Расм чизаман дейди,
Менинг жажжи набирам.
Ҳаммамизни шошириб,
Топиб бер дейди, қалам.
Қоғоз, қалам тутамиз,
Қулоқ солиб сўзига.
Бир нималар чизади,
Оппоқ қоғоз юзига.
Бу нима, деб сўрасак,
Мақтаниб “китоб” дейди,
Бир доира чизади-да,
Бу-чи, бу “копток”дейди.
Ўтирганча ёнида
Боқаман ҳайрат билан.
У эса давом этар
Чизишда ғайрат билан.
СОЯБОН
Нима олиб келай, десам
Пушти ранг соябон, дер.
Менинг жажжи набирам
Янги ўйинчоқ ғамин ер.
Болалар дўконидан
Излайман соябонни,
Кўк, сариқ, яшил бору
Топилмас пушти ранги.
Қизим хурсанд бўлсин деб,
Қўлдан бермай ҳар онни.
Пушти ранг мато топиб
Ясадим соябонни.
х х х
Капалакларни қувлаб
Юрар жажжи набирам.
Турфа хил капалаклар
Тутқич бермас сира ҳам.
Яқинлаб ушлай деса,
Бир зумда қочиб қолар.
Атиргуллар қатига
Қўниб беркиниб олар.
Қувлашмачоқ ўйнашдан
Чарчамайди набирам.
Табиатнинг бағрида
Завқланади бир олам.
Ҳовлимизни тўлдириб
Юрса кўп қувонаман.
Атрофимда чуғурлаб
Турса ором оламан.
Дадамга ўхшайман
Менинг жажжи набирам
Чизди қизалоқ расмин.
Оёқлари кўп узун,
Боқишлари-чи, вазмин.
Нега оёғи узун,–
Савол бердим қизимга.
У эса: – Менман-ку, деб
Ҳайрон боқди кўзимга.
Сўнг деди: – Бувижоним,
Мен дадамга ўхшайман.
Оёғим узун бўлса,
Катта қадам ташлайман.
Шоколадни ким еган
Менинг жажжи набирам
Қўғирчоққа дўқ урар.
Шоколад едингми,–деб
Унинг қулоғин бурар.
–Ёстиғингнинг тагидан
Топиб олдим қоғозин,
Докторга обораман,
Оғриб қолса томоғинг.
Қўғирчоғи жим турар,
Киприклари пирпираб.
Шоколадни ким еган,
Набирам яхши билар.
Заҳро ҲАСАНОВА