Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маслаҳат Кенгаши томонидан «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида бўлиб ўтди.
Маслаҳат кенгаши, Парламент комиссияси, Фуқаролик жамиятии ривожлантириш маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, “Маърифат тарғиботчилари” жамияти ташкил этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маслаҳат Кенгаши аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари қатнашди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бизнинг асосий ва стратегик вазифамиз бу демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш ва бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш йўлидан оғишмай, изчил ва қатъият билан боришдир. Фуқаролик жамиятининг интеллектуал салоҳиятини таъминлаш ва муттасил юксалтириб боришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва турли фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти катта ҳисобланади.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг мустақиллиги таъминланган, уларнинг фаолиятини моддий ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашнинг пухта қонунчилик базаси – миллий инфратузилма яратилган. Бу эса ижтимоий ҳаётни демократлаштириш, давлат қурилиши, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва рағбатлантириш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазифасини бажаришда ННТ позициясини мустаҳкамламоқда. Фуқаролик жамияти институтлари фаолияти одамлар онгида демократик қадриятлар ва қоидаларни мустаҳкамлаш, аҳолида сиёсий, ҳуқуқий маданият, маънавият, фуқаролик фаоллиги, миллий ўзликни юксалтиришга таъсир кўрсатиш, шахсда ўз қадр-қиммати, мустақил фикрлаш, келажакни ўз қўллари билан бунёд этишга бўлган масъулият ҳамда хоҳиш-истакни юзага чиқаришга қаратилган.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Рустам Қосимов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва турли фуқаролик жамияти институтлари сонининг барқарор ўсиш тенденцияси кузатилаётгани, бугунги кунга келиб уларнинг сони 10 600 тадан ошганлигини таъкидлади.
2018 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Ўтган йили у ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг вакилларига биринчи марта берилган эди.
Бу йил эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари томонидан 2500 га яқин номзодлар ичидан энг муносиблари саралаб олинди ва Маслаҳат кенгашига тақдим қилинди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг энг фаол 49 нафари “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонига муносиб деб топилиб, тантанали равишда тақдирландилар.
Тантанали тақдирлаш маросими пойтахтда бўлиб ўтгани ва унда нодавлат нотижорат ташкилотларининг минтақавий вакиллари иштирок этгани алоҳида эътиборга ва аҳамиятга эга бўлди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши раҳбари Акмал Саидов ўз сўзида нодавлат нотижорат ташкилотларининг турли ташкилий-ҳуқуқий шаклларини ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи инфратузилма самарали фаолият кўрсатаётгани, хусусан, Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, шунингдек, Парламент маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси муносиб фаолият кўрсатаётганини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь ва 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга мурожатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг долзарблиги ошаётганини таъкидладилар.
Топширилган кўкрак нишонлари нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг тараққиётини янада мустаҳкамлашга ва уларни Ватан равнақи, эл фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилишга ундайди.
Тантанали тадбир санъаткорлар ва ижодкор ёшлар иштирокида концерт дастурини намойиш этиш билан якунланди.
Ҳаётхон ҚЎЧҚАРОВА,
ФЖШМҚМИ Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси
Фарход АБДУРАСУЛОВ олган суратлар