Зулфия: Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби, Кўзларингга суртиб ўпардинг уни…

0
284
марта кўрилган.

Бугун баҳорнинг биринчи куни. Тошкент шаҳрининг Бўрижар анҳори бўйларида етти туп бодом қийғос гуллади. Баҳор нафаси уфуриб турган анҳор бўйини кезар эканман,  гулларга қараб беихтиёр ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфиянинг шеърларини эсладим: Бахор келди сени сўроқлаб.

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Диёрни, ёрни ардоқлаган,  баҳорнинг илк кунида туғилган шоира Зулфия ҳамда Ҳамид Олимжоннинг қўшиқдек шеърлари ўқувчилик йилларимиздаёқ ёд бўлиб кетган. Ҳамид Олимжоннинг  Ўзбекистон ҳақидаги шеъри шу даражада гўзал ва бетакрорки:

               Икки дарё ювар кокилин

               Қорли тоғлар турар бошида

              Гул водийлар яшнар қошида

Ўзбекистоннинг бундай гўзал қиёслари қайди бор?! Дарҳақиқат иккита улкан Амударё ва Сирдарё оқиб ўтади ва мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшади… Юртимизда тўрт фасл тўрт ҳил товланиб кўзни қувонтиради. Виқорли тоғларда оппоқ қорлар кўзни қамаштирганида  адирларда турфа гуллар  дилларни яйратади.

Улуғвор олам олдида ҳеч нарса абадий эмас. Икки ижодкорнинг абадийлиги ўлмас шеърларида.  Ўзбек шоири Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфиянинг охирати обод бўлиб, ётган жойлари нурга тўлсин!

Хаёлларимни бўлиб, 1-синфда ўқийдиган неварам мактабдан қайтди. «Бувижон бугун иккита беш олдим. Тасвирий санъатдан беш олгандим. Ўқитувчим кундаликингни олиб кел деди. Кундалигимнинг муқовасидаги суратни кўрсатиб, «бу ким» деб  сўради.  Мен «Шоира Зулфия. Бугун туғилган куни, дедим. Шу билан кундалигимга  яна бир беш қўйди. Сен буни қайдан биласан? дея  сўради яна ўқитувчим. Кундалик совға қилаётганида бувижоним айтганлар, у киши яна бувижонимнинг устози, дея жавоб бердим. Тўғри айтибманми?»  Тўғри. Зулфия опа нафақат мени бутун ижодкорларнинг устози, деб тасдиқладим. Неварамнинг сўзларидан худди ўзим беш олгандек қувониб кетдим. Ҳар бир берган совғангиз мантиқли, мазмун-моҳиятли  бўлса яхшида…

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.