“Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳуқуқий маслаҳат бюролари билан танишмисиз?

0
250
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги муассислигидаги аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатадиган  “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ўтган йили май ойида ташкил этилди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ADVICE.UZ  ҳуқуқий ахборот портали ҳам ишга туширилган бўлиб, “Мадад” ННТ унинг доимий ишлашини таъминлайди ва такомиллаштириб боради. Бироқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида  интернетдан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас.

Шунинг учун 2019 йил ноябрь ойидан “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида босқичма босқич ҳуқуқий маслаҳат бюролари йўлга қўйилди. Бу эса  элга хизматнинг янада самарали бўлишини таъминламоқда. Кимдир интернет орқали маслаҳат олшни хоҳласа, кимдир юзма юз гапиришишни маъқул кўради. Бу иккала усул ҳам халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш мақсадида фаолият юритяпти

 Масалан, мен фаолият олиб бораётган Тошкент шаҳар Миробод туманида  июль ойининг шу кунигача 112 та ҳуқуқий мурожаат келиб тушди. Мурожаатчиларнинг 75таси эркаклар, 37 таси аёллардир. Мурожаатларнинг 17 таси  ижтимоий ҳимоя (моддий ёрдам, пенсия, нафақа) масалаларига, 15 таси  оилавий муносабатларга дахлдордир. Энг кўп савол ва мурожаатлар суд-ҳуқуқ масалаларига оид бўлиб,  у 22 тани ташкил қилади. Шунингдек, уй-жой ва коммунал хизматга оид мурожаатлар ҳам тез-тез бўлиб туради. Шу ойнинг ўтган даврида ушбу масалада 15 та мурожаат бўлди. Таълим, транспорт, тадбиркорлик ва фуқаролик яъни миграция масалалари бўйича ҳам 7-10 нафар мурожаатчини қабул қилдик. Энг кам мурожаатлар солиқ масалалари бўйича бўлиб, биттагинани ташкил қилади.

Бу энди биргина мен ишлайдиган  Миробод тумани бўйича далиллар. Энди уларни республикамиз бўйича тассавур қилишингиз мумкин. Бу эса халқимизнинг “Элга хизмат – олий ҳиммат” деган нақлини эслатади.

Фуқаролардан мунтазам равишда келиб тушаётган савол ва мурожаатлар таҳлил қилиниб, қайси сохада камчиликлар мавжудлигини ва амалдаги қонунларнинг ишламаётган моддаларини, қонунларнинг бўш жойларини, мутахассисларнинг диққатини қаратиш лозим бўлган масалаларни аниқлаштириш мумкин. Шунингдек, долзарб саволларга чуқур эътибор берилса амалдаги қонунчиликни, қонун ости ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам тайёрлаш мумкин бўлади.

Аввола шуни таъкидлаш керак-ки, масъуллар ва халқимиз Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларини яхшилаб ўрганиши керак. Айниқса, масъуллар Конституцияга ва қонунларга сўзсиз амал қилишлари шарт! Шунда ҳозирги пайтдаги тушунарсиз ҳодисалар бўлмайди. Икки томонлама баҳс ва можароларда ким айбдор ёки айбсизлиги қонунларда аниқ белгилаб қўйилган.  Фақат уни ўрганиш ва қонун орқали баҳо бериш керак, ҳалос. Масалан, енгил автомашинани кредитга олаётган фуқаролар маслаҳат сўраб келишди. Мурожаатчи машинани яхши тушинар экан. Шартномада белгиланган баъзи нарсалар қўйилмаганлигини, эҳтиёт қисмлар ҳам  талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.  Хуллас, бизга масъулларимизнинг эҳтиёт қисмларни тежаш мақсадида яратган можароси қизиқ эмас. Бизга уларнинг Конституцияга ва қонунларга тўлиқ риоя қилмаётгани ажаблантирди. Масъуллар қоунларни ҳурмат қилсагина жамиятда тартиб бўлади! Қонун ва қонун ости ҳужжатларида белгиланган тартибни сақлаш керак!

Айни кунларда халқимиз қийин вазиятни бошидан кечирмоқда, коронавирус балоси нафақат одамлар саломатлигига, балки иқтисодиётимизга салбий таъсирини кўрсатмоқда.  Айрим хизматчиларнинг, масъулларнинг бир-бири билан жанжалларисиз ҳам ватанимизда ечими кутилаётган муаммолар жуда кўп! Хуллас, ушбу мурожаатлар орқали қонун нормаларида белгиланган қоида ва тартибларни очиқчасига бажармаган ёки бажаришни истамаган ёхуд бу қоидалар борлигини амалда билмаган шахсларнинг савияси қандай даражада эканлигини кўрсатади.

Жиноят кодексида “Мансабга совуққонлик билан қараш” номли  207 – модда бор. Унда “Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса” мансабдор жиноий жавобгарликка тортилиши кўрсатилган.

Шунингдек, 200 ва 500 сўмлик банкноталарнинг мазкур йил 1 июлдан муомаладан чиқарилиши бир қатор фуқароларга ноқулайлик туғдиргани ҳақида ҳам мурожаатлар бўлди. Маълумки, Адлия вазирлигида 2018 йил 19 майда 3014-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек, 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкноталарини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан 1997 йил намунасидаги 200 ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкноталар шу йилнинг 1 июлидан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотди. Бироқ, аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатда 200 ва 500 сўмлик банкноталарни савдо ва хизмат кўрсатишда қабул қилинмаётганлиги уларга қийинчилик туғдираётганлиги билдирилмоқда. Аҳоли ўз эътирозларида хизмат ёки меҳнат орқали эга бўлган моддий қийматга эга маблағларининг ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаб туфайли моддий қийматини йўқотганлиги ва тўлов сифатида қабул қилинмаётганлигидан норози эканликларини билдиришмоқда. Бу айниқса, мамлакатнинг олис ҳудудларда банк ҳамда йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари бўлмаган жойларда кузатилмоқда. Лекин уларнинг яқинлари пойтахтдан  ёрдам кутмоқда.

Шу муносабат билан Марказий банк мутасаддилари билан боғланиб аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 1997 йил намунасидаги 200 ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкноталарни муомаладан табиий йўл билан чиқиб кетиши учун унинг қонуний тўлов воситаси сифатида қўйилган кучини йўқотиш муддатини бекор қилиш ва муомала вақтини муддатсиз этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш ҳақида таклиф тайёрламоқчи эдик. Бу ҳақида Марказий банк раиси М.Б.Нурмуратовга депутат номидан тегишли сўров хати келганини ижтимоий тармоқларда ҳам ўқидик. Умид қиламизки, Марказий банк кўплаб фуқароларни безовта қилаётган масалани ижобий ҳал этади.  Албатта, бу муносабатлар иккала томон учун ҳам фойдали бўлиб, мамлакатимиз Президентининг талабларига – жамоатчилик назоратининг самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшади, нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳамиятини ҳам оширади.

Равшан САЪДУЛЛАЕВ, Тошкент шаҳар Миробод туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.