Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Латифа яъни нақл:
Оқиллар кундек ёруғ жамолли Юсуфга барча молин бериб сотиб олдилар. Зеро, ҳам мол олдилар, ҳам гўзалликни уйига элтдилар.
Малик Заър яна Юсуф ёнига келди айтди:
– Сенинг сўзингни эшитдим. Олган молларни Азизи Мисрга топширдим. Энди сенга бир хожатим-илтимосим бор. Молим кўп аммо фарзандим йўқ. Қуруқ ёғочман, бутоғим йўқ. Сендан дуо, ҳақдан ўтинчим бор. Айтмишлар. Ўғил бу дунёда хурсандлик ва охиратда ёруғлик. Фарзандларимиз — ерда юрган жигарларимиз. Мен учун Оллохга ёлбориб дуо қил, чунки у эшитгувчидир. Ижобат қилувчидир.
Юсуф уни эшитиб, қўлини кўтарди, кўзини кўкка тикди, Жаброил фармон келтирди. «Эй Юсуф дуо қилғил ул қулимизнинг ҳожатини сўра, тақдир эшиклари очилиб, истаги ижобат бўлғай.» Юсуф айтди:
– Қандай дуо қиламан ?
Жаброил ишорат ила ўргата берди, у такрорлади: «Эй, ул зотки, бировни азиз қилади ва бировни хор қилади. Эй, ул зотки бировнинг мартабасини паст қилади ва бировнинг мартабасини баланд қилади ва эй, ул зотки бировга беради ва бировни маҳрум қилади. Эй, ул зотки, у ҳар бир нарсага қодирдир, мана бу мўйсафидга ўғил фарзанд ато қилғил.»
Эй, ўғил-қизи бўлмаганлар, мурод қилинг. Ичларингизни дуо билан ёритинг, эътиқодингизни кучайтиринг. Бу калима дилингизда ва тилингизда бўлсин. Юсуфнинг шафоати билан барча тилакларингизни Оллои таоло амалга оширғай. Сиддиқнинг дуоси ижобат бўлди.
Абдуллох ибн Аббос розиаллоҳу анҳума ривоят қилади: Юсуф дуоси Молик Заър ҳақинда ижобат бўлди. Унинг 12 пок қули бор эди. Ул кеча бари қовушди. Ҳар бири икки ўғилга юкли бўлишди, тўққиз ой тамом бўлганида улар 24 ўғил туғдилар. Юсуф дуосининг ижобати шунчаликми? Шундай экан нега у жуда кўп машаққат тортди?
Жавоб: Ялавочимиз Муҳаммад Мустафо ёрлақади. Ҳақиқатда балоларнинг энг каттаси пайғамбарларга тушади, ундан кейин авлиёларга, ундан кейин кейингиларга ва шу тартибда.
Мавло азза ва жалла ҳазратида авлиё игнага ўхшайди. Барча тўнлар игна билан тикилур, барчани кийинтиради, ўзи яланг қолади. Гўё шамдек ўзи ёниб, ўзгаларга нур беради.
Байт
Қамуғ йигналар тўн тикар қиздурур,
Яна ўзин кўрсанг ялонғоч қолур.
Чироғма улашў куяр ўртанур,
Азинларга кўрсанг ёруғлик берур.
Туя ҳақидаги қиссада айтилишича, Юсуфни олди-сотди қилганда урғочи туяга минган арабийни кўрдилар. У теванинг бурундуғидан тортарди, бироқ туя тўхтамас, елдек учарди. Юсуфнинг ёнига келганида эса у таққа тўхтади. Нақл қилишларича, у тева уч кунлик ердан Юсуфнинг исини билди. Уч кун ўт емади, сув ичмади, югурди, елди, мақсадга етди — ой юзлини кўрди.
Шундай тилсиз тева Юсуф ҳидидан бундоқ бўлсаю, Зулайҳо қандай сабр қилсин?
Байт
Кўз кўргани жамол ул,
Севмак ани ҳалол ул.
Андоғ жамол кўрубон,
Ким севмаса вабол ул.
Айтмишлар, Зулайҳо Азизи Мисрнинг (Миср шаҳрининг ҳокими) аёли эди. У Миср мамлакатининг шоҳи Райён маликнинг этикдўзи эди, мўмин эди. Унинг имонли эканлигини Райён малик биларди.
Тангри азза жалла гўзал Юсуфни ана шу Миср шаҳрининг ҳокими ҳонадонига, Зулайҳога қул қилиб берган эди. Айтишларича, у кунда Юсуф 13 ёшда бўлган, бировлар 18 ёшда дейди. Азизи Миср Юсуфни сотиб олди, уйига келтирди. Зулайҳога айтди: Бунга яхши муомала қил, эзгулик қил. Бошқалардан ортиқроқ эътибор бергил, мазали таомлар, юмшоқ кийик гўшти билан сийлагил. Уни ғоятда иззатли тут. Бизга фойдаси теггай. Сотсак, унга катта баҳо қўйгаймиз, сотмасак уни фарзпнд қилиб олгаймиз.
Ибн Маъсуд (Оллох рози бўлсин ундан) дебдурларки: “Энг ростгўй, фаросатли одам учтадир. Биринчиси Азизи Мисрдир, унинг «Шояд бизга фойдаси тегса ёки ўғил қилиб оламиз»– деган сўзи.
Иккинчиси Шуъайб пайғамбарнинг қизи: Унинг «Эй онагинам бунга (Мусога) хазмат ҳаққи бергин. У энг кучли, азалдан омонатга хиёнат қилмаган одамдир» деган сўзи учун. Учинчиси, Абу Бакр Сиддиқ бўлиб, ўз ўрнига ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳуни қўйиб кетганидир.
Шундан кейин Юсуфни Зулайҳога топширди. Зулайҳо Юсуфга қаттиқ меҳр қўйди. Ҳар куни бошини ювиб, сочини тарар эди. Мазали таомлар едирди, гўзал тўнлар кийдирди. Кундан-кунга муҳаббати кучайди. Юсуф эса кўзини ердан олмас, Зулайҳога боқмас, таомга ҳам эътибор бермас эди. Бошини эгиб, отасини соғиниб йиғлагани-йиғлаган эди. Бир куни яна бояги туяли арабий келди ва сўради: Эй йигит нега йиғлайапсан? Деди: Нега йиғламайин, отамдан, онамдан айрилдим, қул бўлиб сотилдим. Эй арабий сен қайси элдан келдинг? Айтди: «Канъондан келдим». Юсуф сўради: Ёқубни биласанми? Арабий деди: Албатта, Ёқуб бизнинг пайғамбаримиз. Юсуф сўради: Ёқуб уйида қандай хабар бор? Айтди: «Ёқубнинг Юсуф отлиғ ўғли бор эди, қариндошлари овга олиб бордилар. Даштда бўри ебди. Хабарни отасига етказганида йиғлайвериб кўзи кўр бўлибди. Йўл бошида «Байт ул аҳзон» номли уй бунёд этди, тоат- ибодат қилиб йиғлааяпти.»
(Давоми бор).
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси