ННТ ходимларининг ҳуқуқий билимлари ва касбий маҳоратларини ошириш

0
301
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясида нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ассоциацияда ташкил этилган “Экспертлар гуруҳи” ҳамкорлигида ”ННТ ходимларининг ҳуқуқий билимлари ва касбий маҳоратларини ошириш“ мавзуида семинар ўтказилди.

Ушбу йиғилиш иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги маърузасида белгиланган мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб конституциявий ислоҳотлар юзасидан ўз фикрларини билдирдилар. Вилоятлардаги ННТлар ҳам иштирокидаги онлайн ва офлайн тарзда ўтган йиғилишда  соҳанинг турли йўналишида фаолият юритаётган  ННТ раҳбарларидан маърузалар тингланди.

Тадбирни ЎзР ННТМА раиси ўринбосари Бахтиёр Машарипов очиб,  мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги фикрларини кисқа шарҳлаб берди.

Мамлакатимиз Конституцияси мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётгани шу билан бирга, ҳаёт ҳам, халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгараётганлиги туфайли Асосий қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганини гапирди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда фуқаролар томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикрлар билдириб келинаётгани инобатга олиб, жорий йил 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилди. Ўтган бир ой давомида мазкур комиссияга халқимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушганини учрашувда таъкидланди.

Мамлакатимиз Президенти учрашувда аҳолининг бундай фаоллигини, мамлакатимиз келажагига дахлдорлик ҳиссини юксак баҳолаб, конституциявий ислоҳотлар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

– Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз ўз маърузасида тўртта устувор йўналишга эътибор қаратиб, уларнинг ҳар бири бўйича таклифларини айтди.

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.

– Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур, – деди Президент.

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани таъкидланиб, Конституцияга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган нормани киритиш таклифи билдирилди. Дарҳақиқат, икки палатали парламент ташкил этилган йилларда  Қонун билан ўлим жазоси бекор қилиниб, узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштирилган эди. Бироқ, ўн беш йилга яқин вақт ўтган бўлсада, бу ўзгартиш Конституцияда ўз ифодасини топмади. 

“Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир” дейилади, Ўзбекистон Конституциясининг  24-моддасида

  Шунингдек, давлатимиз раҳбари шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслигини қатъий ёзиб қўйиш зарурлигини ва озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан инсоний муносабатни таъминлаш бўйича конституциявий асосларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор берди.

Маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши кераклиги таъкидланди.

Иккинчи йўналишда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғоя илгари сурилди.

Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари яратиб беради, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди.

 – Бир сўз билан айтганда, давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учинчи йўналиш. Конституцияда маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаш ҳақида бўлди. Бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиши, бунинг учун давлат органлари уларга кўмак кўрсатишига оид тамойиллар ўз ифодасини топади.

Тўртинчи йўналиш. Мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилигини кучайтиришга қаратилгани билан жуда муҳим бўлиб, давлатимиз раҳбари шундай таъкидлади:

– Биз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган халқчил давлат барпо этишни кўзлаганмиз. Бу шуни англатадики, давлат, унинг органлари ва мансабдор шахслари халқ учун ишлайди, унга хизмат қилади. Давлат ҳокимияти устидан халқ назорати ўрнатилади. Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритишни таклиф қиламан.

Дарҳақиқат, ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш, Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.

Масалан, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келганини гапирди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг ”Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида“ги Қонунининг 99 моддасида “Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар”, дейилади.

Яна иккита муҳим таклифни билдирди: Давлатимиз раҳбари Конституцияга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этишни таклиф қилди. Бу қоида орқали халқ бевосита ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади. 100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш имкониятига эга бўлади. Дарҳақиқат, инновацион технологиялар ривожланганлиги, сайтлар ва ижтимоий тармоқ ва гуруҳларнинг мавжудлиги  халққа ушбу имкониятни яратиб беради.

Ҳукумат ваколатларини ҳам кенгайтириб, Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар, оилани қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини Конституцияда белгилаш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, жаҳонда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал-ҳуқуқий асосларини янгилаш ва такомиллаштириш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Президентимиз Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.

