Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
246
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ип билан белини боғлаб қудуққа туширдилар. Қудуқнинг ярмига етганда ипни кесдилар. Юсуф қудуқнинг тубига етмасдан Жаброил фариштага “Бандамнинг мададига етиб бор” деган буйруқ бўлди. Жаброил бир қанот қоқиб, қудуқ тубидаги улуғ тошни сув юзига чиқарди. Яна бир қанот қоққанида, у ипакдек юмшоқ бўлди. Яна жаннатдан жойнамоз, кўйлак келтириб, Юсуфга кийдирди ва айтди: – Эй, Юсуф, Оллоҳ сенга дуруд бирла дуо йўллади. Ялавочлик насиб этди. Оллоҳ ҳукмига сабр қил, Яратганнинг ўзи сенга нажот беради, Миср элига малик қилади. Отанг Ёқубга саломат етиштиради.

У куни Юсуф ўн икки ёшда эди. Жаброил унга ушбу дуони ўргатди: “Эй, бор Худо! Эй, ҳар бир қайғуни кетгазгувчи! Ва эй, дуоларни эшитгувчи! Ва эй, бор  мавжудоднинг устаси!  Ва эй, ҳар бир синиқни тузатгувчи! Ва эй, ғарибларнинг ҳамнишини! Ва эй, ёлғизларнинг муниси! Ва эй, ҳар бир сиру суҳбатнинг гувоҳи! Ва эй, банданинг бошига тушган балолардан хабардор! Ва эй, пок парвардигор, сендан ўзга бирор маъбуд йўқ, бўлмаган! Сендан бу ташвишдан чиқиш жойини менга осон ва енгил қилишингни сўрайман ва менинг қалбимга ўз  муҳаббатингни солиб қўйишингни илтижо қиламанки, менда сендан бошқа зикр  ва қайғу бўлмасин ва мени мархаматингга олишинигни сўрайман. Эй, меҳрибонларнинг меҳрибонроғи, менга раҳм қилишингни сўрайман”.

Айтадиларки, ким берк ерга кирса, ё балога илинса бу дуони ўқиса Оллоҳ мадад бергай, нажот бергай.

Жаброил жаннат неъматларини келтира берди. Қаноти билан қудуқ ичида бўстондек ҳарам пайдо қилди.  У қудуқ Қанъонга уч йиғочлик ерда, Ўрдун деган жойда бўлиб, Нух ялавоч ўғли Сом қазиган эди. Қудуқнинг оти -“Ҳуббул-ахёр”, яъни эзгу қудуқ демакдир. Қудуқнинг суви шўр эди. тотли бўлди, қоронғи эди, ёруғ бўлди. Жаброил Юсуфнинг қўлларини ечди. беҳи берди. Юсуф уни еди, тўйди. Айтишларича, у қудуқда тупроққа қоришиб ётган бир илон бор эди. Юсуфнинг инграшини эшитиб, уни егани яқинлашди. Жаброил бир қаттиқ ун қилади. Сасдан илоннинг қулоғи сағир бўлди. Кўзли илон кўзсиз бўлмаса, Юсуф жамолини кўриб, ейишга шайланмасди.

РИВОЯТ:

Шайҳ Басрий айтишича, Юсуф қудуққа тушганида етти ёшли эди. Малик бўлиб саксон йил умр кечирди, бир юз йигирма ёшида вафот этди.

 Яна бир ривоятда айтилишича, Муҳаммад пайғамбаримиз Жаброилдан сўради: – Кўкдан Ерга кўчарда машаққат тортармисан?

– Ё Расулуллоҳ, тўрт марта машаққат тортдим. Бири Иброҳим пайғамбарни палоҳмонга қўйиб ўтга отишганида, етти қат осмонда ўсувчи сидратул мунтаҳодиндан (жаннат дарахти) қанот тўқиб, ўтга туширмасдан уни илиб олишда. Иккинчиси -Иброҳим пайғамбар Исмоилни қурбон қилаётганда пичоқни  ўтмас қилган деб ёрлиқ бўлганида, сидратул мунтаҳодиндан (жаннатдаги дарахт) Ерга иниб, пичоқ юзин  ўтмас қилиб орқасига қайирдим. Учинчиси-Юсуфни қариндошлари белин боғлаб қудуққа юборганида, ипни кесганларида жаннат дарахтидан индим. Тўртинчиси, Ухуд урушидан сенинг муборак тишингга тош тегиб қон оқмишда  қон ерга тушмасин, деб ёрлиқ бўлди. Қон ерга тушса, у ерда қиёматга қадар ўт-ўлан ўсмасди. Қон томчилаётганда қанотимни тутдим. Бу тўрт ёрлиқни бажаришда машаққат тортдим, – деди.

