Бугун пойтахтнинг «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги” мавзусида Миллий форум бўлиб ўтди.
Унда қатор давлат ташкилотлари, вазирлик, идора ва фуқаролик жамияти институти вакиллари, хусусан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ходимлари ҳамда zoom дастури орқали Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳудудий бўллимлари вакиллари, шунингдек халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида маслаҳатлашув ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш провард натижада ҳамкорликда инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун деган эзгу ғояни амалга ошириш Миллий форумнинг асосий мақсади этиб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, форум ишида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг долзарб аҳамияти, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилишда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлиги ҳамда фуқароларнинг экологик ва бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқлари каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилдики, бугунги кунда конституциявий ислоҳотларнинг “Инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётгани ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг ўз вақтида қабул қилингани ва мамлакат ривожланиши йўлида зарур қадам бўлганини кўрсатади.
Юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини ўзида акс эттирган мазкур Миллий стратегия мамлакатимиз Конституцияси ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган қатор халқаро шартномаларда белгилаб берилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида мувофиқлаштирувчи сиёсатнинг самарали воситасига айлана олди.
Ўтган давр мобайнида Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 60 банд (76%) бўйича ишлар бажарилди, 18 бандни (24%) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Миллий стратегияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг турли жиҳатларини тартибга солувчи 12 та кодекс ҳамда 33 та қонун ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш назарда тутилган. Бугунга қадар 2 та кодекс Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан кўриб чиқилмоқда.
Бошқа кодекслар лойиҳалари, жумладан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ҳам турли босқичларда муҳокама жараёнидан ўтказилмоқда. Қолаверса, 11 та қонун, 10 та фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, Миллий стратегия тадбирлари доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича 3 та халқаро шартнома ратификация қилинди.
Форум иштирокчиларнинг таъкидлашича, ўтган икки йил давомида Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишига эришилмоқда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизм яратилди, фуқаролик жамияти институтларининг фаол вакиллари, хусусан, ННТлар томонидан аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган туркум тарғибор тадбирлари натижасида уларнинг ҳуқуқий маданияти ошириш ҳолати яхшиланди ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.
Мазкур ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш мақсадида форум иштирокчилари томонидан Миллий стратегиядан келиб чиқиб, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш, қолаверса, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари ҳуқуқларини “ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш каби бир қатор муҳим масалалар юзасидан давлат ҳокимияти, бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги ва самарадорлигини мустаҳкамлаш, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда ННТларнинг ўрни ва ролини ошириш масалалари қизғин муҳокама этилди.
Миллий форум якунида муҳокама қилинган масалалар натижаси бўйича инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклигини янада кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланди.
Ушбу чора-тадбирлар мажмуи мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда фуқаролик жамияти институтларини янада фаоллигини оширишга, давлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, бу орқали юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида баратараф этишга, ва энг асосийси, инсон қадр-қимматини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Форумда Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан фуқаролик жамияти институтларининг бир гуруҳ фаоллари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтларининг жонкуярлари моддий рағбатлантирилди.
Бахтиёр МАШАРИПОВ, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси ўринбосари