Забиҳ Исмоил Алайҳиссалом қиссаси

0
1004
марта кўрилган.

Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асари милодий 1309–1310 йилларда ёзилган.  Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган ёзма ёдгорликда  Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.

Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилдли  ушбу бебаҳо  асарнинг замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.

Уламолар орасида баҳслар бор: қурбонликка қўйилган Исмоилми ёки Исҳоқми? Араблар Исмоил десалар, жуҳудлар ўзларининг Тавротларида Исҳоқ дейдилар. Баъзилар иккаласи – Исмоил ҳам, Исҳоқ ҳам забиҳ дейдилар. Ва Расул алайҳиссалом ҳадисини шаҳодат сифатида «ибни забиҳай»ни – икки бўғизланмишнинг ўғлиман сўзини келтирадилар. Аслида Мустафо алайҳиссалом Исҳоқ эмас, Исмоил авлодидир. Шундай экан, нега ундай дейилади?

Забиҳнинг яна бири Муҳаммад пайғамбарнинг отаси Абдуллоҳдир. Абдул Мутталиб даврида замзам суви қурийди. Шунда у агар Оллоҳ таоло сув берса, бир ўғлимни қурбонлик қиламан, деб онт ичади. Абдул Муталлибнинг тўққиз ўғли бўлиб, охирги ўғли Абдуллоҳнинг онаси бошқа эди. У Абдуллоҳни айри яхши кўрарди. Қуръа ташлайди, у қай бирига чиқса, қурбонлик унга тушиши керак эди. Қуръа Абдуллоҳга тушди. Абдуллоҳнинг она томонидн қариндоши Темур маҳзумнинг сўзи барчага ўтарди. У билан маслаҳатлашиб, фол очувчига бориб, йўл-йўриқ олишди. «Ўн туя ва Абдуллоҳни ўртага қўйиб қуръа ташланг. Қуръа Абдуллоҳга чиқса, яна ўнта туя қўясиз ва қуръа туяларга чиққунча давом этилади», – ўргатди фолбин. Ўнинчи қуръа ташланганида, у туяларга тушади ва юз нафар туя қурбонлик қилинади.

Шунингдек, яна бир ривоят мавжуд.

Иброҳимга тушида қурбонлик қил, деган фармон берилади. У юзта қўй қурбонлик қилади. Иккинчи кеча яна ўша тушни кўради. Яна юзта туя қурбонлик қилди. Учинчи кеча яна туш кўрди. Яна ўша Фармон такрорланади. «Мени қурбонлиғим нима бўлди? Биздан ортиқ кимни севдинг, уни қурбонлик қиласан», -деган садо бўлади. У Исмоилни қурбонлик қилиши лозимлигини англайди. Ҳожарга «бир дўстим бор, у Исмоилни кўришни истаяпти. Исмоилни ювинтир, тарантир, у ерга олиб борай», – дейди. Ҳожар уни ювинтириб, гўзал кийимлар кийдиради.

 Исмоил янада кўркамлашди. Иброҳим арқон ва пичоқ олиб, тоққа қараб йўналади.

– Дўстингни кўргани борсанг пичоқ билан арқон нега керак? – сўрайди Ҳожар.

– «Қўй олиб қайтаман», – жавоб берди Иброҳим.

Исмоил Иброҳимнинг кетидан юрди. Шайтоннинг сабри чидамади. Қайга кетаётганини Исмоилга билдирди. «Отам севимли ўғлидан воз кечганда, мен жондан кечмайми? – деб жавоб беради Исмоил унга.

Шайтон Ҳожарнинг олдига келди.

Унга сўзлади:

– «Эй, аҳмоқ, у Тангри ёрлиғи бўлса жонимиз фидо бўлсин», – дейди Ҳожар.

Шайтон яна Исмоилнинг ёнига қайтиб, васвасага илинтиришга ҳаракат қилди.

– Мени бир пир келиб, айнитишга интиляпти, ота, – деди Исмоил.

Унга қарата еттита тош от. У шайтондир, – жавоб берди Иброҳим.

Исмоил ердан  етти тошни териб, унга  отди. Ҳожиларга тош отиш ушбу кундан суннат бўлди. Иброҳим ҳам йиғлаб етти тош отди.

– Нега йиғлайсан? –  сўради ўғли.

– Эй, ўғлигинам,  тушимда сени сўйиб турибман.

– Эй, отагинам, нимаки, буюрилган бўлса уни бажаринг. Иншооллоҳ, мен сабр қилувчилардан бўламан. Фақат юзимни ерга қаратинг, кўзим кўзингизга тушмасин, – дейди Исмоил.

Ҳар иккаласи Оллоҳнинг ҳукмига бўйсундилар ва Исмоилни ўзи айтганидек оёқ-қўлини боғлаб, юзини ерга қаратиб ётқизди. Бироқ, пичоқ бўғзига ботмади. Пичоқ билан тошни урса иккига бўлиб, юборади, бироқ Исмоилнинг бўғзига ботмасди.

Бир нидо келдики:

– Эй, Иброҳим, тушни ҳақиқат қилдик. Албатта, биз яхши амал қилгувчиларни мукофатлаймиз. Биз унинг ўрнига  қурбонликка катта бир қўчқор бердик.

Бу гапни эшитганида Иброҳим деди:

– Оллоҳ улуғдир, Оллоҳ улуғдир. Бир Оллоҳдан ўзга маъбуд йўқ. Оллоҳ ягона ва улуғдир.

Исмоил ҳам «Оллоҳ улуғдир ва ҳақиқий мақтов Оллоҳга хосдир»-дея  қайта-қайта такрорлаб шукрона айтди. Қурбонлик сўйилаётганда ушбу шукрона айтилса,  Жаброил фариштанинг, Иброҳим ҳалилнинг, Исмоил забиҳнинг руҳларини рози қилгай.

Уламолар отами ёки ўғилми жувонмард, дея баҳслашишади.

Аслида бу  ривоятда сабр-тоқат, Қадир Оллоҳга ишониш, имон-эътиқод мужассамлашган бўлиб, бир-бирига садоқат, меҳр-оқибат билан яшашга даъват этилади. Инсонлар қанчалик меҳр-оқибатли бўлса, шунча Оллоҳнинг ўзи ёрлақашини кўрсатади.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.