Жамиятда нодавлат секторининг роли қандай?

0
250
марта кўрилган.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясида ҳамкорлик, аъзолар сафини кенгайтириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни  ЎзННТМА  Кенгаши раиси Н. Алимов қисқача кириш сўзи билан очиб, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятини шакллантиришда, демократияни қарор топтиришда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда жуда муҳим бунёдкорлик ролини ўйнаётганлиги, бу йилги сайловлар жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишгани, жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилгани  ҳақида гапирди. ННТ ташкилотларини аъзоликка жалб этиш, улар билан ҳамкорликни кучайтириш, волонтёрлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини  таъкидлади.

Тадбирда  Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” марказига  аъзолик гувоҳномаси топширилди. Шу муносабат билан табирда сўзга чиққан марказ бошқаруви раиси, Республикада хизмат кўрсатган журналист Р. Зарипова марказ томонидан  амалга оширган лойиҳалар ва марказ муассислигидаги  gujum.uz  электрон газета фаолияти билан таништирди. Жорий йилда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси жамоаси билан ҳамкорликда амалга оширишни кўзлаётган  режалари, лойиҳалари ҳақида гапириб берди. 

Ўзбекистондаги ислоҳотлар дунё ҳамжамияти эътиборида экани, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, хусусан, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган ЎзННТМА Кенгаши раиси ўринбосари  Феруза Муҳаммаджонова шундай деди:

«Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ижтимоий тараққиётда нодавлат секторининг аҳамиятини яққол кўрсатмоқда. Яқинда бўлиб ўтган сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатларнинг 21 нафари ёки 14 фоизи жамоатчилик ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари эканлигини ҳам нодавлат секторининг роли кўрсатиб турибди».

Кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси  ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Д. Бекчанова қатнашиб, ўтган йил қабул қилинган “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори мазкур тармоқни ривожлантиришда салмоқли қадамлардан бири бўлганлиги ҳақида  гапирди.

–Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан фуқаролик жамияти институтлари билан бир қаторда ҳар бир фуқаро мамлакатимизда сўнгги йилда амалга оширилаётган демократик янгиланишларда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу авваламбор, фуқароларнинг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали таклиф ва мулоҳазалари билан бир қаторда танқидий фикрларини баралла билдираётганликларида ҳам кўринади. Бу эса ўз навбатида, президентимиз таъбири билан айтганда, “давлат органларининг халққа хизмат қилишига” омил бўлиб хизмат қилмоқда – деди Д. Бекчанова. 

Сўзга чиқанлар  фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича юритилаётган сиёсатнинг асосий мақсади – инсонларнинг шу жамиятда муносиб ҳаёт кечиришини, барча ҳаётий орзу-мақсадларини  амалга оширилишини таъминлашдан иборатлигини таъкидлашди.

Р. Сапаева

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.