Маълумки, Конституциявий комиссия томонидан умумлаштирилган таклифларни энди Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчилик ташаббуси тартибида Парламент қуйи палатасига киритади. Парламентда улар чуқур муҳокамадан ўтказилиб, янгиланган Конституция лойиҳаси тайёрланиб. лойиҳа умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.

 – Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, Президент халқимизга мурожаат қилиб, конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақирди.

Ушбу  учрашувдан ва унда белгиланган масала ва таклифлардан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам онлайн ва офлайн тарзда ННТларга оид фикрларини ифода этдилар:

Конституциянинг 56 моддасида: “Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари,  сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”. дейилган. Бироқ, ННТ деган  норма киритилмаган. Ҳолбуки, ушбу тушунчаларнинг бир-биридан фарқи мавжуд. Масалан, фондлар тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳақи йўқ. Бироқ, ННТларга ўз ташкилотларини моддий қўллаб қувватлаш учун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсати мавжуд.

– “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганига 15 йил бўляпти, бироқ, ундаги ҳуқуқий нормалар  Конституцияда ўз ифодасини топмаган.

– Мамлакатимизда психологлар уюшмаси,  ННТ сифатида давлат рўйхатидан ўтган бироқ, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бурч ва мажбуриятларини ифодаловчи қонунлар мавжуд эмас.

– Президент  ўз маърузасида барча уюшма, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалар ва ҳакозоларни  фуқаролик жамияти институтлари сифатида тилга олади. Ушбу тушунчани барча жамоат бирлашмалари-ю ва ННТ ларга нисбатан ягона  тушунча сифатида ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлармиди!..

– Йиғилишда ННТ ташкилотлари ходимлари грант асосидаги маоши энг кам иш ойлигидан ҳам камлиги шунинг учун ижтимоий тўловни ННТ зиммасидан олиш кераклиги хусусида ҳам фикр билдиришди. Албатта, бу Конституцияда белгиланмайдиган нормалар бўлиб, у қонун ва қонун ости ҳужжатларида белгиланади. Бироқ, у “Инсон қадри учун” ғоясига ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувга дахлдордир.

 – ”Жамоат бирлашмалари” ва ”Ўзбекистон Республикасининг ННТ тўғрисида“ги қонунларида улар рўйхатдан ўтган ҳудудлардагина фаолият юритиши белгиланган.  Бу чекловни ҳам олиб ташлаш борасида фикр билдирилди.  Албатта, бу ҳам баҳсли масала!

– Конституциямизнинг 56– моддасида “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”, дейилади. Бироқ, у ерда ННТлар эътиборга олинмаган.

 – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасидаЎзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир”.дея таъкидланади.

Бироқ, мамлакатимизда деярли 15 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг ҳуқуқий нормалари киритилмаган.

Семинарда ана шундай кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу саъй –ҳаракатлар  халқимизнинг Бош қонунимизга бефарқ эмаслигини, фуқаролик бурчига масъулият билан муносабатда бўлишини, фаоллигини билдиради.

Шахсан мен давлатимиз раҳбарининг Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, – деган фикрларини қўллаб қувватлайман. Зеро, “Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади.

Дарҳақиқат, “Референдум ўтказиш тартиби тўғрисида” Қонунимиз ҳам бор. Ўзбекистон Конституциясининг 9-моддасида «Референдум ўтказиш тартиби Қонун билан белгиланади” дейилади.

 Айни кунда  қонундан келиб чиқиб, унинг мазмун -моҳиятини халқимизга кенг тарғиб-ташвиқ қилишни  маъқуллайман. Чунки, референдум ҳақида биз журналистларга оддий халқдан кўплаб саволлар тушяпти. Ушбу ташвиқот ишларимизни маҳаллалардан яъни уйда ўтирган аёллардан, уюшмаган ёшлардан бошлашимиз керак, деб ўйлайман.

Ўзбекистон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясида нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида  “Экспертлар гуруҳи” ҳамкорлигида  ташкил этилган ”ННТ ходимларининг ҳуқуқий билимлари ва касбий маҳоратларини ошириш“ мавзуида семинар қизғин ва мулоқотга бой тарзда ўтди. Семинарнинг ҳар бир қатнашчиси  ушбу йўналишдаги йиғилишларни, мулоқотларни  тез-тез ўтказиб туриш мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.