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга ошиқ бўлди. Уни кутиб ўтирди. Имом Муҳаммад келганида унга айтди: “Эй мўминлар имоми, сенда бир маслаҳатли ишим бор, уйга кирайлик”. Имом Муҳаммад уйга кирди. Ундан кейин аёл кирди ва эшикни беркитди. Имомга ёпишди. Имом насиҳат қилди, бўлмади. Имом айтди: “Мени ҳожатим бор. Рухсат бер, ташқарига чиқиб келайин” –  деди.

Имом ҳожатга чиқди, вужудидан чиққан ахлатни бўйнига, юзига суртди. Аёл уни кўриб ижирғанди, кўнгли совуди. Имом уйига борди. Минг танга садақа берди. Оллоҳга шукр айтди.

Қиссадан ҳисса, одамзоддан икки нарса қолур – эзгулик ва эссизлик. Зулайҳо ўлди. йиллар ўтди. Унинг эссиз ишини ҳамон айтиб келарлар. Юсуф ҳам дунёдан ўтди. Эзгу номи диллардан тилларга кўчиб юради.

Яна Зулайҳога қайтсак. Юсуфни уйга чорлагач, у киргандан кейин эшикларни темир занжир билан беркитди. Юсуф уни сезиб тизза тўнини боғичлар билан тугди. Зулайҳо уни кўриб, тизза тўнини ечяпти деб, ўйлади ва уй тўрида бут бор эди уни чодир билан ёпди.

–  У ёпганинг нима эди, – сўради Юсуф.

–  Мен сиғинадиган маъбудам. Ундан уяларман, – жавоб қилди Зулайҳо.

– Сен санамингдан уяляпсан, мен нега ўз Оллоҳимдан уялмайин?

Баъзилар айтишича, Юсуф ушбу ишни қилайми, йўқми деб ўйланди. Зеро, қулнинг ўз эрки, муроди бўлмайди. Бироқ, бурхон(далил) кўринди. У далил нима эди? Бунда турли хил ривоятлар гапирадилар.

”Юсуф қаноти юлинган қушлардек бўласан. Барча қушлар учиб кетса, сен ерда қоласан, – деган ишорани кўрсатди Оллоҳ. Яна айтадилар-ки, шипда Ёқуб ялавоч сувратини кўрди ва эшитди: “Ялавочлар авлоди, ушбу аҳмоқ ишни қилмагайлар”.

 Яна айтарлар, уйнинг шипида битик кўрди. Унда ”Зино қилма” дейилган эди.

 Яна айтарлар, Азизи Мисрийни кўрди. Яна айтмишлар Зулайҳога боққанида уни кўрксиз кўрди. Бурнининг тешиклари кенг, кўзлари чақир, юзлари ҳабаший эркаклардек эди. Уни кўриб Юсуф юз ўгирди.

Зулайҳо йигитни аврамоқчи бўлди, куйлади. Бир сўз айтайин деб ғазални оҳ тортиб ўқиди.

Ғазал

 Жилва бирла солну ол яноқлиғ ёни қор,

Кўзлари юлдуз, юзи кун, олини кўкнинг ойидин.

Кўрсаюрман кўркунгизни кўргу бўлмас кўзгинам,

Кўрк закот берки вожиб қилса кўркнинг бойидан.

Қош отиб кўнглимни олған жон қўларсиз берайин,

У нетак ошиқ бўлурким қайтса маъшуқ райидин.

Ногаҳон бир қубла қўлсам ўфқа бирла ҳойқирар,

Жон бериб ўлгай телим ул жумла қилған ҳойидан.

Рабғузий қул Носируддин табъи  турлук сўз тузар,

Гулчираб усрук ўлай кўз боқса қуймоч қошидин.

 Юсуф Зулайҳодан қочди. Зулайҳо қувди. Қайси эшикка етса, Оллоҳнинг қудрати билан занжирлар очилар эди. Юсуф олдинда Зулайҳо кетида еттинчи эшикка етганда Зулайҳо Юсуфнинг орт этагини тутиб тортди. Тўнининг этаги йиртилиб бир парчаси қўлида қолди. Иккаласи сочлари ёйилган, қувалашиб ташқари эшикка чиққанида дарвоза олдида хотиннинг эрини учратиб қолдилар. Хотин барча айбни йигитга юклади.

У деди: “Сени хотинингга ёмонликни раво кўрган одамнинг жазоси  нима бўлади?”

–  Азиз сўради: Менинг уйимда менинг аёлимга ким ёвузлик қилди, ёмон кўз билан қаради?

–  Мен уйда ёлғиз ётган эдим. Юсуф кирди, мени кўрди, ширин сўзлар билан мақтади, бағрига олмоқ бўлди. Аччиқландим. Қува чиқдим. Сени бу ерда кўрдим, –  деди Зулайҳо.

Оллоҳ таоло Юсуф сурасида иккисидан хабар беради: “ У хотин деди: Сени хотинингга ёмонлик раво кўрган одамнинг жазоси фақатгина…”

(Давоми бор).

 Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси  

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.