Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Юсуф хабарни эшитиб, ўзидан кетди, ўзига келганида айтди: Юсуф отли ўғли менман. Акаларим қул қилиб сотдилар. Энди Канъонга борсанг, отам Ёқубга мендан салом айт ва яна тайинлади: «Менинг учун йиғлаб отамнинг кўзи кўр бўлибди. Менинг ҳам дардим оғир, томоғимдан овқат ўтмайди. Ёруғ жаҳон мен учун қоронғулигини унга етказ». Ундан кейин Юсуф дуо қилди ва зор-зор йиғлаб уйга кирди. Арабийнинг туяси йўлга тушиб, чопиб кетди.
Қачон Канъонга етди деганда тўғри Ёқуб ялавоч эшигига келди. Садо берди. Юсуфнинг Зайна отлиғ қиз қариндоши бор эди, у чиқди. «Нега келдинг, кимсан» деди. Арабий айтди: «Ёқуб ялавочга сўзим бор. ўзгаларга айтмасман» деди. Зайна айтди: «Ёқуб ялавоч сенинг олдингга бугун чиқа олмайди. Бугун Юсуфнинг қонли кўйлагини қўлига олди, Одам ато ридосини кийди, Шис тожини бошига илди. Нуҳ асосини қўлига олди. Иброҳим кўйлагини эгнига кийди, Исмоил камарини белига боғлади, Оллоҳ таолога мурожаат қиляпти: Илоҳий, Юсуфнинг ўлигин тиригин билдиргин, деяпти». Арабий айтди: «Дуоси ижобат бўлди. Юсуфдан хабар олиб келдим.»
Зайна кириб Ёқубга айтди. Ялавоч арабийни уйига чақирди. Арабий Юсуфнинг саломини етказди. Уни эшитиб беҳуш бўлди. Ўзига келганида сўради: «Эй, арабий, тушмисан?».
– Туш эмасман, Юсуф ёнидан келдим – жавоб қилди у. Ялавоч арабийни қучди ва пешонасидан ўпди. “Эй арабий Юсуфни ўз кўзинг билан кўрдингми?”
– Кўрдим.
– Эй, арабий, сен жуда қувончли хабар келтирдинг, қандай ҳожатинг бўлса айт. мавлодан тилаб олиб берайин. Сен ҳам ғамсиз, шоду хуррам бўл.
– Эй расулуллоҳ менга мол-мулк керак эмас. Егунча, кийгунча молим бор, ўттиз қизим бор фақат ўғлим йўқ. Дуо қилгил Оллоҳ таоло менга ўғил ато қилсин.
Ёқуб дуо қилди, ижобат бўлди. Арабийга олтмиш ўғил каромат қилди, берди.
Қачон Юсуф камолга етди, унга тушни таъбирлаш фазилатини берди. Қуръони каримда ҳам дейилади: “У камолотга етганда биз унга давлат, илм бердик”.
Қачон Зулайҳо Юсуфнинг сочини тарагани келса, у ерга қарарди. Зулайҳонинг тоқати қолмади. Бир куни бўстонда тутиб деди: «Юсуф кўнглимда армоним бор, ҳеч кимга айтмаганман, сен билармисан?».
Юсуф айтди: «Эй Зулайҳо сени кўнглингда нима борлигини қайдан биламан?»
Зулайҳо айтди: – Сени қаттиқ севдим.
Юсуф айтди: – Мени севгунча ўз эрингни сев.
– Сени кўрсам бетоқат бўламан, нима қилай?
– Анинг иложи сабрдир. Сабр қил менга боқмагил.
– Мани тириклигим сен билан. Кўнглимнинг хушлиги сени жамолинг билан, кўзимнинг нури сенинг дийдорингдандир.
Юсуф Зулайҳонинг ушбу сўзларини эшитиб унинг ёнидан узоқлашди ва у куни ёлғиз юрди. Зулайҳо тонг отиши билан яна унинг қошига келди:
– Эй Юсуф, бўстон жуда гўзал, гуллар очилган, неъматлар пишиб етилган. Тур, бўстонга бор, неъматлардан тот, гулларни ҳидлагин, томоша қил, ҳузурлан.
Шеър
Сабо истаюр, йиғоч енг солур,
Булут йиғлаюр, чечаклар кулар.
Бу бундоғ чечакликда кўнглим бу кун,
Санинг бирла бўлуб овунмоқ тилар.
Юсуф айтди: “Эй, Зулайҳо, менинг бўстоним Қанъонда қолди, ўзга бўстон менга керакмас”.
Зулайҳо яна ишора билан гапирди: “У бўстонда чечаклар сувсиз қолиб, сўляпти, сув бергил”.
– Сўлмиш чечакка сув бермак эгасига ярашади.
– Эй, Юсуф, Ишқингда кўнглимда тинчим йўқолди. Кошки кўрмасам эди. Сен қулимсан, нега менга бўй эгмассан ?
– Мен тангримнинг қулиман.
– Эй, Юсуф, яқинроқ кел, кимдан қўрқасан?
– Икки ҳақни сақлайман, бири яратганинг ҳақи, иккинчиси мени сотиб олган Азизнинг ҳаққидан қўрқаман.
– Кўк тангрисидан қўрқсанг хазинадаги молим, кумушим, ёқутим йўқсилларга бериб. садақа қиламан. Агар эримдан қўрқсанг, оғу бериб ўлдираман ва яна тавба қилурман.
– Тақдирни бузмагил, тавбага суянмагин.
Зулайҳонинг аччиғи келди. Энагасига бориб, бор гапни айтиб берди. Энагаси унга кўп ўгитлар берди. Зулайҳо қабул қилмади, ожизлик қилди. Қайғудан ўлар ҳолга келганида, кекса энагаси Зулайҳога йиғлаб деди: “Эй, Зулайҳо, менга кўп мол-давлат бер Уни харж қилайин. Бир кун тилакингга етгайсан”.
Зулайҳо энагасига мингта олтин, мингта мисқол, ипак ва икки қимматбаҳо тўн берди.
Энага Зулайҳо берган мол-мулкни сарф қилиб, бир қаср бунёд эттирди. Уни бировлар ойдан, бировлар мармардан яралган дейишади. Уни турли нақшлар билан безаттирди, кўзгудек ёруғ бўлди. Зулайҳо билан Юсуф суратини чиздирди. Гулзорда назокатли кезиб юрган ошиқ-мошиқлар сувратидан гўзалликлар пайдо бўлди. Хонанинг тўрт бурчагига ғоят нафис мушку анбарлар қўйиб тилсимлар қилди.
Нақл қилишларича, бегона (қуртқа)кампирни уйга киритиш керак эмас. Агар у қай уйга кирса бузмасдан чиқмас.
Ғазал
Эрнинг балоси икки олам балоси қуртқа,
Қуртқа қариб ўлурса солғил этини қуртқа.
Ёт қуртқани эвингда кўрсанг бошини кесгил,
Куйдир бошини ўтға, совур кулини қортқа.
Қуртқа неча қарусин тоат қилиб арисун,
Эв бузғали топунса боқмас ўнгиға ортқа.
Қуртқа бузар минг ишни қайра тузар тиласа,
Анинг тегар балоси барча муғулға, сортға.
Қаср битганида Зулайҳо нафис ҳарир кўйлаклар кийиб, унда ўтирди. Юсуфни ундаб, хонага киритдилар. Юсуф Зулайҳо ўтирган уйга кирганида ўзини унга отди. Юсуф уни бу аҳволда кўриб, дарҳол эгилиб, тўнининг тизза боғини боғлай бошлади. Зулайҳо уни тўнининг боғини ечяпти, деб ўйлади.
– Юсуф, юзинг бунча гўзал? – сўради Зулайҳо.
– Мени Оллоҳим шундай яратмиш.
– Сочларинг бунча гўзал?
– Қабрда барча нарсалардан олдин тўкиладиган мана шу сочларимдир.
– Кўзларинг мунча гўзал?
– Қурт-қумурсқалар аввал уни ер.
– Эй Юсуф, менга нега қарамайсан?
– Умрим охирида кўр бўлиб қолишдан қўрқаман.
– Мен сени севаман.
– Мен Оллоҳимни севаман.
– Меҳмонхонага киргил.
– Кирардим-у, жаннатда насибамдан маҳрум бўлиб қоламан, деб қўрқаман.
– Сен мени қулимсан, сени сотиб олганман, сен эса мендан бўйин товлаяпсан.
– Мени сотган одамлар менинг биродарларим эди.
– Нега мендан узоқлашасан?
– Икки зотнинг ҳаққи учун. Ул зотки, еру осмоннинг ягона илоҳидир, иккинчиси уни ғоят иззатли тут деган одамнинг хаққи-ҳурмати учун. Худодан паноҳ тилайман. У менинг парвордигорим, у мени даражамни чиройли қилди. Албатта, золимлар ва тўғри иш қилмаганлар ҳаргиз нажот топмасалар.
– Молу давлатим кўп, садақа қиларман, Оллоҳим кечиргай, эримдан қўрқсанг, оғу бериб йўқ қилгайман.
Юсуф ҳам Зулайҳо ҳам бир – бирига қасд қилдилар. Зулайҳонинг қасди мақсадга эришиш эди. Юсуфнинг қасди эса қочиш эди.
(Давоми бор).
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси