АҲОЛИ ОСОЙИШТАЛИГИ – ЮРТ ТИНЧЛИГИ

0
299
марта кўрилган.

Замонавий цивилизацияни шовқинсиз тасаввур қилиш қийин. Биз шу шовқин шароитида ишлаймиз, яшаймиз ва дам оламиз. Шовқин мегаполислар – катта шаҳарларнинг жиддий муаммоларига айланган. У нафақат инсон организмига салбий таъсир қилади, балки фауна ва флорага ҳам ўзининг зарарли оқибатларини етказади.

Катта шовқин таъсирида инсоннинг асаб тизими зўриқади, эшитиш қобилияти пасаяди, баъзиларнинг қон босими кўтарилса, баъзиларнинг ҳаттоки ошқозон-ичак тизими ишдан чиқади. Шовқин даражаси 140 ДБ дан ошса, инсон соғлиғи учун хавфли ҳисобланиши олимлар томонидан аниқланган бўлиб, бундай шароитда ишлаш умуман тақиқланади.

Шовқиннинг ишлаб чиқаришда ҳам, аҳоли яшаш жойларида ҳам инсон организмига зарарли таъсир кўрсатишини олдини олиш ва унинг даражаларини пасайтириш аниқ белгиланган чора-тадбирларни ишлаб чиқишни тақозо этди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  “Турар жойларда, жамоат биноларида, аҳоли яшаш ҳудудларида ва дам олиш зоналарида рухсат этилган шовқин даражасининг санитария қоидалари ва меъёрлари” қарори қабул қилинди.

Техникавий шартлари O’z DSt 0008-20 бўлган ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 29 декабрда 5-сонли рақам билан ҳисобга олинди.

Мазкур қарор санитария нормалари ва меъёрларидан иборат бўлиб, улар аҳоли турар жойларида, жамоат биноларида, аҳоли яшайдиган худудларда ташқи ва ички манбалардан ҳосил бўладиган шовқиннинг рухсат этилган даражаларини, шунингдек текширилаётган объектда шовқин даражасини ўлчаш, унинг услублари ва уни гигиеник баҳолашга бўлган умумий талабларни белгилаб беради. Лекин шу тарафини ҳам инобатга олиш керакки, ушбу нормалар махсус биноларда (радио, телестудиялар, театр ва кинотеатр заллари, концерт ва спорт заллари), шунингдек, аҳоли яшаш ҳудудларида самолёт ва вертолётлар парвози вақтида, учганда, қўнганда ва аэропортда двигателларни синаб кўрганда чиқадиган шовқинларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Аҳамиятли тарафи шундаки, ушбу қарорда ўлчов ва меъёрлаштириш бирликлари батафсил жадвал кўринишда келтирилган бўлиб, ҳаттоки ёпиқ концерт заллари, дискотека ва тунги клублар, ресторан, кафе, барлар ва бошқа умумий овқатланиш шахобчалари, очиқ жойлардаги концерт ва рақс майдонлари, истироҳат боғлари, боғлар ва дам олиш зоналарида товушни кучайтирувчи ва товуш чиқарувчи қурилмалар жойлаштирилганда товушнинг эквивалент даражалари келтириб ўтилган.

Товуш чиқарувчи қурилмалар истироҳат боғлари, боғлар ва дам олиш зоналарининг очиқ концерт ва рақс майдонларида жойлаштирилганда товуш чиқарувчи қурилмалар колонкаларини турар жой биноларига қарама-қарши томонга ўрнатиш, турар жойларда шовқин даражасини камайтириш учун шовқиндан ҳимоя қилиш бўйича ҳисобланган чора-тадбирлар мажмуи ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилади, чунки аҳоли турар жойлари тадбирлар ўтказилаётган жойга яқин жойлашган бўлиши мумкин.

Инженер-техник чора-тадбирлар (товушни изоляция қилиш, биноларни акустик жиҳатдан оқилона лойиҳалаштириш, вентиляция ва кондиционерлаш тармоқларида шовқинни пасайтиришни жорий этиш, хоналарга акустик ишлов бериш) ва назарий ҳисобга кўра, 2.01.08-96-сон «Шовқиндан ҳимоя» ҚМКга мувофиқ, объектларда шовқинни камайтириш бўйича шовқинни ҳимояловчи махсус экранлар ўрнатиш ва дарахтзорлар ташкил этиш бўйича амалга оширилиши кўзланган.

Айниқса халқимизга урф бўлган ҳолат – концерт, тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда товуш чиқарувчи ва товушни кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланилганда ансамбллар ва бошқа гуруҳлар мусиқа асбобларининг товуш даражаларини ушбу тадбир ўтказилаётган объектларда (ресторан, кафе, тантана уйлари ёки аҳоли яшаш (маҳаллалар) ҳудудлари) кундузи ва тунги вақтлар учун рухсат этилган даражалардан ошиб кетади. Бунга энди узил-кесил нуқта қўйилди. Эндиликда концертларда, тўйларда, юбилейларда ва бошқа танталарда овозни такрорлайдиган ва овозни кучайтирадиган асбоблардан фойдаланилганда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслик кераклиги қатъий белгиланди.

Р. САЪДУЛЛАЕВ,  “Мадад” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг Миробод  тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси                    

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.