Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг таҳлили, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими

0
624
марта кўрилган.

Сўнгги йилларда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклигини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилиб, уларнинг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

 “Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг таҳлили, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусидаги семинар-тренинг  “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан  ўтказилди.

Тадбирда вазирликлар, идора ва ташкилотлар, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинар-тренингда ФЖШМҚМИ директори  Р.Камилов, сўзга чиқиб жорий йилнинг  апрель ойида ФЖШМҚМИ томонидан 21 та вазирлик, 11 та давлат қўмитаси ва 8 та агентлик ҳамда махаллий ҳокимият органларида Жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш ҳолати бўйича мониторинг ишлари олиб борилганлиги хақида батафсил тўхталиб ўтди. 

Мониторинг натижаларига кўра, бир қатор давлат органлари ҳузурида уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш механизмлари йўлга қўйилмаган. Хусусан, баъзи ташкилотларда Жамоатчилик кенгашини шаккллантириш жараёни бошланғич босқичда, баъзиларида бу жараённи йўлга қўйиш борасида бирор-бир амалий иш қилинмаган, қолаверса аксарият давлат органлари ва маҳаллий хокимликлар мониторинг жараёнида жамоатчилик кенгашлари фаолияти юзасидан зарур маълумотларни тақдим этмаганлиги қайд этилди. Шунингдек, бир қатор органлар ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари томонидан тасдиқланган иш режада белгиланган йиғилишлар ва тадбирлар ўтказилмаганлиги, ўтказилган тадбирларнинг аксарияти эса ташкилий-маърифий аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Шу билан бирга бир қатор вазирликлар, қўмиталар ва агентликларнинг расмий веб-сайтлари таҳлил этилганда, уларда жойлаштирилган маълумотлар Кенгашнинг муҳим масалалари бўйича фаолияти юзасидан жамоатчиликни ахборот билан таъминлашда камчиликларга эга эканлиги айтиб ўтилди.

Ўтган 2018 йилда амалга оширилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти мониторинги билан таққослаш натижалари таҳлилига кўра, деярли ўзгаришлар бўлмагани, маълумотлар етарли эмаслиги, ёки умуман йўқлиги,  давлат органлари веб-сайтлари иши самарадорлиги пастлиги таъкидланди. Маърузачи ўз сўзида, жойларда ушбу соҳада самарадорликка эришишда тўсиқ бўлиб турган ҳолатлардан бири давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида услубий кўрсатмалар ва амалий механизмларнинг мавжуд эмаслиги, бунинг натижасида амалга оширилаётган тадбирлар юзаки ва умумий характерга эга бўлиб қолмоқда деб таъкидлади.

Сўз якунида Р.Камилов, мониторинг натижалари бўйича келтирилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклиф ва тавсияларни бериб ўтди.

Тадбир сўнгида, давлат ташкилотлари ва ФЖШМҚМИ ўртасида Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро хамкорликни йўлга қўйиш масалалари бўйича келишиб олинди. 

Семинар-тренинг иштирокчилар учун мулоқот шаклида ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлик муносабатларини янада мустахкамланишига хизмат қилди.

Ҳаётхон ҚЎЧҚОРОВА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.