Кўкрак нишонлари топширилди​

0
262
марта кўрилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра 2018 йил 14 ноябрь куни «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилди. 
 
Шу муносабат билан республика нодавлат нотижорат ташкилотларида фаолият кўрсатаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари томонидан 2500 га яқин номзоддан энг муносиблари саралаб олинди ва Маслаҳат кенгашига тақдим этилди. 
 
 Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинлари вакилларининг энг фаол 49 нафари фуқаролик жамияти шаклланиши ва ривожланишида эришган ютуқлари «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонига муносиб топилди.
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши раҳбари Акмал Саидов мамлакатимизда кечаётган шиддатли ислоҳотлар жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. 
 
– Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ривожига бўлган эътибор ғоят кучли, – деди Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева. – Бунда тегишли фармонлар муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши ташкил этилгани, миллий қонунчилигимиз бу борада доимий такомиллашиб бораётгани аҳамиятлидир. «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилгани диққатга сазовор. Жамоамизнинг фаолияти аҳолининг ҳуқуқий, сиёсий маданиятини юксалтиришга қаратилгандир.
 
– Юртимизда ННТларнинг илғор ташаббуслари доимий қўллаб-қувватланмоқда, – деди Ўзбекистон корейс миллий маданий марказлари ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Виталий Ким. – Кечаётган шиддатли ислоҳотлар фуқаролик жамияти институтининг турли бўғинлари фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Ижтимоий шерикчилик, жамоат назоратига оид амалий чора-тадбирлар тобора фаоллашмоқда. Фуқаролик жамияти ривожига бўлган бундай эътибор катта масъулият, ишга профессионал ёндашув, катта билимни ҳам талаб этмоқда.
 
«Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди. Айни пайтда бир гуруҳ фаол нодавлат нотижорат ташкилотларига сертификатлар тақдим этилди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди. 
 
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Рустам Қосимов сўзга чиқди. 

Н.УСМОНОВА​, Ф.АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.