Савол: Юсуфни қудуққа ташлаб, яна чиқариб олмоқдан мақсад не эди? Оллоҳнинг тилаги икки ҳабаший ўғлоннинг имон келтириши эди. Уларнинг бири Башир, бири Бушро. Оллоҳ иккаласини Молик Заърга 40 йил қул қилди. Улар қуллуқ қилдилар, имон келтирдилар. Қачон қирқ йил тамом бўлганида Юсуфга қудуқ ичида ўтирганига тўрт кун бўлди. Заър Мисрдан Шомга сафар қилди. Мавло  қудрати билан карвон Қанъон вилоятида Юсуф ётган қудуқ ёнида тўхтади. Заър Башир ва Бушро отлиқ қулларни сув келтиргани юборади. Улар челакни қудуққа ташлаганида, Мавло буйруғи билан Юсуф икки оёғини челакка қўйди. Башир тортди. Челакда ойдан, кундан гўзал Юсуфни кўриб, у ҳайратдан бақириб юборди: – Бушро, қудуқдан бир бола чиқди!

Юсуфнинг қудуққа тушмагига ҳикмат бор эди. Ёқуб ялавоч ўғиллари Юсуфни қудуққа ташлаб кетганидан кейин бир кийикни бўғизлаб, Юсуфнинг кўйлагини унинг қонига булғадилар. Кечқурун дардли ўғлонлардек бўзлаб отасининг ҳузурига келдилар: – Эй ота, биз йилқиларни ўтлоққа хайдаш учун Юсуфни ўтовда ёлғиз қолдирдик. Биз келгунча Юсуфни бўри ебди. Биз қанча тўғри сўзласак ҳам сиз ишонмассиз. Улар йиғлашиб қонли кўйлакни отанинг ёнига қўйдилар. Ёқуб ялавоч хабарни эшитиб фарёд қилди, ҳушидан кетди. Қачон ўзига келганида Юсуфнинг қонли кўйлагини қўлига олди ва уни бутун кўрди: – Қандай меҳрибон ва ғамхўр бўри эканки, гўзал Юсуфни кўриб кўйлагини йиртмабди. Бўри Юсуфни кўйлаги учун ўлдирган бўлса, нега уни олиб кетмади?

Ялавоч Юсуфни бўри еди деган гапни ўз қулоғи билан эшитди, қонли кўйлакни кўрди. Етти кун чўл даштни кезди, нола қилди. “Эй, мени суюкли ўғлим, эй, кўзимнинг қарочиғи ва эй, дилимнинг меваси, қайси қудуққа сени ташладилар экан, қайси дарёга сени ғарқ қилдилар экан, қайси қилич билан сени ўлдирдилар экан ва қайси ерга кўмдилар экан. Эй Юсуфим,  бўрига ем бўлаётганда жонинг оғриганда қандай чидадинг. Эй, кошки сени еган бўрини кўрсам эдим, оёғининг тупроғини кўзимга тўтиё қилардим. У бўрини ёнимдан кетгазмасдим”. Зор-зор йиғлаб ушбу куни ўзидан кетди. Уч юз олтмиш кун беҳуш бўлди. Ўзига келгач, яна йиғлади. Ўғиллари отасининг ҳолини кўриб, “Биродаримиз Юсуфни зоя қилдик ва отамизни ўз қўлимиз билан ўлдирдик”,  деб бир-бирига йиғладилар.

– Ота, Юсуф учун ўзингни ўлдиряпсан. Нима қилайлик. Уни еган бўрини тутиб келсак, тинчланармисан? – дейишди оғалари.

– Боринг келтиринг, – деди ялавоч.

Бари чўлга чиқдилар. Бир бўрини тутиб оғзини қонга булғаб олиб келдилар. Ёқуб бўрининг оғзидаги қонни кўриб, яна ҳушидан кетди. Ўзига келганида Оллоҳ таолога ялворди. Ушбу бўрига дилизувон беришини сўради. “Сўрамоқ сендан, жавоб бермоқ мендан” деган каромат садо келди.

– Эй, бўри, айтгил, Юсуфимни қандай единг?

– Эй, Расулуллоҳ, билмайсанми, ялавочлар эти ҳаром бўлади. Мен Юсуфни кўрганим йўқ. Уч кун бўлди очман. Кўзимнинг ёруғи ўғлимни йўқотиб, оғзимга емиш олмадим. Ўғлимни излаб юрагимда, булар мени тутиб оғзимни қонга булғаб олиб келишди. Эй, Ёқуб, дуо қил, мен ўғлимни топа олай.

Ёқуб дуо қилди.

Ундан кейин оғалари, “Юсуфдан хабар олайлик, бош-оёғини кесиб отамизга келтирайлик, токи отамиз тинчлансин” – дедилар. Яҳудо унамади.

Юсуфни қудуқдан тортиб олишганида, у қулларни кўриб қўли билан уларнинг юзларини силади. Уларнинг юзлари, танлари оппоқ бўлди. Улар севинишиб, Юсуфга сажда қилдилар.

– Эй йигитлар, жонзотга, маҳлуққа сажда қилманглар, сизу бизни яратган Оллоҳга сажда қилинглар. – деди Юсуф.

– Бизни, сизни яратган ким? –  сўради Бушро.

– Оламни, жами жонзотни яратган ягона Оллоҳдир. Мулкини ичида шерик йўқ, мулкига завол йўқ, – жавоб қилди Юсуф.

– Имон келтиришни ўргат, – сўради қуллар.

Юсуф имон келтиришни ўргатди. Улар мусулмон бўлдилар. Юсуфни қудуқдан чиқармоқликнинг ҳикмати шу эди.

(Давоми бор).

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.